Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилмоқда.
Биргина шу рақам мисолида ҳам янги Давлат дастурида мамлакатимиз қонун ижодкорлари ва ҳуқуқшунослари зиммасига нақадар салмоқли ҳамда қамровдор вазифалар юкланганини англаш мумкин.
Янги Ўзбекистон ва Конституция
Кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ғояси миллий ҳаракатга айланмоқда. Янги Ўзбекистон, деганда – сўнгги 8 йилда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида: сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, ҳуқуқий сиёсат, маданий-гуманитар ва ташқи сиёсат соҳаларидаги инқилобий ўзгаришлар тушунилади.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида Янги Ўзбекистонга конституциявий таъриф берилди. Асосий қонунимизга кўра, Янги Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлатдир.
Яъни, янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилаётгани, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланаётгани юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб берди. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
Янги таҳрирдаги Конституция талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари – 150 нафар, Сенат аъзолари – 65 нафардан иборат. Жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларига эса минглаб халқ ноиблари сайланади.
Эътибор қилинг: Қуйи палата депутатлари профессионал асосда қонун ижодкорлиги билан бевосита шуғулланиши ҳисобга олинса, уларнинг барчаси юридик маълумотга эга бўлиши тақозо этилади. Юқори палата аъзоларига ҳам қонунларни ўрганиш ва маъқуллаш, шунингдек, қонун ижроси юзасидан парламент назоратини амалга ошириш жараёнларида муайян юридик тайёргарлик зарур бўлади.
Бу ўринда суд ҳокимияти, адвокатура, прокуратура каби конституциявий институтлар таркибида қанчадан-қанча юрист мутахассислар ишлашини бир тасаввур қилинг. Ички ишлар, барча давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа фуқаролик жамияти институтлари, таълим даргоҳлари ва илмий муассасаларда ҳам кўплаб ҳуқуқшунос кадрлар ишлайди.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда юристларга эҳтиёж ва талаб жуда катта. Таклиф-чи?
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 22 та олий ўқув юртида ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрланмоқда.
Янги илмий-тадқиқот институтлари очилди. Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Парламент тадқиқотлар институти, Криминология институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Судьялар олий мактаби, бир қатор юридик техникумлар шу жумлага киради.
Давлат дастурининг хусусиятлари
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ташаббускори шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳар бир йилнинг номи билан боғлиқ шундай давлат дастурларини қабул қилиш ва бажариш анъанага айлангани жуда муҳим.
Давлат дастури – халқчил ҳужжат. Чунки:
биринчидан, у халқ муҳокамаси асносида келиб тушган кенг жамоатчилик фикри ва фуқароларнинг таклифлари ҳисобига янада бойитилди;
иккинчидан, хориждаги ватандошларимизнинг таклифлари эътиборга олинди;
учинчидан, чет эллардаги ваколатхоналаримизда АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Нидерландия, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларда улкан муваффақиятларга эришган ватандошлар иштирокида ташкил этилган кўплаб муҳокамаларида Давлат дастури лойиҳаси юзасидан амалий фикр-мулоҳазалар билдирилди;
тўртинчидан, жамоатчилик эшитувлари доирасида халқаро ҳамжамият намояндалари ва хорижий экспертлар илгари сурган муҳим тавсиялардан Давлат дастури лойиҳасини такомиллаштиришда унумли фойдаланилди;
бешинчидан, Давлат дастури лойиҳаси Интернет тармоғидаги uzbekistan2030.uz, regulation.gov.uz веб-сайтлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди;
олтинчидан, Давлат дастури лойиҳасини тайёрлашда илғор хорижий амалиёт ва халқаро тажриба ҳисобга олинди.
Яна бир муҳим жиҳат: Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнларида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни катта бўлди. Ўз навбатида, Дастур бандлари изчил, тўлиқ ва белгиланган вақтида ижро этилишида ҳам ушбу соҳа фаолларининг роли ва аҳамияти беқиёсдир. Нега деганда, фуқаролик жамияти институтлари бу борада: бир томондан, жамоатчилик назоратини; иккинчи томондан, жамоатчилик эшитувларини; учинчи томондан, жамоатчилик мониторингини амалга ошириш ваколатларига эга.
Масаланинг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқ соҳаларига алоқадор жиҳатлари борасида фикр юритганда, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 8 майдаги Фармонига асосан янги таҳрирдаги Конституцияни ҳаётга татбиқ этиш бўйича 14 та қонун қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Умуман олганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2024 йилнинг ўзида 127 та қонун қабул қилди ва 64 та қонунга ўзгартиришлар киритди, шунингдек, 20 та халқаро шартномани ратификация қилди.
Янада муҳими, миллий қонунчилик конституциявий янгиликларга асосан такомиллаштирилмоқда. Айни шу изчил ҳуқуқий жараёнда 5 йил давомида 130 дан ортиқ янги қонун ва кодекслар, янги таҳрирдаги қонунлар, қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинмоқда.
Бу кўлам ҳозирда мавжуд қонунларимиз ҳажмидан 1,5 карра кўпдир. Шу билан бирга, норма ижодкорлигининг янги шакли сифатида миллий стратегия ва концепциялар ишлаб чиқилмоқда. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон ҳуқуқшунослиги соҳаси жўшқин иш фаолиятига сафарбар этилганидан далолат беради.
Янги Ўзбекистон ва ҳуқуқшунослик фани вазифалари
Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳуқуқшунослик фани ва юридик таълим олдига долзарб вазифалар қўймоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, барча ислоҳотларнинг ҳуқуқий томони бор. Барча ислоҳотлар ҳуқуқий маконда амалга оширилади.
Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқшунослик фани олдидаги долзарб муаммоларни бир неча йўналишга ажратиб, талқин этиш мумкин.
Биринчи йўналиш: илмий-назарий ва тарихий-ҳуқуқий фанларнинг вазифалари. Бунда, аввало, Ўзбекистон миллий давлатчилиги ва ҳуқуқи тарихи хусусида тўхталиш ўринлидир. Конституциянинг “Муқаддима”сида “давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб” қабул қилинганлиги алоҳида таъкидланган.
Бу йўналишда собиқ СССР замонида таниқли ҳуқуқшунослар О.Эшонов, Ш.Ўразаев, Х.Саматова муаллифлигида 1969 йилда чоп этилган ўқув қўлланмасигина бор эди. Шунингдек, “ЎзССР давлати ва ҳуқуқи” номли 3 жилдлик китобдан фойдаланилган, холос.
Мустақиллик йилларида бу борадаги вазият ўзгарди. Хусусан, “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи”, “Хорижий мамлакатлар давлати ва ҳуқуқи тарихи”, “Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи”, “Рим ҳуқуқи”, “Мусулмон ҳуқуқи” бўйича ўқув қўлланмалари ва дарсликлар чоп этилди. Аммо ҳанузгача уч минг йиллик Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқини тўла акс эттирадиган фундаментал асар йўқ. Бинобарин, шундай монография яратиш давр тақозосидир.
Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи Марказий Осиё, қолаверса, жаҳон ҳуқуқий цивилизациясига муҳим ҳисса қўшган. Шундай экан, “Марказий Осиё давлати ва ҳуқуқи” номли дарслик-монография ёзиш ва нашр эттириш ҳам долзарб масалалардан бири, деб ҳисоблаймиз.
Бунда даврлаштириш принципига таяниш жиддий аҳамиятга эга. Содда қилиб айтганда, давлат ва ҳуқуқ мавзусини цивилизациявий ёндашув асосида ёритиш лозим. Чунки давлат ва ҳуқуқ – цивилизациявий воқеликдир.
Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихини даврлаштириш муаммосининг ечими нимада? Фикримизча, бунда ЮНЕСКО шафелигида тайёрланган ва чоп этилган “Марказий Осиё цивилизацияси тарихи” номли 6 жилдлик фундаментал тадқиқот каби эътирофга сазовор илмий-назарий асарларда қўлланилган даврлаштириш принципини ижодий ўзлаштирган мақбул.
Шу маънода, “Ўзбекистоннинг ҳуқуқий цивилизацияси тарихи” асарини яратиш вақти ҳам келди, деб ўйлаймиз. Бундай китоб барча ҳуқуқий фанлар вакиллари томонидан биргаликда тайёрланиши керак.
Бу борадаги яна бир муҳим вазифа шуки, Ўзбекистон ҳуқуқий ёдгорликларини йиғиш, таҳлил қилиш ва чоп этиш лозим. Ушбу масъулиятли ишларни бажаришда тарихшунослар ва археологлар билан яқин ҳамкорлик қилиш айни муддаодир.
Иккинчи йўналиш: конституциявий ҳуқуқ ва давлат ҳуқуқи фанларининг вазифалари. Ушбу йўналишда Янги Ўзбекистоннинг конституциявий тавсифини келтириш, Конституциянинг салоҳияти, мазмун-моҳияти ва янгиликларини очиб бериш зарур. Авваламбор, “Конституцияга шарҳлар” китобини тайёрлаш ишларини якунига етказиш ва уни тезроқ чоп этиш даркор.
Конституциямизни жаҳон тилларида, биринчи навбатда, БМТнинг расмий тилларида нашр этишни йўлга қўйиш керак. Энг асосийси, “Дунё конституциявий харитасида Ўзбекистон Конституциясининг ўрни қандай?”, деган саволга илмий-назарий асосда жавоб беришимиз даркор.
Бунинг учун, назаримизда, давлат ҳуқуқи фанлари вакилларининг илмий фаолиятини мувофиқлаштириш тақозо этилади. Бу ўринда, албатта, конституциявий ҳуқуқ, маъмурий ҳуқуқ, парламент ҳуқуқи фанлари мутахассислари кўзда тутилмоқда.
Учинчи йўналиш: фуқаролик-ҳуқуқий фанларнинг вазифалари. Фуқаролик ҳуқуқидан янги ҳуқуқ институтлари ва соҳалари ажралиб чиқмоқда. Ҳуқуқий тартибга солиш кўлами кенгайиши, зинҳор-базинҳор, фуқаролик ҳуқуқининг яхлит тизимини бузмаслиги керак, деб ўйлаймиз.
Фуқаролик ҳуқуқининг асосини Фуқаролик кодекси ташкил этади. Янги таҳрирдаги Конституциямиз мезонлари негизида ушбу Кодексни Фуқаролик-процессуал кодексни қайта яратиш юрист-олимларнинг энг устувор вазифасидир.
Тўртинчи йўналиш: жиноий-ҳуқуқий фанларнинг вазифалари. Мазкур фанларнинг асоси Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекс ва Жиноят-ижроия кодексдан иборат. Ушбу кодексларнинг янги лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти очилгани айни йўналишдаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Ўз навбатида, профилактика ва жиноятчиликнинг олдини олиш – устувор вазифадир.
Бешинчи йўналиш: аграр ва экология ҳуқуқи фанларининг вазифалари. Давлат дастурлари ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясида сув ҳуқуқи, ер ҳуқуқи, экология ҳуқуқи фанлари олдига кўп вазифалар қўйилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, мазкур ҳуқуқ соҳаларидаги кодекслаштириш жараёнини давом эттиришни талаб қилади.
Олтинчи йўналиш: халқаро ҳуқуқ фанларининг вазифалари. Мустақиллик йилларида ўзбек халқаро ҳуқуқ мактаби шаклланди. Ушбу йўналишда бир қанча докторлик ва номзодлик диссертациялари ёқланди. Айни йўналишга оид долзарб муаммолар Ўзбекистоннинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Ҳозирги вақтда Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси, “Дипломатик хизмат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” номли китоб чоп этилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши билан боғлиқ муҳим воқеликлар халқаро ҳуқуқ мутахассислари олдига бир қатор амалий вазифаларни қўймоқда.
Еттинчи йўналиш: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазифалар. Ўзбекистон бу борада етакчи мавқени эгаллаб келмоқда. Ҳозирги кунда “Инсон ҳуқуқлари” мутахассислиги бўйича ягона Илмий кенгаш фаолият юритмоқда. Магистратура босқичи, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимида мутахассислар тайёрланмоқда. Давлат дастурида 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича узоқ муддатли миллий стратегияни тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш вазифаси белгилаб берилган. Айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда ушбу вазифани бажаришга киришди.
Юридик фанлар истиқболига назар
Биринчи хулоса. Бугунги ҳаётимизнинг жўшқин ва шиддатли суръатлари шуни кўрсатмоқдаки, юридик фан юридик амалиётдан ортда қолмоқда. Қонун ижодкорлиги фаолиятида юридик фаннинг таъсири ва роли етарлича сезилмаяпти. Қонунлар ва кодексларнинг концепцияларини тайёрлашда олимлар иштироки кам, уларнинг илмий ишланмалари деярли йўқ.
Иккинчи хулоса. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида кўрсатилган “Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепцияси” ҳалигача ишлаб чиқилмади. Қонун ижодкорлиги соҳасида кодекслаштириш ишлари етарлича олиб борилмаяпти. Ахборот кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Тадбиркорлик кодекси, Соғлиқни сақлаш кодекси, Таълим кодекси, Адвокатура кодекси ва шу каби бошқа бир қатор кодексларни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш ишлари суст бормоқда.
Учинчи хулоса. Илмий тадқиқотларни олиб боришда мувофиқлаштириш ишлари изчил эмас. Турли ўқув юртлари ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни етарли даражада, деб бўлмайди.
Тўртинчи хулоса. Ҳуқуқшунос илмий кадрларни тайёрлашда тизимлилик етишмаяпти. Вилоятлар марказларидаги олий ўқув юртларида бўлажак юрист-талабаларга сабоқ бераётган мутахассисларнинг даражаси ва малакаси, савияси ва кўникмаси билан боғлиқ саволлар кўп.
Шу муносабат билан айрим амалий таклифларни илгари суришга жазм этдик.
Биринчи таклиф. Соҳада мувофиқлаштириш ишларини янги давр талабларидан келиб чиқиб ташкиллаштириш лозим. Хусусан, етти йўналишда қилинган ишларни инвентаризациядан ўтказиш фурсати етди.
Ҳар бир йўналиш раҳбари ўз соҳасидаги фанларнинг аҳволи, камчиликлар ва истиқболдаги режалар бўйича йиғилишлар ўтказиши мақсадга мувофиқ. Ҳар қайси йўналиш бўйича бир ой ичида мувофиқлаштирувчи йиғилишларни ўтказиш, иш режаларини қабул қилиш, диссертацияларни таҳлил этиш, илмий ишларда билдирилган таклифлар ҳаётга қанчалик татбиқ этилаётганини ўрганиш тақозо этилади.
Парламент тадқиқотлар институти ушбу маълумотларнинг барчасини умумлаштириши керак.
Иккинчи таклиф. Илмий экспертиза ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарур.
Учинчи таклиф. Янги авлод дарсликларини яратиш, янги дастурлар ишлаб чиқиш даркор. Бу ишларнинг бошида Тошкент давлат юридик университети тургани мақсадга мувофиқ.
Тўртинчи таклиф. Илмий даражалар, яъни PhD ва DS бўйича ҳар бир мутахассисликка оид намунавий мавзулар ишлаб чиқиш лозим.
Бешинчи таклиф. Ҳар йили чоп этилаётган юридик адабиётлар библиографиясини тузиш керак.
Олтинчи таклиф. Янги юридик асарларнинг тақдимотини мунтазам ўтказишни анъанага айлантириш мақсадга мувофиқ.
Еттинчи таклиф. Етти йўналиш бўйича йилига бир марта анжуман ўтказишни йўлга қўйиш лозим. Бунда ҳар йили юбилейлари ўтказиладиган ҳуқуқшунос устозларимизнинг рўйхати олдиндан тузилса қулай бўлиши тайин. Масалан, цивилистика йўналиши масъуллари академик Ҳ.Раҳмонқуловнинг 100 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказишни режалаштирган.
Саккизинчи таклиф. Машҳур ҳуқуқшунос олимларга бағишланган анъанавий юридик ўқишлар ташкил этилса ўринли бўларди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон юристлари қурултойини чақириш, Ўзбекистон юристлари уюшмасини тузиш, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ ассоциацияси фаолиятини жонлантириш лозим. Айни ташкилий тадбирлар ҳам бевосита бугунги давр тақозосидир.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз ҳаётининг бошқа соҳалари қатори ушбу жабҳа ҳам давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида турибди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳани ривожлантиришга қаратилган, жумладан, Тошкент давлат юридик университети фаолиятига оид ҳамда ҳуқуқий ислоҳотларга тааллуқли бир қатор фармон ва қарорлари бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Айни чоғда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури талабларидан келиб чиқилса, бу борада янги, янада таъсирчан амалий қадамлар кутимоқда.
Акмал САИДОВ,
академик
Куч – адолатда» газетасининг 2025 йил 21 февраль кунги 8 (1038)-сони
- Қўшилди: 21.02.2025
- Кўришлар: 224
- Чоп этиш