Коррупцияга қарши кураш, инсон ҳуқуқлари ва очиқлик сиёсати

“Биз очиқлик сиёсатини, сўз эркинлиги ғояларини ҳаётга татбиқ этишда ҳамиша қатъий бўламиз”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида шундай деб таъкидлади.

Йиғилишда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича бажарилган ишларга баҳо берилиб, келгуси вазифалар белгиланди. Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани қайд этилди.  

Илгари ушбу мавзу журналистлар учун мутлақо ёпиқ эди. Ҳозирги вақтда мавжуд ҳолат очиқлик ва шаффофлик томонга бутунлай ўзгарди. Очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги мамлакатимизнинг ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилди.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилди, алоҳида қонунлар қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз юксак лавозимига киришганидан сўнг имзолаган дастлабки қонунлардан бири айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун экани ҳам бу фикрнинг яққол тасдиғидир.

Айни чоғда, академик Акмал Саидов қайд этганидек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий адолатни қарор топтиришда оғир жиноятлардан бири бўлмиш коррупцияга қарши курашиш бутун дунёда долзарб масала бўлиб турибди. Коррупция чегара билмайди, ушбу даҳшатли иллатдан зарар кўрмаган мамлакат йўқ. Бу глобал ҳодиса жамиятни турли йўллар билан исканжага олади.

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлигига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари дахлсизлигига, демократик институтлар ва қадриятлар, этник  қадриятлар ва адолатга путур етказади. У жамият ҳаётининг барча жабҳаларига кириб, одоб-ахлоқ меъёрларини бузади, эркинлик ва демократия асосларига, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувига бўлган ишончига дарз туширади.

Мамлакатимиз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича саксондан зиёд асосий ҳужжатлари иштирокчиси ҳисобланади. Миллий қонунчиликка имплементация қилинган ушбу ҳужжатларнинг қоидалари инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишни кўзда тутади.

Халқаро ҳужжатларга мувофиқ, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши корпоратив жавобгарликнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади. Нега деганда, бугун хусусий секторнинг ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги ўрни тобора кучайиб бормоқда.

Сўнгги ўн йилликда геоиқтисодиётдаги бўҳронлар оқибатлари ҳам давлат, ҳам бизнес вакиллари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жавобгарликни оширди. Шунинг учун ҳам бу борада БМТнинг ишбилармон доиралар фаолиятининг асослари, инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган принциплари, меҳнат стандартларига риоя қилиш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларида кўплаб ҳужжатлари қабул қилинган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти, коррупцияга қарши курашиш борасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, соҳага оид қонунчиликни янада мукаммаллаштириш зарурлигига эътиборни қаратди. Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти-соати келгани яна бир бор уқтирилди.

Масъулларга тез фурсатда тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, жорий йил 1 апрелигача киритиш бўйича жиддий топшириқ берилди. Лойиҳада ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик масаласини акс эттиришни ҳам ўйлаш зарурлиги таъкидлангани бежиз эмас. Чунки бу масала нафақат миллий, балки халқаро-ҳуқуқий назардан ҳам жуда муҳим.

Гап шундаки, Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини ратификация қилган. Конвенциянинг 20-моддасида ҳар бир иштирокчи давлат, ўз Конституцияси ва ҳуқуқий тизимининг энг муҳим принципларида ноқонуний тарзда бойлик орттирилиши учун жавобгарлик масаласини кўриб чиқиши назарда тутилган.

Конвенцияга мувофиқ, ноқонуний тарзда бойлик орттирилиши деганда, мансабдор шахснинг активлари унинг қонуний даромадларидан оқилона асосланиб берила олмайдиган даражада ошиб кетиши тушунилади. Ушбу норма талабига кўра, давлат хизматчиси ўз даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши талаб этилади, агар буни асослаб беролмаса, жавобгар бўлади.

Бундай ҳақли ва қатъий ёндашув қадимги дунё донишмандларининг “Нимаики қонуний бўлса, у – адолатлидир”, деган ҳикматига мосу хосдир. Аслида, худди шу тариқа айнан қонун адолат манбаи ва мезони экани, қолаверса, қонун ҳаммага баробар ва қонун олдида ҳамма тенг эканлиги амалда намоён бўлади. Агар қонун бажарилмаса, яъни қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса, у ҳолда одамларнинг Конституция ва қонунларда муҳрлаб қўйилган адолат ва демократия нормаларига нисбатан ишончи йўқолади.

Бинобарин, жамиятимизда қонун устуворлиги тамойили таъминланаётгани турли салбий иллатлар, ҳуқуқбузарликлар, хусусан, коррупциянинг олдини олишда ҳуқуқий восита бўлиб хизмат қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти коррупцияга оид саводхонликни ташвиқот қилиш учун 9 декабрни “Коррупцияга қарши кураш халқаро куни” деб эълон қилган ва ушбу сана 2004 йилдан буён дунё миқёсида, шу жумладан, Ўзбекистонда нишонлаб келинади.

Эътибор беринг: айни шу санада, 2003 йил 9 декабрда коррупция инсон ҳуқуқларини бузишга, иқтисодиётни издан чиқаришга, башарият хавфсизлигига дахл қилувчи жиноятларга йўл очишини, шунинг учун мазкур жиноятга қарши курашиш долзарб аҳамиятга эга эканини инобатга олган ҳолда, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қабул қилинган. Мамлакатимиз ушбу Конвенцияни ратификация қилган.

 Яъни, 2008 йил 7 июлда “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракат дастурига қўшилган.

Коррупция давлатнинг иқтисодий ривожига тўсқинлик қилади. Мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва ҳуқуқ-тартибот тизимига зарар келтириб, миллий хавфсизлик учун таҳдид туғдиради. Шу боис бугунги кунда жаҳон миқёсида коррупцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда ҳар бир давлатнинг қонунчилигида порахўрлик ижтимоий хавфли қилмиш сифатида қораланади ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистонда ҳам фуқароларнинг ижтимоий адолатга нисбатан ишончини мустаҳкамлаш борасида халқаро ҳужжатлар ратификация қилиниб, миллий қонунчилик базаси тобора такомиллаштирилмоқда. Шу жумладан, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга қаратилган қонуний асослар яратиш доирасида коррупциядек оғир жиноятчиликни бартараф этиш учун таъсирчан ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кўрилмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, кейинги йилларда Олий Мажлис палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик ташкил қилинганини қайд этиш лозим. Ўзбекистон Президенти ушбу тузилмаларнинг фаолиятини танқидий таҳлил қилар экан, жумладан, парламент нодавлат ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиши мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Айтайлик, Коррупцияга қарши курашиш бўйича конвенция талабларини мониторинг қилишга нодавлат нотижорат ташкилотлари жалб қилинса, бундай халқчил назорат катта самара бериши тайин. 

Маълумки, мамлакатимизда турли давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида қилинаётган ишлар аниқ натижалар бермоқда. Бунда, аввало, коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, жамоатчилик назорати муҳим ўрин тутади. Юртимизда ушбу иллатга қарши курашда аҳолининг қонунлардан хабардорлигини оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик катта аҳамиятга эга.

Оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари фуқаролик назоратининг муҳим элементи ҳисобланади. Бу институтлар зиммасига фуқароларда жамиятимиз равнақи йўлидаги муаммолар, ғайриижтимоий ҳодисалар, жумладан, коррупцияга салбий муносабатни шакллантириш, унга қарши курашишда дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида катта масъулият юклатилган.

Шу маънода, журналистлар ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида коррупциянинг олдини олишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, коррупциянинг яширин механизмларини очиш, у билан боғлиқ ҳолатларни журналистик текширувлар ўтказиш орқали ошкор этиш зарур. Президентимиз ўз нутқида жамоатчилик фаоллари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига мурожаат қилгани замирида ҳам айни шу ҳақиқатлар мужассам.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак. Шу боис, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилишимиз зарур. Аввало, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш лозим. Бу – энг тўғри йўл”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech