ҲОЗИРГИ ЗАМОН ҚОНУН ИЖОДКОРЛИГИ: ҲОЛАТИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ

Давлат дастури ижроси доирасида 2025 йилда мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларига тааллуқли юзтадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Қонун ижодкорлигига оид ушбу вазифа Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилди.

Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий, адолатли қонунлар амал қиладиган, Конституция ва қонун устуворлиги таъминланган давлат. Президентимиз таъкидлаганидек, “Адолатли қонунлар ва қарорлар қабул қилиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш, амалга ошириш устидан самарали мониторинг ўрнатиш, барчанинг қонун олдида тенглигини таъминлаш каби тамойиллар аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимиздан кўзланган мақсадларга эришишнинг энг зарур шартидир”[1].

 

Президент қонун ижодкорлиги тўғрисида

 

Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Агар дунё мамлакатлари конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган бўлса, бу ҳуқуқларнинг 90 таси эндиликда мамлакатимизнинг Асосий қонунида мавжуд ва шу ҳуқуқлардан 40 таси янги конституциявий ҳуқуқлардир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”[2], деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Чунки Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 1-моддасида давлат қурилишининг стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг, биринчидан, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги; иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилиши; учинчидан, ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди.

Асосий қонунимизнинг “Конституция ва қонуннинг устунлиги” бобидаги 15-16-моддалар янги ва эски матнидаги нормаларни ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний эканлиги ўз тасдиғини топади. Янгиланган Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ:

“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”[3].

Конституциямизнинг 20-моддасига биноан: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат  органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”[4].

Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қамровдор саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу йўлдаги барча интилишларимиз БМТнинг ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Ҳеч кимни унутмаслик ва ортда қолдирмаслик” асосий тамойилига мувофиқдир.

Эътиборли жиҳати шундаки, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос равишда, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, адвокатура институтининг мавқеини кескин ошириш, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва адлия тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Мазкур Стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар қабул қилинди.

Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган ҳаётий тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш зарур. Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Биз кейинги вақтларда “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган эзгу тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаётий қоидага айлантириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз”[5].

Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида бошлаб юборилган қонун ижодкорлиги фаолияти сўнгги йилларда бу борада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар сиёсатининг мантиқий ва изчил давомидир.

  

Янги экологик қонунчиликни изчил ривожлантириш

 

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилинганидан кўзланган асосий мақсад Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш йўлида бошлаган ишларимизни янги, янада юксак босқичга кўтаришдан иборат. Шу муносабат билан жорий йилда:

· маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;

· аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;

· табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;

· ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;

· “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;

· республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш;

· иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энерготежамкор технологияларни кенг қўллаш орқали иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтириш;

· экологик барқарорликка йўналтирилган ҳудудлар ва тармоқлараро мувофиқлаштирувни таъминлаш мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари этиб белгиланди.

Бинобарин, 2025 йилда қабул қилиниши кўзда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти моҳиятан ана шу эзгу мақсад-муддаоларга ҳамоҳангдир.

Биринчидан. Давлат дастурининг 66-мақсади доирасида мамлакатимизда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган 2 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган.

Булардан бири – тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш, яшил ҳудудларни асраш, табиат ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ва исрофгарчиликка барҳам бериш мақсадида маъмурий жавобгарликни кескин кучайтириш бўйича қонун лойиҳасидир. Лойиҳада, биринчидан, тупроқ ва яшил қопламалар билан ўралган ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштириш ҳамда қурилма ва конструкцияларни ўрнатиш учун жавобгарликни белгилаш; иккинчидан, сув ресурсларидан  самарасиз фойдаланиш ва исрофгарчиликка йўл қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилади.

Кейингиси – "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси. Лойиҳа асосида юртимизда иссиқхона газлари ташламаларининг атроф табиий муҳитга ва иқлим ўзгаришига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган компенсация механизмлари жорий қилинади.

Иккинчидан. Давлат дастурининг 67-мақсадида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш доирасида "Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳужжат, бир томондан, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини реал вақт режимида аниқлаш, унинг экологик ҳолатини баҳолаш бўйича фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш; иккинчи томондан, атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир юзага келишини прогнозлаштириш ишларини қонун асосида йўлга қўйиш учун хизмат қилади.

Учинчидан. Давлат дастурининг 70-мақсадида иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш йўлида "Иқлим ўзгариши тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Лойиҳада иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш чоралари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни иқлим ўзгаришига мослаштириш тадбирларининг қонуний механизмлари мустаҳкамлаб қўйилади.

Тўртинчидан. Давлат дастурининг 71-мақсади доирасида биологик хилма-хиллик ишончли сақланишини таъминлашга қаратиладиган “Биологик хавфсизлик тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада, хусусан:

· давлат органларининг биологик хавфсизлик соҳасидаги ваколатларини белгилаш;

· биологик хавфсизликни кучайтириш;

· табиий туркумлар ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказиши мумкин бўлган бегона турларни олиб кириш ва тарқатиш устидан назорат қилиш;

· таркибида жонли модификациялаштирилган организмлар ва генетик модификациялаштирилган организмлар бўлган организмларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиб кириш, сотиш ва тарқатиш устидан назорат қилиш механизмлари назарда тутилади.

Бешинчидан. Давлат дастурининг 72-мақсадида атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт"га босқичма-босқич ўтиш тамойилларини инобатга олган ҳолда, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бунда, хусусан:

· ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун "Ифлослантирувчи тўлайди" тамойили асосида кенгайтирилган мажбуриятларни белгиловчи тизимни ташкил этиш;

· юридик ва жисмоний шахсларнинг махсус техникаларида қаттиқ маиший, қурилиш, суюқ маиший, тиббиёт, саноат, хавфли ва заҳарли чиқиндиларни ташишни лицензиялаш тизимини ташкил этиш;

· тиббиёт чиқиндиларини йиғиш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиб ташлаш тизимини ташкил этиш назарда тутилади.

Олтинчидан. Давлат дастурининг 73-мақсади доирасида атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни тозалаш масалалари бўйича тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш белгиланган.

  

Қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш

 

Давлат дастурининг 75-мақсади “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам "овозига" айлантириш”, деб номланган. Унинг ижроси доирасида маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари ўз партиясининг йўналишидан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда иштирок этишини йўлга қўйиш; шунингдек, маҳаллий кенгашларда ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари тасдиқланаётганда уларнинг лойиҳалари бўйича маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари фикрини ҳисобга олиш амалиётини жорий қилиш масалалари назарда тутилади.

Давлат дастурининг 79-мақсадида Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш белгиланган. Бу борада 4 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Биринчиси – Парламентда мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини янада кенгайтириш бўйича қонун лойиҳаси. Лойиҳада, хусусан:

· мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш;

· мухолифат вакилларининг 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқини кафолатлаш;

· қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг, шунингдек, Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

· ҳар чоракда "ҳукумат соати" ва парламент сўрови доирасида мухолифат томонидан камида биттадан масала киритиш каби нормалар кўзда тутилади.

Иккинчиси – Қонунчилик палатасига қонун лойиҳаларини киритишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда қонунлардаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришнинг аниқ тартибларини белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси. Мазкур қонун лойиҳасида қонун лойиҳаларини парламентга киритишда халқаро шартнома матнининг, ҳуқуқий экспертиза ҳамда коррупцияга қарши экспертиза ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларининг тақдим этилишини, шунингдек, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ташаббускор томонидан уни чақириб олишни белгилаш назарда тутилади.

Учинчиси – Парламент назорати натижаларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси. Қонун лойиҳаси билан "Парламент назорати тўғрисида"ги қонуннинг 21, 22-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади.

Тўртинчиси – Сенат қўмиталаридаги эшитув институти асосларини мустаҳкамлаш бўйича қонун лойиҳаси. Лойиҳада Сенат фаолиятида эшитув билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари халқаро тажриба ва хорижий давлатлар қонунчилиги асосида ўрганилиб, маъқулланган илғор тажриба асосида парламентга оид қонунчилик мувофиқлаштирилади.

Давлат дастурининг 82-мақсади халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирларни ўзида қамраган. Жумладан, қонун ижодкорлиги йўналишида  "Жисмоний ва юридик шахсларнинг  мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш орқали қонунчиликка "колл марказ", "ишонч телефони" каби тушунчаларни киритиш, бу тизимлар билан ишлаш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

 

Суд ҳокимияти мустақиллиги ва одил судлов

 

Давлат дастурининг 86-мақсади суд ҳокимияти мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишга оид чора-тадбирлардан иборат.  Ушбу мақсадга эришиш йўлида 4 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Биринчидан, "Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш талаб этилади. Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳудудий асосларини белгилаш мақсадига қаратилган ушбу қонун лойиҳасида:

·                   судьялар ҳамжамияти органларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиш, суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судьяларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан, кадрлар ва ресурслар билан таъминлаш ҳамда шу каби бошқа муҳим асосий вазифаларни юклаш;

·                   судьялар ҳамжамияти органларининг вазифалари, функциялари ва ваколатлари, уни шакллантириш, шу жумладан, ушбу органларга номзод кўрсатиш тартиби, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти механизмлари, ўзаро ва бошқа идоралар билан ҳамкорлик қилиш тартиби назарда тутилади.

Иккинчидан, судьялар мустақиллигини таъминлашда судьялар мақомининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳа судьянинг дахлсизлиги, судьянинг малакасини ошириш, судьяларнинг моддий ва ижтимоий кафолатлари, судьяни лавозимга тайинлаш ва озод этиш, судьянинг ваколатлари, судьяни бошқа лавозимга ўтказиш шартлари каби муҳим қоидаларни ўзида қамрайди.

Учинчидан,  суд тизимини молиялаштиришда суд ҳокимияти мустақиллигининг кафолатларини кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланади. Унда суд тизимини молиялаштириш учун маблағлар ажратиш ва тақсимлаш жараёнида судьялар ҳамжамиятининг иштирок этиши кафолатлаб қўйилиши кутилмоқда.

Тўртинчидан,  Олий Мажлис Сенатида Конституциявий суд ва Олий суд судьялигига, Судьялар олий кенгаши  аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинади. Лойиҳада Конституциявий суд ва Олий суд судьялигига, Судьялар олий кенгаши аъзолигига номзодларни Сенат томонидан сайлашда мазкур масалани дастлаб Сенат қўмиталари томонидан муҳокама қилиш тартибини жорий этиш масалалари назарда тутилади.

Давлат дастурининг 87-мақсади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтиришга оид чора-тадбирлардан иборат. Жумладан, "Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қушимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланади. Суд экспертизаси соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган ушбу лойиҳада:

· суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларини такомиллаштириш;

· нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг мақоми, уларга қўйиладиган талаблар, улар томонидан суд экспертизалари ва тадқиқотларини ўтказиш тартиб-таомилларини белгилаш;

· нодавлат суд-экспертлик фаолиятини методик таъминлаш ва тартибга солиш механизмини жорий этиш;

· жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан экспертлар томонидан мутахассис фикрини бериш;

· махсус ваколатли органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

· суд экспертлари томонидан қасамёд қабул қилиш ва касб- этика қоидаларини белгилаш;

· суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтларини жорий этишга оид муҳим нормалар ўз аксини топади.

 

Янги Ўзбекистон – хавфсиз ва тинчликсевар давлат

 

Давлатнинг хавфсизлиги ва барқарорлиги, мамлакатнинг тинчлиги-ю осойишталиги, халқнинг ободлиги ва бахтиёрлиги, шубҳасиз, кўплаб иқтисодий омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, 2025 йилги давлат дастурида буларнинг барчаси ҳисобга олингани ғоят эътиборлидир.

Хусусан, Давлат дастурининг 49-мақсади мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ва қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантиришга оид қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган. Бу борада янги таҳрирда қабул қилинадиган "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонунда:

биринчидан, махсус иқтисодий зоналар амалдаги иштирокчиларининг инвестиция шартномалари доирасидаги ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини сақлаб қолиш;

иккинчидан, ушбу иштирокчилар учун тенг инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини тақдим этиш;

учинчидан, суд низоларини кўриб чиқишда халқаро Арбитражга рухсат беришга оид нормалар кўзда тутилади.

Ўз навбатида, Давлат дастурининг 60-мақсади ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш даражасини яхшилашга оид чора-тадбирлардан иборат. Бу борада "Улуш киритиш асосида уй-жой қуриш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.

Айни қонун лойиҳасида уй-жойлар қуришга жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилишнинг замонавий механизмларини, жумладан, улуш киритиш асосида уй-жой қурилишида қатнашиш механизмларини жорий этиш, шу тартиб асосида фуқароларнинг кўп қаватли уй-жойлар қурилишида иштирокини таъминлашнинг қонуний асосларини яратиш, уй- жой қурилишида улуш киритиш асосида иштирок этиш шартлари ва тартибини, қурилиш ташкилотларига нисбатан махсус талабларни белгилашни назарда тутилади.

Биз санаб ўтган барча устувор йўналиш ва мақсадлар Давлат дастурининг 90-мақсадида белгиланган Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш вазифалари билан бевосита алоқадор. Шу мақсадда қабул қилинадиган "Дипломатия хизмат тўғрисида"ги қонун лойиҳасида, хусусан:

· дипломатия хизмати тушунчаси ва турлари, дипломатия хизмат вазифаси ва функциялари, ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

· дипломатия хизматига қабул қилиш, ротация тартиби ва дипломатия хизмати ходимларининг узоқ муддатли сафарда бўлиш муддатлари;

· дипломатия хизмати ходимларини касбий тайёрлаш ва уларнинг ммалакасини ошириш тартиби, ходимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш механизмлари;

· дипломатия хизмати кўрсатувчи шахслар мақоми, хорижий ҳамкорлар билан ишлаш механизми;

· дипломатия хизмати органларини молиявий ва моддий- техник таъминлаш механизмлари, ходимларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг ижтимоий таъминоти назарда тутилади.

Бундан ташқари, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини Жаҳон савдо ташкилотининг қоида, меъёр ва битимларига мослаштириш давр тақозосидир. Янада муҳими, Президентимиз “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” сиёсий асарида Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатини амалга оширишни қонун билан мустаҳкамлаш зарурлигига эътиборни қаратди.

Давлатимиз раҳбарининг уқтиришича, жумладан: “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясига асосан мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти, айниқса, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” ва “тинчликсевар ташқи сиёсат” тамойилларига мос равишда ривожлантиришга доир конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур”[6].

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, академик

«Ishonch» газетасининг 2025 йил 6 март кунги 29 (5093)-сони

 

[1] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024.– Б. 72.

[2] Ўша манба. – Б. 46.

[3] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. – Тошкент: “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази, 2023. – Б. 9.

[4] Ўша манба. – Б. 13.

[5] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 73.

[6] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024.– Б. 123.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech