Янги Ўзбекистон – фаол ва бахтли аёллар юрти

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Ҳаммамиз Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз.  Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. 

Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз хотин-қизларига қарата: Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз”, деб айтган самимий эътирофлари меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимизга чексиз фахр-ифтихор бағишламоқда. Шу юксак ишончни оқлаш йўлида Янги Ўзбекистоннинг шаҳдли ва бахтли хотин-қизлари оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечириш баробарида, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этишга астойдил интилмоқдалар.

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга мос ҳолда, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш, иззат-икромини жойига қўйиш борасида дадил одимлар  қўйилди. Зотан, аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш шарқона хислат, халқимизга хос хусусиятдир.

Муҳими, бу борадаги самарадор ишлар изчил давом эттирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 25-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашга доир муҳим чора-тадбирлар белгилангани айни фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Аввало, “Масъулиятли  ота-оналик”  лойиҳаси  ишлаб  чиқилгани катта эътиборга лойиқ. Нега деганда, инсонга одамийлик, яхши хулқ, таълим-тарбия ва умуман, ижобий хислатларни ўргатувчи мактаб оила ҳисобланади. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Демак, тарбия оиладан бошланади ва биринчи тарбиячи ота-онадир.

Давлат дастури доирасида, шунингдек, хотин-қизларни  меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бизнесини кенгайтириш истагидаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини  рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда. Хотин-қизларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, инновациялар борасидаги қизиқишларини ошириш, уларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига жалб этиш учун имкониятлар яратилмоқда.

Янги Ўзбекистон шароитида хотин-қизларни илмий тадқиқот ва инновациялар соҳасидаги самарали фаолиятга кенг жалб қилиш, айниқса, долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун, бир томондан, юртимиз аёллари ва қизларининг илм-фандаги фаоллигини халқаро миқёсда кучайтириш, иккинчи томондан, таълим ва илм-фан соҳаларида гендер тенгликка эришиш ниҳоятда зарур.

Чунки аслида ҳам, аёл билимли бўлса, тарбия қилган фарзандлари зукко, салоҳиятли бўлади. Янада муҳими, аёл илмли бўлса, миллат илмли бўлади.

Шонли тарихимиз зарварақларида Тўмарис ва Бибихоним, Гулбаданбегим ва Зебуннисо, Нодирабегим ва Анбар отин каби оқила момоларимизнинг муборак номлари мангуга муҳрланган. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий "Насойим ул-муҳаббат" тазкирасининг "Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри" номли фаслида мозийдан то ўз давригача яшаб ўтган ёки ўзига замондош бўлган ислом оламида машҳур 35 нафар шайх, орифа хотин-қизларнинг руҳияти, шариати, тариқати, ижодлари хусусида лавҳалар битган.

Алишер Навоий бобомизнинг "Фар­ҳод ва Ширин" дос­тонида таърифланган 10 нафар олима қиз, жумладан, мантиқ илмида тенгсиз Дилосо, астроном Гуландом, файласуф Суманбўй, ҳикмат фани билимдони Паризод образлари ҳам реал ҳаётдан олинган. Уларнинг прототипи ҳазратга замондош бўлган закий момоларимиздир. Шундай экан, бугун замондошларимиз бўлган оқила ва зукко хотин-қизларни қадр­лаш ҳамда улуғлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш ҳақида гап кетганда, бу борада 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ўринда, аввало, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги янги қонунлар ҳақида сўз бормоқда.

Бундан ташқари, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон–2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши ҳисобига гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кафолатлаш борасидаги ҳуқуқий асослар тубдан мустаҳкамланди.

Мамлакатимизда БМТ Хотин-қизларни камситишга барҳам бериш бўйича қўмитасининг даврий маърузалар юзасидан тегишли тавсияларини амалга ошириш борасида алоҳида механизм яратилган. Бу механизмни амалда татбиқ этиш жараёнларида соҳага тааллуқли барча ижроия ҳокимият органларининг фаол иштироки таъминланмоқда.

Шу ўринда мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳот самараларига мухтасар тўхталиш айни муддаодир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сес­сия­сида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда".

Янги Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришишдаги ютуқлари БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро индексларда ўз аксини топмоқда. Жаҳон банки таҳлилларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган 5 та мамлакат қаторидан ўрин олди.

Ўтган йили мамлакатимиз “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида максимал 100 баллдан 82,5 балл тўплади. Яна бир муҳим кўрсаткич: Очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон бу борада жаҳондаги энг яхши кўрсаткичга эга 20 мамлакат сафидан жой эгаллади.

Янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизи, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 32,6 фоизи аёллардан иборат. Бу билан Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича жаҳоннинг 193 давлати орасида 34-ўринга кўтарилди.

Айни вақтда Ўзбекистон хотин-қизларининг давлат бошқарувидаги улуши 35, тадбиркорлик соҳасида 45, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробар кўпайиб, таълим олаётган талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Юртимизнинг оқила, ораста, ишбилармон ва тадбиркор аёллари ўз билим ва тажрибаси, малакаси ҳамда маҳорати боис фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида ҳам етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Айниқса, ҳаётимизда борган сари муҳим аҳамият касб этаётган янги соҳа ва тармоқлар тараққиётини, юқори технологияларга асосланган замонавий соҳалар, илм-фан, тиббиёт, таълим ва тарбия, маданият ва санъат каби илғор жабҳаларни аёлларнинг иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш ва уларнинг давлат функцияларини тартибга солишга қўшган ҳиссасини ошириш бўйича фаол ишлар ўз самараларини бераётганидан далолатдир.

Аслида, бундай изчил ва узвий сиёсат замирида халқимизнинг барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмуни бўлган баркамол фарзандларимизни бағрида ардоқлаб, эзгу фазилатлар руҳида камолга етказадиган аёл зотини улуғлаш, соғлом ва аҳил оилани эъзозлашдек эзгу мақсад ўз мужассамини топган.

Хулоса ўрнида жорий йил 3-10 март кунлари мамлакатимизда “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги эълон қилинганини таъкидлаш ўринлидир. Ҳафталик доирасида жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларни “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимлари ўтказилмоқда.

Узоқ йиллар жамоат ва давлат ишларида фидокорона хизмат қилган нуроний онахонлар, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг “Янги Ўзбекистон боғи” ҳамда музейлар, тарихий масканлар, обидалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар, театр, концерт, кино, кўнгилочар масканларга имтиёзли асосда ташрифлари йўлга қўйилди. Ижтимоий тармоқларда ёшлар иштирокида “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони”, “Она – меҳр булоғи”, “Мен онам билан фахрланаман”, “Юрт тараққиётига менинг ҳиссам” мавзуларида флешмоб ва челленжлар ташкил этилмоқда.  

 

Ғулом Мирзо

«Куч – адолатда» газетасининг 2025 йил 7 март кунги 10 (1044)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech