13 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, «Юксалиш» ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ушбу ҳамкорлик тадбири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашида белгилаб берилгган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, «Юксалиш» ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази раҳбарлари ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар томонидан даставвал давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши кураш масаласида мутасадди ташкилотларнинг ишидан қониқмаганлигини билдириб, фуқаролик жамияти институтларининг ҳам фаол эмаслигига алоҳида тўхталганига эътибор қаратилди. Шу муносабат билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини оширишда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ давлат гранти, ижтимоий буюртма ва субсидиялар бериш тартибини соддалаштириш, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилиш, ўзаро ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича кўплаб амалий таклифлар илгари сурилди.
Қонунчилик палатасининг Қўмитаси ушбу йўналишда ўз олдига бир қатор аниқ мақсадларни қўйгани таъкидланди.
Биринчидан, Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, ақл ва таҳлил марказлари салоҳиятидан кенг фойдаланган ҳолда маҳалланинг ўзида корруцияни келтириб чиқараётган омиллар ва манбаларни соҳавий ўрганиш, бунда маҳалла еттилиги тизимидан унумли фойдаланиб, жойларда фуқаролар дуч келаётган коррупция ва бюрократик тўсиқларни аниқлаш, ўрганиш орқали қонунчиликка таклифларни тайёрлаш ҳамда давлат идораларига тегишли тавсияларни беришда ташаббускор бўлиш талаб этилади.
Иккинчидан, Қўмита депутатлари ҳамда қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларини вазирликлар ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларига бириктирган ҳолда, ҳар ойда битта вазирликнинг Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ўрганиб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий, амалий ёрдам бериш кўзда тутилмоқда. Бундай ёндашув коррупция, идоравий манфаатлар ва бюрократик тўсиқлардан тўлиқ ҳоли бўлиши юзасидан қатъий парламент назорати ўрнатилади.
Учинчидан, доимий равишда нодавлат ташкилотларни қийнаётган бюрократик тўсиқларни ўрганган ҳолда, жамиятимизда коррупцияга тоқат қилмаслик муҳитини яратишда уларнинг жамоатчилик назоратини олиб боришда фаоллик кўрсатиш шарт.
Мулоқот чоғида, шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан юксалтириш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий асослар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилгани эътироф этилди.
Айниқса, давлат раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан кўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг асосий институтлари ривожланишини янги босқичга олиб чиқди. Жумладан, асосий концептуал вазифалар фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, давлат ва жамият тараққиётида “учинчи сектор”нинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани жуда муҳим.
Аслида, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, «Юксалиш» ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан меморандум имзолашнинг асосий мақсади ҳам ушбу соҳаларда қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтиришдан иборат. Шу аснода ҳуқуқий маданиятни ошириш, мамлакат тараққиётига қаратилган стратегияларни қўллаб-қувватлаш ва Қўмита фаолиятига илмий-тадқиқот ташкилотларини фаол жалб этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида бир нечта йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан:
-
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, қонун лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнларида таклифлар алмашиш;
-
Қўмитада тегишли илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билдирган таклифлар мунтазам таҳлил қилиб борилишини таъминлашда кўмаклашиш;
-
қонун ижодкорлиги соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва илғор хорижий тажрибани миллий қонунчиликга имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда Қўмитага тақдим этиш каби масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Йиғилиш якунида ўзаро манфаатли долзарб йўналишлар бўйича ҳамкорликда конференция, семинар-тренинг, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.03.2025
- Кўришлар: 626
- Чоп этиш