14 март куни Инсон ҳуқуқлари уйида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олишга йўналтирилган электрон платформадан (http://ecourse.nhrc.uz:8084/) фойдаланиш ҳамда ушбу платформадаги ўқув курслари йўналишлари юзасидан тақдимот бўлиб ўтди. Тақдимот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази амалиётчилари ва таянч докторантлари учун ташкил этилди. Иштирокчиларга электрон платформанинг имкониятлари, инсон ҳуқуқлари соҳасида билим ва кўникмаларни оширишдаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Мазкур платформа фойдаланувчиларга замонавий таълим олиш учун қулай имкониятлар туғдиради. У қуйидаги 5 та йўналишга доир ўқув курсларини ўз ичига олади:
-
Инсон ҳуқуқлари бўйича асосий курс;
-
Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият;
-
Қийноққа солишга қарши курашиш;
-
Ўзбекистонда гендер тенглик;
-
Инсон ҳуқуқларига кириш.
Бу курслар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Замонавий педагогик технологияларга асосланган видео-маърузалар, билимни аниқ баҳолашга йўналтирилган тест синовлари ҳамда назарияни амалиётга татбиқ этишга қаратилган интерактив топшириқлар орқали таълим олиш жараёни янада самарали ва қизиқарли бўлиши таъминланади.
Бундай кўп қиррали ёндашувда ҳар бир иштирокчининг индивидуал ўзлаштириш суръати ҳисобга олинади. Қолаверса, айни ёндашув мавзуни чуқур идрок этишга ва олган билимларни амалий кўникмалар даражасига кўтаришга имкон беради.
Тақдимот давомида, шунингдек, электрон платформадан фойдаланиш тартиби тушунтирилди. Ўқув курсларида қатнашиш шартлари ва уларни муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификат берилиши атрофлича тушунтирилди.
Ушбу жараённинг шаффофлиги ва баҳолаш мезонларига асосланганлиги қайд этилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олишга йўналтирилган электрон платформа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши таъкидланди.
Келгусида ушбу платформани янада ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган. Шу нуқтаи назардан, иштирокчилар платформанинг функционаллиги, қўшимча имкониятлари ва уни янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганлари муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир якунида инсон ҳуқуқлари бўйича савол-жавоблар ўтказилди. Сўнг иштирокчилар платформада рўйхатдан ўтиб, ўқув курслари иштирокчиларига айландилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.03.2025
- Кўришлар: 669
- Чоп этиш