25 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “Ер соати” республика акциясида иштирок этди: давлат ташкилоти биносида шу куни электр энергияси таъминоти бир соатга тўхтатилди.
Ушбу акция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган муҳим саналар бўйича ўтказиладиган тадбирлар календарь-режаси” доирасида ташкил этилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган акциянинг мақсади – табиий ресурсларни асраш, тежамкорликка риоя қилиш ва шу орқали сайёрамизга ғамхўрлик кўрсатишдир. Қолаверса, "Ер соати" акцияси иқлим ўзгаришлари ва Ер юзининг ёруғликдан ифлосланиши муаммоларига эътибор қаратишга йўналтирилган.
Бинобарин, “Ер соати” ҳар йили халқаро миқёсда ўтказиладиган йирик экологик акция ҳисобланади. Мазкур тадбирга 2007 йилда Жаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) томонидан асос солинган. Ташкилотчилар экологик муаммолардан ташвишланиш рамзи сифатида сайёра аҳолисини 60 дақиқага чироқлар ва маиший электр ускуналарини ўчириб қўйишга чақиради.
Бу бежиз эмас. Чунки бугунги кунда сайёравий кўламдаги учта таҳдид – иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиатнинг бузилиши бутун халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Экологик таҳдидлар, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор 2021 йилда мусаффо, соғлом ва барқарор атроф-муҳит – инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Бу соҳада БМТ Махсус маърузачиси мақоми ҳам таъсис этилган.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили, деб эълон қилингани мантиқан асосли ҳамда ҳар томонлама мақбул қарордир. Бу борадаги Давлат дастурида, жумладан, 2025 йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бу ўринда, хусусан, аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш орқали мамлакатимизда «Экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш ва аҳоли орасида тарғиб қилиш ташаббуси ҳақида сўз бормоқда. Бунда:
-
аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, хусусан, тиббий маданиятни ошириш, соғлом овқатланиш, кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш;
-
«яшил транспортда», шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш;
-
пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;
-
озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш;
-
сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
-
чиқиндиларни турларига қараб саралашни йўлга қўйиш масалалари ушбу ташаббуснинг асосий тамойиллари этиб белгиланди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, “Ер соати” республика акцияси доирасида давлат органлари ва ташкилотларида электр энергияси билан ишлайдиган техникалар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг ҳудудий корхона ва филиаллари томонидан тармоқдан мажбурий узиб қўйилмади. Яъни, юртимизнинг барча давлат органлари ва ташкилотлари қатори Миллий марказ ҳам ушбу акцияда ихтиёрий равишда иштирок этди.
Маълумот учун: жорий йил 26 март куни Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоят марказларида яна бир экологик акция – навбатдаги "Автомобилсиз кун" акцияси ўтказилади. Шу куни барча давлат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларига, юртдошларимизга шахсий транспорт воситаларидан воз кечиб, атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган жамоат транспорти, велосипед ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Автомобиллардан чиқаётган зарарли ташламалар атроф-муҳитни ифлослантирадиган доимий манба ҳисобланади. Шунинг учун шахсий транспорт воситаларидан фойдаланмаслик атмосферага зарарли моддалар чиқарилишининг олдини олиш, тирбандликни камайтириш ва шаҳарлардаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.03.2025
- Кўришлар: 387
- Чоп этиш