Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакилининг мамлакатимиз хотин-қизлари ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига бағишланган мақоласи юртимизда даврий асосда чоп этиладиган ҳуқуқий нашрда эълон қилинди. Муаллиф бугунги кунда Ўзбекистон хотин-қизлари жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларда фаол иштирок этаётганини таъкидлаган.
Бу ўринда Миллий марказ Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Фарида Ҳақбердиеванинг мақоласи ҳақида сўз бормоқда. Ушбу мақола “Оила, жамият, давлат таянчи ва ишончи” деб номланган бўлиб, “Qalqon” журналининг 2025 йил март сонида чоп этилди.
Мақолада қайд этилганидек, 1995 йил 15 сентябрда Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги жорий йилда дунёнинг барча тараққийпарвар мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида турли тадбирларни ўтказишга киришди.
Жорий йилда мамлакатимизда аҳоли, жумладан, хотин-қизларнинг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш борасида бир қатор таъсирчан чора-тадбирларни изчиллик билан амалга оширишга киришилди. Хусусан, “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилмоқда.
Бу борадаги устувор вазифалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилди.
Давлат дастурининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш”, деб номланган 25-мақсадида ушбу йўналишдаги бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган. Айни муҳим омил ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларимиз алоҳида ўрин тутишини яққол англатиб турибди.
Мақола муаллифининг хулоса қилишича, янги таҳрирдаги Конституция асосида мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.04.2025
- Кўришлар: 330
- Чоп этиш