МУАЛЛИМ ВА ТАЪЛИМ, МАЪРИФАТ ВА МАЪНАВИЯТ УЧУН ҒАМХЎРЛИК
«Конституция – инсон қадри,
эркинлик, тенглик ва адолат гарови!»
Бундан 2,5 йилча олдин – 2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилди. Ушбу нормалар мамлакатимиз ўқитувчиларининг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишига, уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда янги таҳрирдаги Конституциямиз, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Тараққиёт стратегияси доирасида юртимиз ҳаётининг таълим-тарбия ҳамда илм-фан соҳаларида салмоқли ва кўламдор ишлар амалга оширилмоқда. Айни чоғда, масаланинг ғоятда муҳим яна бир жиҳати борлигини унутмаслигимиз даркор. Яъни, давлат:
бир томондан, таълим соҳасини ривожлантириш учун зарур маблағларни ажратса;
иккинчи томондан, замонавий жиҳозланган янги таълим масканлари очилса;
учинчи томондан, таълим муассасалари илғор дарслик, қўлланма ва ўқув жиҳозлари билан таъминланса;
тўртинчи томондан, ўқитувчиларнинг малака ошириши ва ойлик маошлари кўпайтирилиши тизимли йўлга қўйилса – ушбу омилларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг янгича таълим тизимига асос солиш учун етарлими?
Йўқ, албатта. Бу ўринда инсон омили – ўқитувчи ва мураббийларнинг том маънодаги фидойилиги ҳам талаб этилади. Айнан улар:
- мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш;
- соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш;
- ўқув-тарбия жараёнига миллий ва илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
- ўқувчи ва талабаларга илм-фан асослари ҳамда замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш;
- ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш;
- соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш;
- фарзандларимизни она Ватанга меҳр ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
- Янги Ўзбекистонни бунёд этиш;
- Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ишларига муносиб ҳисса қўшишлари ҳам фарз, ҳам қарздир.
Бинобарин, эндиликда ёш тоифалари бўйича миллий тарбия моделини яратишга киришилгани ҳам айнан шундай ёндашувни тақозо этади. Бу орқали болалар замонавий компетенцияга эга мутахассис бўлиш билан бирга миллий қадриятларга содиқ инсон бўлиб тарбияланади. Бунинг илк қадами сифатида янги ўқув йилидан барча боғча, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳар душанба “Келажак соати” дарслари ўтилмоқда.
Анъанага кўра, Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида, Президентимиз Фармонига мувофиқ, ана шундай юксак талабларга жавоб берадиган устозларнинг катта бир гуруҳи таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатгани учун фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда таълим-тарбия соҳаси ривожига энг устувор вазифа сифатида қаралаётганини яққол тасдиқлаб турибди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Яқинда тенгқурларимиз даврасида қизиқ баҳснинг устидан чиқиб қолдим. Устоз ва муаллимлар ҳақида сўз борган баҳсда бир томон болалик йилларимизда онгу шууримизга “Устоз – отангдан улуғ” деган тарзда ўрнашиб қолган машҳур мақолни: “Устоз – отангдек улуғ”, деган шаклда қўллаш гўёки мантиқан тўғрилиги ҳақида тинмай иккинчи томонга даъво қиларди.
Ўйга толдим. Аслида ҳам, бу ҳаёти дунёда ота ўз фарзандининг униб-ўсиши ва камол топиши учун ҳамма нарсага тайёр. Чунки фарзанд – унинг зурриёди, яъни қондош боласи, авлодларининг давомчиси, бетоблигида лабига сув томизгувчи, вафот этганида эса ҳамиша хотирлаб ва уйидаги чироғини ёқиб тургувчи энг яқин жигаргўшасидир.
Устоз ҳам шогирди ўсиб-улғайиши ва илм-фан, касб-ҳунар, мансаб-мартаба поғоналаридан юксалиши учун ўзи тўплаган билим ва тажриба, кўникма ва маҳорат, вақт ва соғлик – борингки, ҳеч нарсасини аямайди. Бироқ, шогирд – устознинг зурриёди эмас. Бу, биринчидан.
Иккинчидан, устознинг сабоқ бериши замирида, ҳар ҳолда, ўз шогирди унга бу ҳаётда фарзандидек меҳрибонлик қилишидан бевосита умидворлик ётмайди. Қисқаси, ўз шогирдларига айнан оталардек меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатар экан, бунда устозлар асосан холис, беғараз ва бетаъма иш тутади. Шунинг учун ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейилгани бежиз эмас.
Мақолнинг кейинги шакли тарафдорлари, одатда, инсон ҳаётида отанинг мақоми устозлар мақомига нисбатан юқорилиги учун “Устоз – отангдек улуғ” тарзида қўлланиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. Мақол айнан шундай тарзда қўлланганда устознинг мақоми юксалади, отанинг мақоми эса пасаймайди, деган қараш бор бу ерда.
Аслида, “Устоз – отангдан улуғ” деган ибора ўз мазмунига кўра, бир томондан, шундай бегидр устозларни улуғлашга чорласа, иккинчи томондан, оталарнинг улуғлиги ҳар қандай шубҳадан холилигини таъкидлайди. Чунки, моҳиятан олиб қараганда, ушбу ҳикматли сўзларда устоз ва отанинг қадри бирдек улуғланмоқда. Шу мавзуга ҳамоҳанг бир ривоят беихтиёр ёдимга тушди:
“Мирзо Улуғбекдан сўрадилар:
– Сиз нега сиёсатни қўйиб, илм билан машғул бўлдингиз?
Мирзо жавоб бердиларки:
– Мен илмнинг қудратини бобомдан билдим. Бир сафар мен бобомнинг тиззасида ўтирар эдим, шу пайт ҳузурига бир киши кирди, бобом шошиб унинг истиқболига ўрнидан турди – мен тиззасидан тушиб кетдим. Кейин билсам, у зот олим экан, бобомнинг пири комили экан. Илмнинг обрў-нуфузини мен ана ўшанда кўрдим”.
Амир Темур ҳазратлари олиму фозил мураббийларининг ҳурмат-иззатини жойига қўйганлигига оид ушбу ихчамгина тарихий лавҳа улуғ Соҳибқирон аждодимиз ҳам ўз устозу муаллимларидан яхши таълим-тарбия олганлигини кўрсатади. Ўз навбатида, ана шу буюк бобокалонимиз асос солган Темурийлар даври Ренессанси бутун дунё илм-фани ва маърифати равнақига нечоғлик салмоқли ҳисса қўшганлигини бир чамалаб боқинг!
Энди яқин тарихдан ҳам муаллим мақомини улуғлайдиган шунга ўхшаш бир мисол келтирамиз: устоз академик Акмал Саидов ўзининг “Ғалаба боғи фалсафаси” номли муҳташам китобида Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар истило қилган Нидерландияга махсус поездда олиб келинган 101 нафар ўзбек аскарининг асирликдаги аччиқ қисмати ҳақида нидерландиялик машҳур журналист Ремко Рейдинг тадқиқотларига асосланган қизиқарли тарихий маълумотларни қайд этган. Ушбу ҳарбий асирлар Москвага бошланадиган ҳужум олдидан фашист армиясининг руҳини кўтаришга қаратилган "тарғибот фильми"да "жонли ва таъсирчан роль" ўйнаб беришлари керак бўлган.
Фашистларнинг фикрича, "инсон қаторида кўрилмайдиган", лагердаги "шароитлар" туфайли эса одамийлик қиёфасини ҳам йўқотаёзган оч-наҳор ва хастаҳол асирлар ўзаро нон талашиб, кинобоп томоша кўрсатишлари керак эди. Бу, ўз навбатида, Гитлернинг немислар – олий ирқ, бошқа миллатларда эса инсонийликка хос зиғирча ҳам хислат йўқ, деган манфур ғоясини тасдиқлаб берарди. Аммо ушбу қабиҳ режа амалга ошмаган. Китобнинг ўша жойидан бир лавҳа келтирамиз:
“Атрофга жимжитлик чўкади. Бир муддатдан кейин асирлардан бири ерда ётган нонни қўлига олиб, уч марта ўпади ва кўзига суртади. Сўнгра нонни кенг даврада чордона қуриб ўтирган ўзбек асирларнинг ёши улуғига – муаллимга олиб боради. Муаллим нонни бўлаклаб, дастлабки ушоғини энг кичик ёшли маҳбусга узатади.
Шу тариқа нон бўлаклари ҳаммага тенг тақсимланади. Муаллим охирги бўлакни ўзига олади. Ўзбек биродарларимиз шошмасдан, ҳовлиқмасдан, одоб сақлаб, бирин-кейин навбат билан ризқланишади. Охирида Худонинг неъмати учун шукроналик фотиҳаси ўқилгач, улар тарқалишади. Бундай кутилмаган сценарий фашистлар тахмин қилгандек якун топмайди”.
Кўряпсизми, ўшанда муаллим, ҳа, айнан муаллим миллатимизнинг матонати ва жасоратини, халқимизнинг меҳрибонлиги ва улуғворлигини амалда баралла намоён этган. Яъни, устоз муаллимлар ҳар қандай разолат ва қабоҳат замонларида ҳам маърифат нурини таратишдан тўхтамайдилар.
Бинобарин, савод ва билим, маърифат ва таълим-тарбия – тинч-осойишта, баркамол, барқарор ва тараққийпарвар ҳаёт гарови. Саводхонлик – инсон учун том маънода байрам. Бугунги инсонлар замонавий ҳаётнинг ҳар бир соҳаси бўйича муайян даражада саводи борлиги учун бахтиёр, тўкис ва фаровон яшайдилар. Афсуски, сайёрамизда саводсизлиги туфайли бундай бахтдан маҳрум инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Нега деганда, ер юзида ҳали оддий ўқиш-ёзишни билмайдиган миллионлаб одамлар бор.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) таҳлилларига қараганда, 2026 йил охирида сайёрамизда мактабга бормайдиган болалар сони қарийб 6 миллионга ортиб, 278 миллион нафарга етиши мумкин. Бунинг асосий сабаби таълимни ривожлантиришга ажратиладиган расмий ёрдамнинг 3,2 миллиард долларга камайиши билан боғлиқ.
Бундан ҳам ёмони, БМТ маълумотларига кўра, кейинги 12 ойда дунёда мактабларга ҳужум қилиш ҳолатлари 44 фоиз кўпайган, оқибатда минглаб ўқитувчи ва ўқувчилар ҳалок бўлган, яраланган ва ўғирлаб кетилган. Бош котиб Антониу Гутерриш шу муносабат билан халқаро ҳамжамиятга йўллаган мурожаатида мамлакатлар ўз таълим тизимига инвестиция киритиши ва Мактаблар хавфсизлиги тўғрисидаги декларацияни тўлиқ маъқуллаши зарурлигини қайд этди.
Шу маънода, мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилаётгани таҳсинга сазовор. Сўнгги саккиз йилда таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш борасида кўплаб салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан:
-
хусусий сектор билан бирга боғчалардаги ўринлар 2,5 миллионга, қамров эса 78 фоизга етказилди;
-
янги мактаблар қурилгани, мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобига қўшимча 1 миллионта ўқувчи ўрни яратилди;
-
замонавий дарсликлар, илғор педагогик технологиялар асосида мактаб таълимига янги мазмун, янги сифат кириб келмоқда;
-
олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга етказилди;
-
талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани алоҳида эътиборга сазовор;
-
ҳозирги вақтда дунёдаги топ олий ўқув юртларида 2 мингдан зиёд талабамиз таҳсил олмоқда. Улардан 750 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали давлат ҳисобидан ўқимоқда;
-
ўтган 2024 йилда юртимиз ёшлари топ-500 талик олий ўқув юртларига кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Президенти 2025 йил 8 сентябрь куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот доирасида шу борадаги келгуси режалар ва уларни амалга ошириш чора-тадбирлари билан яқиндан танишди. Хусусан:
- 2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади;
- 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилади;
- табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади ва Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади;
- Тошкент шаҳрида М. Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “ToshTech” техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилади.
Эътибор беринг: жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Айни янгиликнинг моҳияти шундаки, ҳозирги кунгача ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшларни рағбатлантиришга қаратилган алоҳида давлат стипендияси йўқ эди.
Яна бир янгилик шуки, Президентимиз жорий йил 8 сентябрда мактабдан ташқари таълимни янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича қарорни имзолади. Шу асосда жойлардаги 219 та “Баркамол авлод” мактаби, “Ёшлик” спорт жамияти, Ўқувчи ёшлар маркази ва Ўзбекистон болалар ташкилоти негизида республика, ҳудуд ва туманларда “Келажак” марказлари ташкил этилади.
“Келажак” марказлари мактаблар билан узвий ва мақсадли тадбирларни жонлантириб, муҳандислик, илм-фан, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишлари бўйича ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилади. Ушбу тизим билан барча мактаблар қамраб олинади. Ҳар бир ўрта мактабда маслаҳатчи лавозими жорий қилинади. Маслаҳатчилар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади.
Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари синф раҳбари, мактаб психологи билан хулқ-атворида салбий ўзгариш бўлган ўқувчиларни таълим ва оиладаги муаммоларини ўрганиб, уларни енгиб ўтишга ҳамроҳлик қилади. Маҳалладаги ёшлар етакчилари эса ўқувчилар мактабдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиши учун масъул бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 9 сентябрда бўлиб ўтган таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида қайд этилганидек, жорий йил бошидан халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 195 та медални қўлга киритди. Уларга оширилган ставкада жами 10 миллиард сўм, мураббий ўқитувчиларига эса 3,5 миллиард сўм пул мукофоти берилади.
Хорижий тил эгалари жалб қилинган 1 мингдан зиёд мактабда тил бўйича сертификат олган ўқувчилар сони бир йилда 2,5 баробар кўпайди. Давлатимиз раҳбари айни рақамлар мисолида мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўлаётгани, дастурлар ишлаётгани, натижалар борлигини эътироф этар экан, айни чоғда, касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етмаганлигини кескин танқид қилди.
Шу боис Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбариятида тегишли ўзгартиришлар амалга оширилди. Эндиликда Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар превентив ва проактив ишлашга ўтиб, таълимнинг барча йўналишларида катта ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент мактаблари ва ихтисослашган мактабларда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш вазифаси қўйилди. Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади.
Йиғилишда ўтган даврда ўқитувчиларнинг ойлигига қўшимча 10 дан зиёд устамалар жорий қилинганига урғу берилгани бежиз эмас. Бунинг натижасида бугун ўз устида ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўм маош оляпти. Сентябрь ойидан бошлаб мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари ойлиги ҳам 10 миллион сўмдан ошди.
Янги баҳолаш тизимига ўтган 1,5 минг мактабнинг 300 таси ижобий натижа кўрсатгани учун бутун жамоаси 40 фоизгача устама олади. Бу ҳақда атрофлича тўхталар экан, “Менинг халқимизга вақти келиб ўқитувчилар маошини минг долларга етказамиз деган гапларим мана уч йил ичида ҳақиқатга айланди”, деди давлатимиз раҳбари.
Ҳақиқатан ҳам, Янги Ўзбекистонни барпо этиш шароитида устоз ва ўқитувчилар, муаллим ва мураббийларга муносабат изчил юксалиб бормоқда. Бу ўринда 1 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табрик йўллаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу табрик “Билимлар куни”ни ўзгача маърифат байрамига айлантириб юборди.
Жорий 2025-2026 ўқув йилида юртимиздаги 10 мингдан зиёд мактабга “Биринчи қўнғироқ” жаранги остида 1-синфга қабул қилинган 720 мингдан ортиқ ўғил-қиз “Президент совғалари”дан мамнун бўлди. Янги ўқув йилига бағишланган тадбирлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган улуғвор шиор остида ўтди.
Кейинги йилларда бутун юртимиз каби мактабларимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, улар том маънода Янги Ўзбекистон тимсолига айланиб бораётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Чунки мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади.
Айниқса, кўплаб мактаб битирувчилари мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари билан бирга хориждаги етакчи университетларга юқори балл билан ўқишга кираётгани, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига улкан ҳисса қўшаётгани ҳаётимизда мактабнинг, устоз-мураббийларнинг аҳамияти янада ортиб бораётганини кўрсатади.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский