ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ КОНСТИТУЦИЯМИЗ –  ХАЛҚ ИРОДАСИ ВА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР МАҲСУЛИ

Конституция – ҳар қандай демократик давлатнинг ҳуқуқий тизимидаги энг олий ва асосий ҳужжат ҳисобланади. У нафақат давлатнинг олий юридик ҳужжати, балки жамиятнинг сиёсий тузилиши, инсон ҳуқуқлари ва демократик бошқарувнинг асосини белгилаб берувчи ижтимоий келишувдир.

Конституция давлат ҳокимиятини амалга оширишдаги тамойилларни белгилаб беради ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кафолатлайди. Конституция тушунчасининг илмий асосини англаш унинг мазмун-моҳиятини, вазифаларини ва замонавий давлатчиликдаги ролини тўлиқ идрок этиш имконини беради.

“Конституция” атамаси лотинча “constitutio” сўзидан олинган бўлиб, “ташкил этиш”, “белгилаб қўйиш”, “тартибга солиш”, “қурилиш” маъноларини англатади. Бу тушунча кейинчалик давлат тузилиши, ҳокимиятни ташкил этиш, жамиятни бошқариш тизими каби кенг маънода қўлланила бошлаган.

Конституция нафақат юридик ҳужжат, балки сиёсий, маънавий ва фалсафий қимматга эга ижтимоий келишувдир. У ўзбек давлатчилигининг ҳозирги босқичдаги қиёфасини белгилаб беради.

Давлатимиз мустақилликка эришгач, ўз-ўзидан янги ҳуқуқий асосга эҳтиёж пайдо бўлди. Шу сабабли Конституция қабул қилиш давлатнинг сиёсий ва ҳуқуқий барқарорлигини таъминловчи энг муҳим вазифага айланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат мустақиллиги ва демократик ривожланишнинг асосий кафолати сифатида 1992 йилда қабул қилинган вақтда у ўзининг замонавийлиги, инсонпарварлиги ва халқчиллиги билан ажралиб турган бўлса, 2023 йилдаги конституциявий ислоҳотлар уни янги босқичга кўтарди.

Ўзбекистон 2023 йил 30 апрель куни халқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияси билан ўз давлатчилик тараққиётида катта муваффақиятга эришди. Янги таҳрирдаги Конституция нафақат ҳуқуқий ислоҳотларни, балки мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ривожланиш моделини тубдан ўзгартирди. 2017 йилдан бошланган демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ижтимоий ҳимоя, иқтисодий модернизация ва фуқаролик жамиятини барпо этиш каби кенг кўламли мақсадлар мазкур конституциявий ислоҳотни ҳаётий заруратга айлантирди.

Янги Ўзбекистон концепцияси мамлакатдаги очиқлик ва ошкоралик, ҳуқуқий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқтисодий модернизация, маҳалла ва фуқаролик жамиятини кучайтириш каби йўналишларни ўзида мужассам этди. Бу жараёнлар амалдаги Конституциядаги қатор нормаларни қайта кўриб чиқишни талаб қилди.

Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда “инсон – жамият – давлат” тамойили биринчи марта қонун даражасида мустаҳкамланди, меҳнат, таълим, тиббиёт, уй-жой ва ижтимоий ҳуқуқлар янги босқичда кафолатланди. Президент, парламент, суд ва маҳаллий бошқарув тизимлари ўртасидаги мувозанат замонавий талабларга мос ҳолда қайта белгилаб чиқилди.

Мухтасар айтганда, 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция – Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий харитаси, халқ иродаси ва миллий ривожланиш стратегиясининг конституциявий ифодасидир. У инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини мутлақ устувор қиймат сифатида белгилайди, ижтимоий давлат моделини мустаҳкамлайди, суд мустақиллиги ва ҳуқуқий кафолатларни таъминлайди, парламент ва ҳукумат ўртасидаги мувозанатни қайта шакллантиради, фуқаролик жамияти, маҳалла институти ва нодавлат секторни ривожлантиришга хизмат қилади, замонавий, очиқ, рақобатбардош иқтисодиёт учун ҳуқуқий асос яратади.

 

Мусажон КАРИМОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech