Акмал Саидов: “Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, деб эълон қилинган”

3 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида миллий форум бўлиб ўтди. Тадбир мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва соҳани янада ривожланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида куни кеча старт берилган мулоқот майдони – «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» доирасида ташкил этилди.

Миллий форумнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.

А. Саидов даставвал 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Инсон – жамият – давлат” тамойилига асосланиб, унда барча аҳоли тоифаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари акс эттирилганига эътиборни қаратди. Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, деб эълон қилингани ҳамда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан ортиққа оширилгани таъкидланди.

Ўз навбатида, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 56-моддасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга бағишланган нормаларнинг мустаҳкамланиши давлатнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга қатъий содиқлигини намоён этади ҳамда ушбу ҳуқуқий амалиёт илғор халқаро ва хорижий тажрибага тўла мос келади. Миллий марказ директори уқтирганидек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади ва уларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарадорлик даражасини оширишда ҳар томонлама ёрдам беради.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддасида қуйидаги янги норма ҳам акс этган: “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат  бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”. Яъни, бир томондан, Асосий қонунимизга “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилди. Иккинчи томондан, маҳаллалар ва оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилди. 

Фуқаролик жамияти институтларининг мақоми конституциявий даражага кўтарилиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, бутун давлат бошқарув тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга – “Янги шахс”, “Янги фуқаролик жамияти”, “Янги демократик бошқарув тизими” даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. 

Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлади, деди А.Саидов.

Миллий форум иккита шўъбада ўз ишини давом эттирди. Муҳокамаларда халқаро ва хорижий экспертлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари – тахминан 100 нафар иштирокчи қатнашди.

Сўзга чиққанлар эътироф этганларидек, жорий йилда айни соҳага оид 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига дахлдор 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

«Ўзбекистон–2030» стратегияси, 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ва президент фармонлари Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотларнинг амалга оширилишига хизмат қилмоқда. Фуқаролик жамияти институтлари муҳим ташаббус ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган янгича тизими яратилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Президенти Фармонига мувофиқ, ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» ўтказилиши белгиланган. Парламент аъзолари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий экспертлар иштирок этаётган бу галги ҳафталик, фуқаролик жамиятининг 1500 нафардан ортиқ вакилини жалб этган ҳолда, юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, таклиф ва ташаббуслар саралаб олинади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech