“Q8 Press”: Ўзбекистонда “Конституциявий суд тўғрисида”ги қонунга қатор ўзгартиришлар киритилди
АЛ-КУВАЙТ, 1 декабрь. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг нуфузли “Q8 Press” электрон нашрида “Янги Ўзбекистон: Конституциявий ислоҳотлардан конституциявий барқарорликка” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон Конституциявий суди ташкил этилганига бу йил ўттиз йил бўлди. 1990 йилда, бундан 35 йил олдин Ўзбекистонда конституциявий назорат тўғрисидаги биринчи қонун қабул қилиниб, Конституциявий назорат қўмитаси ташкил этилган эди”, – деб ёзилган мақолада.
Нашрда қайд этилишича, Конституциявий суднинг ўттиз йиллиги муносабати билан “Конституциявий суд тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, конституциявий қонунга киритилган ўзгартиришлар натижасида тугатиш принципи шикоятни иш юритишга қабул қилишга ёндашувнинг асоси этиб белгиланди. Унга кўра, шикоятни иш юритишга қабул қилиш учун аризачи суд ҳимоясининг барча ички давлат воситаларини тугатиши лозим бўлади.
Конституциявий суд ҳуқуқий мақомининг яна бир муҳим жиҳати – унинг ваколатлари доираси кенгайтирилганидир. Биринчи навбатда, суд Ўзбекистон Республикасида референдумга қўйилаётган масалаларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳуқуқ 2023 йилги конституциявий ислоҳотлар жараёнида муваффақиятли қўлланилди.
“Конституциявий суд Конституцияни қўллаш ва талқин қилиш жараёнида унинг нафақат “ҳарфи”, яъни шакли ва матни, балки “руҳи”, демакки туб мазмун-моҳияти ҳам тараққиётнинг ҳар бир янги босқичига нечоғлик мутаносиблигини аниқлаб, унинг муайян қоидаларини жамиятдаги ўзгараётган муносабатларга мослаштириб боради”, – дея сўз юритилган материалда.
Ўзбекча
English
Русский