КОНСТИТУЦИЯ 33 ЙИЛЛИГИ: ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ ТАФАККУР САРИ

4 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари уйида шу мавзуда маърифий-ҳуқуқий тадбир бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланди.

Тадбирда давлат органлари, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Айниқса, Тошкент давлат юридик университети ҳамда М. Восиқова номидаги Тошкент давлат юридик лицейи ўқитувчи ва ўқувчиларининг иштироки тадбирга иқтидорли ёшларни жалб этиш, конституциявий қадриятларни ёш авлод онгига сингдириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов мулоқотни бошлаб берди. Бунда, хусусан, Конституциянинг 33 йиллик тарихи, конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва “инсон қадри – олий қадрият” тамойилини амалда рўёбга чиқаришда Бош қомусимизнинг ўрни ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, юридик фанлар номзоди Акмал Раҳмонов “Янги Ўзбекистон Конституцияси: инсон қадри улуғланган жамият сари” мавзусида чиқиш қилди. Маърузачи инсон қадрини улуғлаш ғоясининг конституциявий асослари, фуқароларнинг шахсий, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини кафолатловчи янги нормалар, одил судловга эришиш, давлат органлари фаолияти очиқлиги ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилувчи механизмларни чуқур таҳлил этди.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шуҳрат Бафоев ўз маърузасида “Фуқаролик жамиятининг конституциявий-ҳуқуқий асослари” мавзусини ёритди. У нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари каби фуқаролик жамияти институтларининг Конституцияда белгиланган ўрни ва вазифалари, уларнинг давлат ҳокимияти билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш орқали демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш масалаларига тўхталди.

Жамоат хавфсизлиги университети профессори Муҳаммади Усмоновнинг “Конституциявий ҳуқуқ фанини ўқитишнинг долзарб масалалари ва замонавий таълим технологиялари” мавзусидаги маърузаси ҳуқуқий таълимнинг замонавий йўналишларига бағишланади. У конституциявий ҳуқуқ фанини ўқитишда рақамли платформа ва интерактив усуллардан фойдаланиш, кейслар, муаммоли вазиятлар, мунозара ва симуляциялар ёрдамида ёшларда мустақил ҳуқуқий фикрлаш, конституциявий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш имкониятлари ҳақида сўзлади.

Тошкент халқаро университети доценти Содиқ Юлдашев “Глобаллашув шароитида конституциявий ҳуқуқнинг ривожланиш тенденциялари” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, демократик ислоҳотларнинг халқаро тажриба билан уйғунлиги ҳамда Янги Ўзбекистон Конституциясининг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ҳақида ўз илмий хулосаларни баён этди.

Тадбир доирасида профессор Озод Ҳусановнинг “Конституциявий ҳуқуқ” дарслиги тақдимоти ўтказилди. Китоб муаллифи – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси профессори О.Ҳусанов дарсликнинг янги таҳрирдаги Конституция нормаларига мос равишда ёзилгани, ҳуқуқий таълим тизими учун муҳим манба экани, талабалар, лицей ўқувчилари ва амалиётчи-юристлар учун ишончли ўқув қўлланма сифатида хизмат қилишини таъкидлади.

 

Тадбир якунида иштирокчилар янги таҳрирдаги Конституция қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш, инсон қадрини улуғлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, оила, оналик, болалик ва оталикни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ўз таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech