Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Миллий марказ вакиллари Назира ас-Салом таваллудига бағишланган адабий анжуманда қатнашдилар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби, таниқли шоира ва жамоат арбоби Назира ас-Салом таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

 Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб, Назира ас-Саломнинг замонавий ўзбек шеъриятидаги муносиб ўрни, унинг ижодида миллий руҳ, Ватанга муҳаббат, маънавий поклик ва инсон қадри каби юксак ғоялар чуқур бадиий ифода топганини таъкидлади.

Адабий анжуман доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидовнинг қутлови Назира ас-Саломга тақдим этилди. Табрикда, хусусан, шундай эътирофли жумлалар бор:

“Мамлакатимиз кенг жамоатчилиги Сизни таниқли шоира, журналист, муҳаррир ва жамиятимизнинг фаол аъзоси сифатида яхши билади ҳамда юксак қадрлайди. Сизнинг мўътабар хонадонингиз сулолавий ришталари, бир томондан, халқимизнинг машҳур олими – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ғайбуллоҳ ас-Салом, иккинчи томондан, миллатимизнинг ардоқли фарзанди – Ўзбекистон халқ шоири Муҳамад Юсуф номлари билан узвий боғлиқ”.

Шунингдек, адабиётшунос олимлар Назира ас-Салом ижодини илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиб, унинг асарларида миллий ва умуминсоний ғоялар уйғунлиги, шеърий тафаккур, образлар тизими ва услубий ўзига хослик яққол намоён бўлишини қайд этди. Шунингдек, шоиранинг ижоди келгусида ҳам кўплаб илмий тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Анжуманда иштирок этган журналистлар Назира ас-Салом билан боғлиқ самимий хотиралари ва ижодий мулоқотлари ҳақида сўзлаб, унинг нафақат шеъриятда, балки ҳаётда ҳам камтарлик, меҳр-мурувват ва инсонийлик фазилатларининг ёрқин намунаси эканини эътироф этди.

Тадбир давомида шоира ижодининг асосий мавзулари — Ватан, она тимсоли, муҳаббат, инсон шаъни, эзгулик ва маънавий покланиш ғоялари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Қайд этилганидек, Назира ас-Салом шеърлари бугун ҳам китобхонларни эзгулик, меҳр-оқибат, Ватанни севиш ва инсон қадрини улуғлашга чорлаб келмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 27.07.2026 Ko'rishlar 22
Ulashish