Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БРИФИНГ

 “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани юзасидан

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги Фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида жорий йилда ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхати тасдиқланган.

Ушбу рўйхатда “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фармон лойиҳасига кўра, шахс қадр-қиммати, турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Фармон лойиҳаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг устувор мақсадларини белгилаш ва самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни шакллантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада ошириш мақсадига қаратилган чора-тадбирлардан иборат.

Шунингдек, Фармон лойиҳаси билан бир қатор ҳужжатларни тасдиқлаш назарда тутилган. Бу ҳужжатлар сирасига, хусусан:

  • “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси;

  • “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури;

  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламенти;

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар;

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари рўйхати киради.

 

“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси 12 та бобдан иборат. Унда:

  • Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг жорий ҳолат тавсифи;

  • Стратегиянинг мақсад ва вазифалари;

  • Инсон ҳуқуқлари стратегиясини амалга оширишнинг асосий принциплари;

  • Инсон ҳуқуқлари стратегиясини амалга ошириш механизмлари бўйича чора-тадбирлар дастури;

  • Стратегияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар;

  • Стратегияни амалга оширишни мониторинг қилиш ва ҳисобот бериш тартиби;

  • Стратегияни амалга оширишнинг молиявий ва ресурс таъминоти;

  • Стратегияни амалга ошириш самарадорлигини баҳолаш механизми каби масалалар ўз ифодасини топган.

“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 4  та устувор йўналишдан иборат “натижа” кўрсаткичлари ва “бевосита фаолият натижаси” кўрсаткичларини ўз ичига олган. Бу ўринда:

биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;

иккинчидан, аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда инклюзив ва ижтимоий адолатли жамиятни шакллантириш;

учинчидан, инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимини ривожлантириш;

тўртинчидан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро мажбуриятлар ижросини таъминлашдан иборат устувор йўналишлар ҳақида сўз бормоқда.

Шундай қилиб, Фармон қабул қилингач, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.adliya.uz) жойлаштирилган.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 28.07.2026 Ko'rishlar 25
Ulashish