Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Онлайн фирибгарлик – бугунги даврнинг одам савдоси билан боғлиқ энг асосий хавф-хатари

30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни

 

Куни кеча Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) жиноятчилар бутун дунё бўйлаб юз минглаб одамларни тез суръатларда ўсиб бораётган онлайн фирибгарликка жалб қилаётганини маълум қилди. ХМТнинг бу огоҳлантириши 30 июлда нишонланадиган Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни арафасида янгради.

Ташкилот маълумотларига кўра, фирибгарлик қурбонларини одатда чет элда иш таклиф қилувчи сохта эълонлар билан жалб қилишади. Белгиланган жойга етиб келгач, уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилади, қўриқланадиган мажмуаларда қамаб қўйилади, доимий кузатув остида сақланади ҳамда зўравонлик, таҳдидлар ва қарзга ботириш йўли билан интернетдаги фирибгарлик схемаларида иштирок этишга мажбурланади. Кейинчалик уларнинг кўпчилиги қийноққа солингани, жинсий зўравонликка учрагани, оч қолдирилгани ва якка тартибдаги қамоқда сақланганини маълум қилган.

Жиноий фаолиятга мажбурлаш мақсадидаги одам савдоси кўлами кенгайишига жавобан, ХМТ Осиё-Тинч океани минтақаси учун 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги Минтақавий чора-тадбирлар стратегиясини тақдим этди. Ҳужжатда жабрланувчилар ҳимоясини кучайтириш, профилактика, трансчегаравий ҳамкорлик ҳамда жиноий тармоқлар фаолиятига чек қўйиш учун шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

ХМТ 2022 йилдан 2024 йилгача 39 мамлакатдан, жумладан Индонезия, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Эфиопия, Кения ва Бангладешдан бўлган 3500 дан ортиқ одам савдоси қурбонига ёрдам кўрсатди.

ХМТ қурбонларни озод қилиш биринчи қадам, холос, деб таъкидлайди. Мажбуран ушлаб туриш оқибатлари – оғир руҳий жароҳат, жамиятда тамғаланиш (стигматизация), ҳужжатларсиз қолиш ва жиноий жавобгарликка тортилишдан қўрқишдир. Ташкилот уларга ҳимояга эришиш, ватанига қайтиш ва жамиятга қайта мослашишда ёрдам беради, шунингдек, ҳукуматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлик қилади.

ХМТ мамлакатларни одам савдоси қурбонларини ҳимоя билан таъминлаш, уларнинг хавфсиз қайтиши ва жамиятга қайта мослашувини кафолатлаш орқали қўллаб-қувватлашни давом эттиришга, айни вақтда, одамлар хавф-хатарларни англаб етиши ва ёрдам учун қаерга мурожаат қилишни билиши учун одам савдогарларининг усуллари ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган кампанияларни кенгайтиришга чақиради.

Дунё жамоатчилигини глобал муаммо сифатида ташвишга солаётган — одам савдоси каби иллатларнинг учраб туриши ўта ачинарлидир. Нега деганда, одам савдоси туфайли  жисмоний шахснинг товарга айланиши мазкур қилмишнинг нақадар хавфлилиги ва ўта жирканчлигидан далолат беради.

Миллат ҳам, чегара ҳам танламайдиган ушбу ижтимоий хавфли қилмиш туфайли ёш болалар ҳамда аёлларнинг ҳам одам савдоси қурбонига айланаётганига асло бефарқ қараб бўлмайди. Шу маънода, одам савдосига қарши курашиш БМТнинг долзарб фаолият йўналишларидан бирига айлангани бежиз эмас.

 Бунинг далили сифатида БМТ одам савдосига қарши курашиш юзасидан глобал режа қабул қилганини айтиш мумкин. Ушбу ҳужжатда барча давлатлар ҳамкорлигини таъминлаш масаласи олға сурилган, замонавий қулликни йўқ қилиш мақсадида жаҳон ҳамжамияти  бирлашишга даъват этилган.

Миллий ва халқаро экспертлар қайд этганларидек, бугунги глобаллашув шароитида одам савдоси жинояти нафақат айрим шахслар, балки бутун жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солмоқда. Дунё бўйича ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдосининг қурбонига айланмоқда ва бу борадаги ташвишли рақамлар ошиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар хорижга чиқишининг қонуний тартиби йўлга қўйилди, бу борадаги ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилди. Шу асосда тадбиркорлик, тижорат ишлари, сайёҳлик, ўқиш ёки ишлаш мақсадида хорижий давлатларга бораётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси тўлиқ таъминланмоқда.

Ўзбекистонда ушбу иллатга қарши курашиш борасида ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан тизимли равишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди, одам савдосига оид жиноятлар, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди, миллий даражада одам савдосидан жабрланган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тизими жорий этилди, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди ҳамда ижро этилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, кейинги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим. Бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Бунинг натижасида турли хавф-хатарларга, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш йўналишида сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилди, охирги 7 йилда ушбу йўналишда 40 тага яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, юртимизда одам савдосига қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришнинг ташкилий, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, мазкур йўналишларда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Одам савдоси ва учинчи шахслар томонидан фоҳишабозликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясига 2003 йил 18 декабрда қўшилган. Ўз навбатида, 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни амалга киритилган.

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган юртимизда одам савдоси жиноятига қўл урган кимсаларга нисбатан судлар томонидан қонуний ва адолатли жазо тайинламоқда. Натижада қилмишга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланаётганини қайд этиш даркор.

Бундан ташқари, миллий қонунчиликни одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, қисқа даврда:

  • мажбурий меҳнатга барҳам берилди;

  • одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар тизимлаштирилди;

  • хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди;

  • ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди;

  • халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди.

Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳолангани ва бошқа давлатлар учун намуна сифатида эътироф этилгани таҳсинга сазовор.

Айни чоғда, Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш ва юртимизнинг барча ҳудудларида оммалаштириш, меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро стандартларни кенг жорий қилиш ҳамда одам савдосига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ижобий имижини халқаро майдонда фаол илгари суриш масаласи тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун одам савдоси, мажбурий меҳнат ва коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш каби соҳаларда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг фаол ҳамда намунали аъзоси сифатида ўзини кўрсатиши керак.

Президентимиз 2023 йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган чора-тадбирларни амалга оширишдан кўзланган мақсад ҳам шундан далолат бериб турибди. Ушбу ҳужжат одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан янгича тизимини яратиш учун хизмат қилмоқда.

Бинобарин, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида ҳам кечаги услуб, қотиб қолган қарашлардан  воз кечиш фурсати аллақачон етган эди. Бугун одамлардан, Интернетдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Жойларда гоҳ тиббиёт ходимлари, гоҳ ўқитувчилар, гоҳида эса тарбиячилар турли хўжалик ишларига мажбурий равишда жалб этилгани ҳақидаги хабарлар қулоғимизга чалиниб қолади.

Бундай маълумотларнинг бири тасдиғини топмаётган бўлса, тасдиғини топган ҳолатларда тегишли масъул шахслар қонун олдида жавобгарликка тортилмоқда. Қачонки, жойларда ҳар бир катта-кичик раҳбар бу масалада ҳам янгича фикрлаб, бугунги ислоҳотлар талабига мос иш олиб борса, шунда одам савдоси ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича ишларимиз самарадорлиги янада юқори бўлади.

Дарвоқе, 30 июль куни – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишлаб муҳим ҳуқуқий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш яхши анъанага айланди. Бундай учрашув ва мулоқотлар доирасида миллий, хорижий ва халқаро экспертлар айни мавзуда ўзаро фикр алмашишларига қулай шароитлар яратилмоқда.

Ушбу халқаро сананинг тархига мухтасар тўхталамиз. Маълумки, 2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур Ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. Ўз навбатида, 2013 йили БМТ томонидан 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, деб эълон қилинган.

Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги давлат сиёсати миллий салоҳиятдан унумли фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга  таяниши жуда муҳим. Хусусан, 2026 йил 30 июнидан – 30 июлига қадар мамлакат миқёсида «30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги» ташкил этилиб, аҳоли гавжум жойларда (аэропорт, вокзаллар) манзилли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, юртимизда 2025 йил якунлари ва 2026 йилнинг биринчи чорагида одам савдоси билан боғлиқ жами 177 та жиноят иши қайд этилганига эътибор қаратиш лозим.  Ички ишлар вазирлиги ва Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Миллий комиссия маълумотларига кўра, мамлакатда мажбурий меҳнат ва чақалоқлар савдоси сезиларли даражада камайган бўлса-да, шаҳвоний эксплуатация ва рақамли технологиялар орқали алдаш ҳолатлари асосий хавф сифатида сақланиб қолмоқда.

«Ижтимоий фикр» марказининг тизимли мониторинг натижаларига қараганда, мамлакатимизда:

  • 87% фуқаролар одам савдосини жамият учун жиддий таҳдид деб ҳисоблайди;

  • 61.3% аҳоли одам савдоси хавфлари ҳақида тўлиқ ва етарли даражада маълумотга эга;

  • 73.1% респондентлар давлат ва ОАВнинг фаоллиги сабабли сўнгги 5 йилда ушбу иллатга қарши курашиш муҳити сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этган.

 

Ғулом МИРЗО

Nashr sanasi 29.07.2026 Ko'rishlar 83
Ulashish