Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Бошпанасиз шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 3 августда  “Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорнинг асосий мақсади — муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олиш, уларни жамиятга тўлақонли интеграция қилиш ҳамда ушбу шахсларга хизмат кўрсатувчи махсус муассасалар фаолиятини такомиллаштиришдан иборат.

Президент Қарори асосида, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ҳам бир қатор таклифлари маъқулланган. Бу ўринда асосан 2-банддаги вазифалар ҳақида сўз бормоқда.

Унга кўра, ички ишлар органларининг Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказлари деб қайта номланади.

Бошпанасиз шахсларни Ижтимоий марказларга суд қарори асосида жойлаштириш амалиёти эса бекор қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, жумладан: 

  • Ижтимоий марказларга бошпанасиз шахслар уларнинг розилиги билан жойлаштирилади;

  • Ижтимоий марказларга жойлаштирилган шахслар вақтинчалик бошпана ҳамда ушбу марказларга ажратилган маблағлар ҳисобидан озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланади;

  • Ижтимоий марказларга жойлаштирилган шахслар индивидуал режаларга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олинади.

2026 йил 1 октябрдан Ижтимоий марказларга жойлаштирилган бошпанасиз шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилади. Уларни касбга ўқитиш бўйича туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали ваучерлар ажратилади.

Бошпанасиз шахслар Ижтимоий марказларда бўлган даврида ушбу муассасага вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинади.

Бошпанасиз шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ давлат божи “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Қарор, шунингдек, нодавлат секторни кенг жалб этиш, бошпанасиз шахсларни аниқлаш, уларнинг шахси ва ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига қўшимча ваколатлар беришни назарда тутади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 06.08.2026 Ko'rishlar 35
Ulashish