Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БМТ рақамли маконда болаларни ҳимоя қилиш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирмоқда

Бугунги кунда дунё бўйлаб 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган навқирон инсонларнинг 80 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланади. Даромади паст мамлакатларда эса аҳолининг айнан шу тоифаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг энг катта қисмини ташкил этади.

Шу муносабат билан БМТ дезинформация, онлайн-таҳқирлаш ва сунъий интеллектнинг “соя” томонлари борасида асосий зарбани ёш авлод ўз зиммасига олаётгани ҳақида огоҳлантириш билан чиқди. Бу ҳақда “БМТ янгиликлари” сайтида хабар берилди.

Яъни, 12 август – Халқаро ёшлар куни арафасида эълон қилинган янги таҳлилий маърузада БМТ мамлакатлар, технология компаниялари, реклама берувчилар, ОАВ ва тадқиқотчиларни болаларни ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг бу муаммони ҳал этишга жалб қилинишини устувор вазифа сифатида белгилашга чақирди.

Ўтган ой БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ривожланаётган сунъий интеллект технологияларини ҳали синовдан ўтмаган дори-дармонларга қиёслаб, назоратни кучайтиришни талаб қилди. Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятни “Сунъий интеллект соҳасида болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича глобал мажбурият”ни қабул қилишга чорлади.

А. Гутерриш июль ойида СИ бошқаруви бўйича биринчи Глобал мулоқот чоғида ҳам айни мавзуга тўхталиб, “Ҳеч бир бола тартибга солинмаган сунъий интеллект учун тажриба қуёнчаси бўлиши керак эмас”, дея уқтирганди.

БМТ ҳисоботида ёшлар интернетда дуч келаётган таҳдидлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаётганлиги таъкидланади. Бу таҳдидлар эътиборни ва шахсий маълумотларни монетизация қилувчи бизнес-моделлар ҳамда шунга мос дизайн ечимларининг бевосита оқибатидир.

Одатлари, шахсияти ва ижтимоий алоқалари эндигина шаклланаётган болалар фойдаланувчиларни интернетдан мажбурий (компулсив) фойдаланишга ундайдиган қарамликка олиб келувчи алгоритмлар, “лутбокслар” ва бошқа ҳийла-найранглар олдида айниқса ҳимоясиздир.

Сунъий интеллектнинг ривожланиши уни жадал жорий этишни тартибга солишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан ўзиб кетиб, дипфейклар ва генератив контентдан тортиб СИ ёрдамидаги эксплуатациягача бўлган мавжуд таҳдидларни янада кучайтирмоқда.

Бундан ташқари, ҳисоботда онлайн харажатларни ошириш учун қўлланиладиган яширин реклама технологияларига ҳам ишора қилинади.

Ҳисобот муаллифлари болалар ва ёшлар шунчаки потенциал жабрдийдалар эмаслигини алоҳида таъкидлайди. Улар контент яратувчилари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ёшлар ҳаракатларининг ташкилотчилари сифатида ҳам майдонга чиқмоқда.

Бироқ, бундай ҳаракатларга куч бағишлайдиган ўша онлайн-платформаларнинг ўзи уларнинг етакчиларини – айниқса қизлар, озчилик вакиллари ва фаолларни – кибербуллинг ҳамда кузатувга дучор қилмоқда.

Тадқиқотларда ва ахборот муҳитини ҳимоя қилишга қаратилган қонунларни ишлаб чиқишда ёшларнинг фикрларини инобатга олиш зарур, дея қайд этади ҳисобот муаллифлари.

“Болалар ва ёшлар бугунги ахборот инқирозидан энг кўп азият чекаётганлар ва айни пайтда, уни ҳал этишга энг яхши ёрдам бера оладиганлар сирасига киради”, – деди БМТнинг ахборот яхлитлиги бўйича катта маслаҳатчиси Шарлотта Скеддан. – Ёшларни ҳимоя қилиш ва уларни мулоқотга жалб этиш бир-бирини инкор этадиган мақсадлар эмас. Биз ҳар иккисини ҳам амалга оширишимиз керак”.

Ҳисоботда таъкидланишича, ҳукуматлар ва жамоат ташкилотлари дизайн, мақсадли реклама, контент модерацияси ва махфийлик тўғрисидаги қонунлар муҳокамасида интернетда болалар хавфсизлиги мавзусини тобора биринчи ўринга олиб чиқмоқда.

Бироқ сунъий интеллект оммалашгани сари, болалар ҳуқуқларини СИни бошқариш стандартларига киритиш учун имкониятлар дарчаси тобора жадал ёпилиб бормоқда.

Ҳужжатда аниқ қадамлар таклиф этилган: мамлакатлар қонунчилик базасини шакллантириши, технология компаниялари болаларни ҳимоя қилишнинг ўрнатилган механизмларини жорий этиши, реклама берувчилар бола ҳуқуқларини фойдадан устун қўйиши, ОАВ ёш аудитория учун сифатли контент яратиши, мутахассислар эса, айниқса, Глобал Жануб мамлакатларида маълумотлардаги бўшлиқларни бартараф этиши лозим.

БМТ Глобал мулоқот ҳамда ушбу технологиянинг имкониятлари ва хатарларини баҳолаш учун тузилган орган – Сунъий интеллект бўйича мустақил халқаро илмий гуруҳ орқали сунъий интеллектни тартибга солишга кўмаклашишда давом этмоқда.

“Рақамли технологиялар ва ахборот муҳити ривожланишда давом этар экан, ҳозирги фурсат бизга тамойиллар декларациясидан амалий ҳаракатларга ўтиш имконини беради”, – дейилади ҳисоботда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 18.08.2026 Ko'rishlar 22
Ulashish