Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ: ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР ВА МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК

Маълумки, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш ушбу тизим фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд этиб ўтилган.

Бу эса мазкур соҳа вакилларининг ҳуқуқий билимига, ҳуқуқий онгига ва муомала маданиятига оид кўникмаларнинг қай даражада шаклланганига боғлиқдир. Зеро, ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти уларнинг ҳуқуқий билимлари, онги ва қонунларга сўзсиз итоат қилиш даражасини ифодалайди. Ушбу тушунча ходимнинг касбий бурчини бажаришда нафақат адолат ва қонунийликка риоя этишида, балки биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишда, иккинчи навбатда уни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиш билан бирга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни ўзлаштиришни ҳам талаб қилади.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг «Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик» мавзусида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактика инспекторлари учун семинар-тренинглар ташкил қилиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Семинар-тренинглар илк бора жорий йилнинг 15 июнидан 31 июлига қадар ички ишлар органларининг барча ҳудудий бўлинмаларида ўтказилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича профилактика инспекторларининг жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнида инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришдан иборат эди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 29 июнида ўтказилган профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган мажлисда кўтарилган масалалар тарғибот билан уйғун тарзда олиб борилаётганига эътибор қаратилди. Хусусан, бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар – хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари юзасидан атрофлича тушунтириш берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган масалаларнинг моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича маълумот тақдим этилди.

Хусусан, «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилинган жорий йилда маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, маҳалла еттилиги фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги вазифалар кўриб чиқилди. Айни жараёнда маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмларининг ғоят муҳимлиги таъкидланди.

Миллий марказ мутахассислари томонидан ҳамкорлар иштирокида ишлаб чиқилган семинар-тренинг дастури ва ўқув модули асосида ўтказилган ўқув машғулотларида асосий эътибор профилактика инспекторларида жиноятларнинг очилиши ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, бошқа хизматлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик жараёнида зарур бўладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларни шакллантиришга қаратилди. Қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.

Ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи унинг табиий ва ажралмас ҳуқуқи эканлиги, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонлик ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги муомалага дучор этилиши мумкин эмаслиги, вояга етмаганлар, аёллар, ногиронлар билан алоҳида тартибда муомалага киришиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўриш зарурлиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларда белгиланган мазкур нормалар янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам белгилаб қўйилгани кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда давлат органлари, энг аввало, халқ манфаатларини кўзлаб фаолият юритиши, Конституциямизда давлат органлари мансабдор шахсларининг жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланганлиги, шу сабабли, кундалик ҳаётда фуқароларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли амалга оширилиши учун профилактика инспекторлари давлат хизматчиси сифатида масъул эканликлари эслатиб ўтилди.

Маърузачилар таъкидлаганидек, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш уларнинг касбий фаолиятида инсон қадри, шаъни ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифага айлантиришга қаратилган. Сўнгги йилларда тергов ва ҳибсга олиш жараёнларида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз муносабатларга қарши қатъий ҳуқуқий чекловлар қўйилди ҳамда жавобгарлик кучайтирилди. Мазкур йўналишда жамоатчилик назорати ва парламент институционал ҳамкорлиги кенгайтирилди.

Ҳозирги вақтда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга бериладиган ҳимоя ордери институти амал қилади. Жабрланганларнинг телефонига тезкор хабар бериш тизимлари уланган. Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини поймол қилганлик, уларга нисбатан зўравонлик ишлатганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатига барҳам берилиши, Халқаро меҳнат ташкилотининг мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенция ва унинг баённомаси Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилинганлиги, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кафолатларни кучайтириш юзасидан қонун ҳужжатлари такомиллаштирилгани жаҳон ҳамжамияти ижобий эътироф этмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури орқали ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат идораларида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш каби вазифалар Миллий стратегиянинг асосий йўналишлари эканига урғу берилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичига қадам эканлиги таъкидлаб ўтилди. Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, ўтказилган семинар-тренинглар иштирокчилар учун нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки амалий фаолиятда учрайдиган муаммолар бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш имконини берди.

Шунингдек, амалиётда айрим ота-оналар фарзандларининг тарбиясига сурункали равишда эътиборсиз муносабатда бўлиши натижасида болалар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар учраб туриши қайд этилиб, бундай ҳолатларда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан самарали таъсир чораларини кўриш масаласини танқидий қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган вояга етмаган қизлар, қаровсиз қолаётган кексалар билан боғлиқ масалалар юзасидан амалдаги қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари стандартлари нуқтаи назаридан самарали чоралар кўриш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Семинар-тренинг якунида иштирокчилардан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик талабларини ўзлаштирганлигини аниқлаш мақсадида тест синовлари олиниб, уларга Миллий марказнинг тегишли намунадаги электрон сертификатлари топширилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда юқори натижаларга эришган, хизмат ҳудудлари «яшил» тоифада бўлган профилактика инспекторлари Миллий марказнинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик,

юридик фанлар доктори, профессор.

“Postda-На посту-At the post” газетасининг 2026 йил 21 августдаги 34-сони

Nashr sanasi 26.08.2026 Ko'rishlar 168
Ulashish