Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Болалар қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва манфаатларининг ҳимояси кучайтирилмоқда

Жорий йил 11 сентябрда қабул қилинган Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган педагоглар учун жавобгарлик белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, таълим ташкилотида вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш мажбурияти юклатилган шахс томонидан болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этиш, уни камситиш ёки хўрлаш, агар қилмишда жиноят ёки бошқа белгиланган ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаса, БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, педагогик фаолият жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс 1 йил давомида педагогик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Мазкур чеклов мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал ҳамда болалар учун қўшимча таълим ташкилотларига татбиқ этилади.

Қонун билан, шунингдек, давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган болага алимент тўлаши шарт бўлган ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ундириладиган алимент миқдорини камайтириш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳам жалб этилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 14.09.2026 Ko'rishlar 63
Ulashish