Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ахборот хизматлари: Замонавий талаблар ва самарадорлик йўли

Замонавий ахборот оқимида сифатли ва ишончли хабар етказиш – асосий вазифа. Ахборот хизматлари бугун қандай янги талаблар ва муаммоларга дуч келмоқда?

Бугун шиддатли ахборот оқими ҳукмрон даврда яшаяпмиз. Бунда сифатли контент ва ишончли хабар ғоят муҳим саналади. Бунинг учун қандай жиҳатларга эътибор қаратиш лозим?

Ана шундай долзарб масалаларга аниқ ечим топиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан Тошкент вилоятидаги Касаба уюшмалари федерациясига қарашли “Севарсой” сиҳатгоҳида “Ахборот хизмати фаолияти: таҳлил, тажриба ва ривожланиш” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинар доирасида давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, соҳадаги мавжуд ишлар танқидий-таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқилди. Ахборот хизматлари фаолиятида учраётган муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр ва таклифлар алмашилди. Бугунги кунда рақамли муҳитнинг жадал ўзгариб бораётгани ахборот хизматларидан тезкорлик, ташаббускорлик, замонавий ёндашув ва юқори касбий масъулиятни талаб этмоқда. Шу нуқтайи назардан, жамоатчилик учун муҳим ахборотни ўз вақтида, аниқ ва тушунарли етказиш, эҳтимолий инқирозли вазиятларга олдиндан тайёргарлик кўриш, оммавий ахборот воситалари билан конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ахборот очиқлиги ва хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида ахборот хизматлари фаолияти бўйича ўтказилган таҳлилий ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди. Журналистлар ва жамоатчилик билан очиқ, самарали мулоқотни йўлга қўйиш ахборот хизматларининг асосий вазифаларидан бири экани, ушбу йўналишдаги ишларнинг сифати фаолият самарадорлигининг муҳим мезони сифатида қайд этилди. Муҳокамалар якунида билдирилган таклифларни умумлаштириш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Шербек Исломов, ЎзА

Nashr sanasi 18.09.2026 Ko'rishlar 231
Ulashish