Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БУТУНЖАҲОН ТУРИЗМ КУНИ: ЎЗБЕКИСТОН ТУРИЗМИ — ИСЛОҲОТЛАР, ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ВА НАТИЖАЛАР

«Туризм мамлакатларимизнинг умумий фаровонлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим омилидир».

 

Шавкат МИРЗИЁEВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Ҳар йили 27 сентябрь санаси дунё бўйлаб Бутунжаҳон туризм куни сифатида нишонланади. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги халқаро кунлар орасида алоҳида аҳамиятга эга, чунки у инсониятнинг энг қадимий эҳтиёжларидан бири бўлиб, бу эса бир-бирини билиш, таниш ва тушуниш эҳтиёжи билан боғлиқдир.

Бу кун бежиз танланмаган. Бинобарин, айнан 1970 йилнинг 27 сентябрида Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Устави қабул қилинган бўлиб, 1980 йилдан буён тарихий кун расман нишонлаб келинмоқда.

Бутунжаҳон туризм кунининг мақсади туризмнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва сиёсий қадриятларини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этиш, унинг барқарор тараққиётдаги ўрнини кенгроқ англатишдан иборатдир. Бугунги кунда туризм соҳаси дунё бўйича ҳар ўн кишидан бирига иш ўрни бермоқда, юз миллионлаб оилаларнинг тирикчилик манбаига айланган. Шу боис БМТ туризмни нафақат иқтисодий тармоқ, балки ижтимоий тараққиёт, таълим ва бандликнинг катализатори сифатида баҳолайди.

Бутунжаҳон туризм куни 2026 йилда «Туризмни қайта лойиҳалаш учун рақамли кун тартиби ва сунъий интеллект» мавзуси остида ўтказилмоқда. Жорий йилдаги байрам тадбирига Сальвадор Республикаси мезбонлик қилмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бу йилги мурожаатида сунъий интеллект сайёҳнинг манзил танлашидан тортиб хизматлар кўрсатиш жараёнигача бутун соҳани ўзгартираётганини, у кичик бизнесни кучайтириши ва янги имкониятлар яратиши мумкинлигини, аммо назоратсиз қолдирилса, сайёҳлар оқимини бир неча машҳур манзил ва платформаларга торайтириб, бошқа ўнлаб муносиб йўналишларни четда қолдириши мумкинлигини таъкидлади. Бош котибнинг хулосаси аниқ ва қатъий бўлиб, технология инсоният манфаатларига хизмат қилиши лозим.

 

Ўзбекистоннинг халқаро туризм институтларидаги

иштироки

 

Ўзбекистон Республикаси Бутунжаҳон туризм ташкилотига 1993 йил 4 октябрда аъзо бўлган ва бу билан Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб ушбу ихтисослашган тузилма сафидан ўрин олган. Ўшандан буён ўтган ўттиз йилдан зиёд вақт ичида бу аъзолик шунчаки расмий мақомдан амалий, натижага йўналтирилган стратегик шерикликка айланди. Ташкилот 2024 йилда ўз номини соддалаштириб, халқаро муомалада «БМТ-Туризм» шаклида фаолият юритмоқда.

Ҳамкорликнинг институтционал шакллари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўлида туризмни ривожлантириш бўйича минтақавий марказ ва ташкилот билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ипак йўлида туризм» тематик офиси фаолият юритади.

Шунингдек, Самарқандда мамлакатимиздаги туризм соҳасидаги биринчи олий таълим муассасаси – «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ташкил этилган. Бу ерда ўнлаб давлатлардан келган талабалар таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон делегациялари ташкилотнинг Ижроия кенгаши ва Европа комиссияси ишида мунтазам иштирок этиб келади. Хусусан, Ўзбекистон 2023–2027 йилларга мўлжалланган муддатга Ижроия кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилингани эътиборга сазовор.

 

Самарқанд сессияси: минтақа учун тарихий воқеа

 

Икки томонлама ҳамкорликнинг энг юқори нуқтаси 2023 йил 16–20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси ўтказилиши бўлди.

Анжуманда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатидан юқори даражадаги делегациялар, шу жумладан ўнлаб туризм вазирлари иштирок этди. Ассамблея сессиясининг Марказий Осиёда илк бор ўтказилиши минтақа учун чинакам тарихий воқеа сифатида баҳоланди.

Сессия доирасида Ўзбекистон Президенти глобал туризмнинг долзарб муаммоларига дахлдор бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Улар орасида БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш, «яшил» туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш, инклюзив туризм инфратузилмасини кенгайтириш, Ташкилот ҳузурида Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш, шунингдек, Жаҳон ёшлар туризми саммитини Тошкентда ўтказиш таклифлари алоҳида таҳсинга лойиқ.

Айнан шу сессияда Самарқандга «Маданий туризмнинг халқаро пойтахти» мақомини бериш тўғрисидаги декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳужжатлар Ўзбекистоннинг халқаро туризм архитектурасидаги ўрнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Мамлакатимиз эндиликда фақат сайёҳларни қабул қилувчи манзил эмас, балки соҳа бўйича кадрлар тайёрлаш, ҳуқуқий меъёрлар яратиш ва халқаро муҳокамани шакллантириш марказларидан бирига айланмоқда.

 

Ички ислоҳотлар: туризмга ҳар йилги изчил эътибор

 

Сўнгги йилларда туризм Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу эътибор ҳар йили аниқ ҳуқуқий ҳужжатлар орқали хусусан, Президент фармон ва қарорлари, давлат дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган тегишли вазифалар орқали ифодаланмоқда.

Бу мақсад-вазифаларни бир неча йўналишга ажратиб кўрсатиш мумкин.

Биринчидан, виза сиёсатининг либераллашуви. Бугунги кунда юзга яқин давлат фуқаролари учун визасиз кириш тартиби, яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тизими қўлланилмоқда. Бундай чора сайёҳлар учун кириш тўсиқларини кескин камайтирди.

Иккинчидан, инфратузилма ва инвестициялар. Меҳмонхона ўринлари сони босқичма-босқич кўпайтирилиб, янги туристик маршрутлар очилди, хусусий авиакомпаниялар фаолият бошлади. Фақат Самарқанд шаҳрининг ўзида туристик инфратузилмани янгилашга бир миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. Солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар тизими йўлга қўйилди. Яқинда туризм соҳасидаги стартапларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида субсидиялар жорий этилгани ҳам шу сиёсатнинг давомидир.

Учинчидан, транспорт инфратузилмаси интеграцияси. Тезюрар поездлар парки кенгайтирилмоқда, янги темир йўл йўналишлари қурилмоқда, авиақатновлар сонини бир неча баробар ошириш ва аэропортларда «очиқ осмон» режимини жорий этиш вазифаси белгиланган. Сайёҳлар оқимининг ўсиши айнан халқаро авиақатновлар тармоғининг кенгайиши билан узвий боғлиқ ҳолда кечмоқда.

Тўртинчидан, маданий мерос ва зиёрат туризми. Мамлакатда саккиз мингдан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларнинг икки юздан зиёди ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шунингдек, «Кўҳна тарих дурдоналари» миллий дастури доирасида сайёҳларни жалб қиладиган мерос объектлари сони бир неча баробар кўпайтирилиб, юзлаб ёдгорликлар реставрация қилинмоқда, айримларида «очиқ осмон остидаги музей»лар ташкил этилмоқда.

Бешинчидан, кадрлар ва хавфсизлик. Ўзбекистондаги ўттиздан ортиқ олий таълим муассасасида соҳа мутахассислари халқаро стандартлар асосида тайёрланмоқда. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида алоҳида туризм полицияси ташкил этилган.

Эътиборлиси, бундай қамровдор ислоҳотларнинг самараси статистик кўрсаткичларда янада аниқ акс этмоқда. Хусусан, 2023 йилда мамлакатга 6,6 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич сезиларли ошди, 2025 йил якунларига кўра эса Ўзбекистонга 11,7 миллион хорижий фуқаро сайёҳлик мақсадида ташриф буюрди. Бу салмоқли рақам мамлакатимиз тарихидаги энг юқори натижадир.

Ўзбекистон 2025 йил апрель ойидан бошлаб тарихда биринчи марта ҳар ойда бир миллиондан ортиқ хорижий сайёҳни қабул қила бошлади. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўша йилнинг ўн бир ойида мамлакатга 200 та давлатдан сайёҳлар келган. Уларнинг ёш таркибида энг катта улушнинг беш миллиондан ортиғини 31–55 ёшдаги фаол меҳнат ва саёҳат ёшидаги кишилар ташкил этган.

Бу ўсиш халқаро даражада ҳам эътироф этилди. Бутунжаҳон туризм ташкилотининг «World Tourism Barometer» маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг тўққиз ойида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёда энг юқори ўсиш қайд этилган еттита давлат қаторига кирди. Бинобарин, мамлакатга ташриф буюрган сайёҳлар оқими 2019 йил даражасига нисбатан 73 фоизга ошдин. Шу даврда Ўзбекистон Европа минтақаси бўйича энг юқори ўсишга эришган тўртта йўналиш қаторидан ҳам ўрин олди.

Жорий, 2026 йилда ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Йилнинг дастлабки саккиз ойида мамлакатга 9,1 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,1 фоизга кўпдир. Энг юқори ўсиш суръати Хитой ҳиссига тўғри келиб, мазкур мамлакатдан ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,3 баробар кўпайди.

Соҳанинг иқтисодий самадорлиги ҳам шунга мос равишда юқоридир. Хусусан, 2025 йилда туристик хизматлар экспорти рекорд даражага — 3,6 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Ўз навбатида, 2026 йилнинг етти ойида бу кўрсаткич 3,9 миллиард долларга етди. Туризм шу тариқа мамлакатимизнинг барқарор ва тез ўсувчи соҳасига айланмоқда.

Сифат кўрсаткичлари ҳам эътиборга лойиқ. Ўзбекистон «Галлуп» тадқиқот марказининг саёҳат учун хавфсиз давлатлар рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда, «National Geographic Traveler Awards» рўйхатида гастрономик туризм номинацияси ғолиби бўлган, «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси»да эса энг кучли саёҳат йўналишларидан бири сифатида тан олинган.

Бу йилги Бутунжаҳон туризм кунининг рақамли кун тартиби ва сунъий интеллектга бағишланиши Ўзбекистон учун ҳам бевосита амалий аҳамиятга эга. Сайёҳнинг манзил танлаши, авиачипта ва меҳмонхона бронь қилиши, маршрут тузиши бугун алгоритмлар тавсияси орқали кечмоқда.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, рақамли кўринувчанлик масаласини олдинги ўринга олиб чиқади. Халқаро платформаларда тўғри, бой ва кўп тилли маълумотга эга бўлмаган манзил, қанчалик бетакрор бўлмасин, сайёҳ эътиборидан четда қолиш хавфи остида туради.

Ўзбекистон учун Буюк ипак йўлининг меъморий дурдоналари, ҳунармандчилик анъаналари, гастрономия ва ноёб табиат объектлари ҳақидаги рақамли контентни халқаро стандартларда шакллантириш, миллий туристик маълумотлар базаларини очиқ ва машина ўқий оладиган ҳолатга келтириш, сунъий интеллектга асосланган таржима ва йўл кўрсатув хизматларини жорий этиш –буларнинг барчаси яқин йилларнинг аниқ вазифаларидир. Шу маънода, БМТ Бош котиби таъкидлаган «технология инсониятга хизмат қилиши керак» деган тамойил мамлакатимиз ва минтақамиз учун оддий шиор эмас, балки ўз меросини глобал рақамли майдонда муносиб намоён этиш масаласидир.

 

Минтақавий ўлчов ва ички туризм

 

Ўзбекистон туризм сиёсатининг яна бир муҳим жиҳати — унинг минтақавий моҳияти ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари билан қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш, транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, хусусан «Бир тур — бутун минтақа» ғоясини амалга ошириш диққат марказида турибди.

Бундай ёндашув минтақани халқаро бозорда ягона, рақобатбардош туристик бренд сифатида тақдим этиш имконини беради. Қолаверса, узоқ масофадан келадиган сайёҳ учун саёҳатни иқтисодий жиҳатдан янада мақбул қилади.

Айни пайтда ички туризм ҳам мустақил устувор йўналиш сифатида шаклланмоқда. Йирик шаҳарлар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда туризм кластерлари ташкил этилмоқда, анъанавий турмуш тарзи ва ҳунармандчиликка асосланган туризм қишлоқлари йўлга қўйилмоқда.

Айниқса, «Амирсой» қишки курорти, «Афсоналар водийси», «Зомин» ва «Чорвоқ» ҳудудлари нафақат ички сайёҳлар, балки хорижлик меҳмонлар учун ҳам танилган масканларга айланди. Тиббий, экологик, гастрономик, этно ва экстремал туризм йўналишларининг ривожлантирилиши эса мавсумийлик муаммосини юмшатиб, даромадни йил давомида текис тақсимлаш имконини бермоқда.

Хулоса қилиб айтганда, 27 сентябрь – Ўзбекистон учун нафақат халқаро тақвимдаги сана, балки ўттиз йилдан зиёд давом этаётган халқаро ҳамкорлик ва сўнгги йиллардаги изчил ислоҳотлар натижаларини сарҳисоб қилиш имкониятидир. Таъбир жоиз бўлса, Бутунжаҳон туризм ташкилотига 1993 йилдаги аъзоликдан 2023 йилдаги Самарқанд сессиясигача, олти миллиондан ўн бир ярим миллион сайёҳгача бўлган йўл мамлакатимизнинг очиқлик сиёсати ва тизимли ёндашуви мевасидир.

Айни пайтда эришилган натижалар якуний нуқта эмас. Зеро, 2030 йилга қадар хорижий сайёҳлар сонини 15 миллионга, ички туризм оқимини 25 миллионга етказиш, соҳа ҳисобига камида бир миллион янги иш ўрни яратиш вазифаси белгиланган.

Бу мақсадларга эришиш инфратузилма ва инвестиция билан бир қаторда хизмат сифати, кадрлар тайёргарлиги, маданий мерос муҳофазаси ва рақамли трансформация масалаларини бирдек ҳал этишни талаб қилади. Туризм эса, моҳиятан, фақат иқтисодий кўрсаткич эмас у халқлар ўртасидаги маданий алмашувни кучайтирадиган, бағрикенглик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайдиган қудратли восита ҳамдир.

 

Севинч ЖАМШИДОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

Nashr sanasi 26.09.2026 Ko'rishlar 20
Ulashish