Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Болаларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш – давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири

2 – 3 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ялпи мажлисда, жумладан, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ҳамда маъқулланди.

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аммо амалиёт таҳлили вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳолатларига қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда процессуал ҳимоя механизмларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат кодексига ҳамда бир қатор қонунларга принципиал ва қатъий ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар учун узоқ муддатга – 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.

Ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмайди, шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланади.

Суд ва тергов жараёнларида болаларни қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш мақсадида зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими билан ўтказиш ҳамда болага процессуал жараён бошиданоқ давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, таълим ва тарбия муассасалари ходимлари томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилганда, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси киритилмоқда.

Ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёшини бузиш ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жазолар кескин кучайтирилмоқда.

Сенаторлар ушбу қонун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга, содир этилган қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга ҳамда ҳар бир боланинг хавфсиз ва адолатли муҳитда камол топишига хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилганидек, Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 16 та масала, шу жумладан 15 та қонун кўриб чиқилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 05.10.2026 Ko'rishlar 55
Ulashish