Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Самарқандда ўтказилган Жаҳон саммитида Миллий марказ вакили қатнашди

2026 йил 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги «Silk Road Samarkand» туристик мажмуасида «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» мавзусидаги Жаҳон саммити бўлиб ўтди. Анжуманда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 600 дан зиёд иштирокчи — давлат ва ҳукумат вакиллари, вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари, шунингдек, болалар ва ўсмирлар қатнашди.

Саммит Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича Махсус вакили, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларига табрик йўллади. Давлат раҳбари ўз табригида болаларни ҳаётнинг илк босқичлариданоқ қўллаб-қувватлаш, болалар онкологияси, хавфсиз рақамли муҳитни таъминлаш ҳамда болаларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш каби устувор йўналишларни белгилаб берди, болалар фаровонлиги масалалари бўйича амалий мулоқот учун Самарқанд платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Очилиш маросимида БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси раиси, қатор давлатларнинг биринчи хонимлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам сўзга чиқди.

Саммитнинг ялпи сессияларида болалар ва оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бола ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, болалар саломатлиги, эрта болалик давридаги ривожланиш ҳамда инклюзив таълим масалалари муҳокама қилинди. Анжуман доирасида Болалар онкологияси бўйича II Халқаро конгресс ҳам ўтказилди.

Саммит ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова иштирок этди. Миллий марказ Ўзбекистоннинг халқаро инсон ҳуқуқлари шартномалари, жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўйича миллий маърузалар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштирувчи давлат органи сифатида саммит муҳокамалари ва унинг якуний ҳужжатларини бола ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги миллий чора-тадбирларни такомиллаштириш нуқтаи назаридан муҳим деб ҳисоблайди.

Саммит доирасида Миллий марказ директори ўринбосари Д.Муратова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) С.Раҳмонова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари М.Қаландарова билан биргаликда Самарқанд шаҳрида 21 октябрь куни очилган, халқаро «Барнаҳус» модели асосида фаолият юритувчи «Нажот» болалар марказига ташриф буюрди.

Президентимизнинг 2026 йил 14 октябрдаги қарори билан ташкил этилган ушу Марказда зўравонликдан жабрланган болалар билан тергов ҳаракатлари болага мослаштирилган шароитда, психолог ва ижтимоий ходим иштирокида ўтказилади. Бу, ўз навбатида боланинг қайта руҳий жароҳатланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Саммит якунида болалар фаровонлигига инвестиция киритиш бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимларини мустаҳкамлаш, зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий йўл харитаси бўлиб хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 22.10.2026 Ko'rishlar 43
Ulashish