20-21 октябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Олма-ота шаҳрида “Қочоқлар ҳуқуқларининг халқаро ҳимояси” мавзусида минтақавий ўқув семинари бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Қочоқлар иши бўйича Олий комиссари Бошқармаси (UNHCR) томонидан ташкил этилди.
Машғулотларда асосий эътибор қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар, бу борадаги ҳимоя шакллари ва халқаро процедуралар ҳақида маълумот беришга қаратилди. Шунингдек, тадбир мавзуси доирасида амалий машғулотлар ўтказиш орқали иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ҳам иштирок этган мазкур тадбирда Марказий Осиё мамлакатларининг давлат ва нодавлат ташкилотларидан жами
32 нафар мутахассис иштирок этди.
Ўқув семинарида қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича асосий халқаро стандартлар, UNHCR мандати, бошпана ва ёрдам тақдим этишнинг асосий тамойиллари, Марказий Осиё давлатларининг қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигининг шарҳи, қочоқлар мақомини бериш, халқаро ҳимоя тақдим этиш ва миллий хавфсизликни таъминлаш масалалари каби қатор мавзулар бўйича маърузалар тингланди.
UNHCR вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойиллари доирасида олиб бораётган сиёсатига ижобий баҳо бердилар.
Ишчан руҳда ўтган ўқув семинари қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар билан танишиш ҳамда Марказий Осиё давлатларида муҳтож шахсларга бошпана бериш бўйича жорий амалиёт юзасидан ўзаро тажриба алмашиш имконини туғдирди.
Тадбир якунида барча иштирокчиларга тегишли сертификатлар тақдим этилди ҳамда бундай ўқув тадбирларини келгусида ҳам давом эттиришга келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
