Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги яна бир ўзига хос ютуғи

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг «Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг расмий ҳужжати мақомига эга бўлди.

Бундай таҳсинга сазовор воқеа, бир томондан, “Самарқанд руҳи”нинг навбатдаги халқаро эътирофи бўлса, иккинчи томондан, Самарқанд форумининг якуний ҳужжатида акс этган долзарб вазифаларни бажариш имкониятларини тубдан кенгайтириши билан ғоят аҳамиятлидир.

БМТнинг А/81/444-рақамли айни ҳужжати нуфузли халқаро ташкилот иш олиб борадиган  6 та расмий тилга ўгирилди ва эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, ушбу ҳужжатнинг дунё миқёсида кенг тарқалишига хизмат қилади.

Мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишлари, жумладан, халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш, тенгсизликни камайтириш, инклюзия ва тенг имкониятларни таъминлаш, рақамли ва табиий муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича истиқболдаги долзарб ҳамда муҳим вазифалар белгиланган.

Ҳужжат тенгсизликни қисқартириш, инклюзия ва тенг имкониятларни таъминлаш, рақамли ва табиий муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этишни назарда тутади.

Ҳужжатда таъкидланганидек, биз 2040 йилга бориб, халқаро шартномалар ва универсал стандартларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида самарали ҳурмат қилинадиган, ҳимоя қилинадиган ва амалга ошириладиган дунё сари янада сезиларли тараққиётни кўришга интиламиз.

Шу муносабат билан халқаро инсон ҳуқуқлари тизими универсаллик ва тенглик; халқаро ҳуқуқ ва стандартларни миллий миқёсда жорий этиш; ижтимоий адолат ҳамда қашшоқлик ва тенгсизликни камайтириш; инклюзивлик ва тенг имкониятлар; рақамли ва табиий муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; можаро ва инқироз вазиятларида инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш; халқаро бирдамлик ва кўп томонлама ҳамкорлик асосида мустаҳкамланиши лозим.

Шунингдек, «Самарқанд нигоҳи – 2040» ҳужжатининг асосий тамойиллари ва устувор йўналишлари доирасидаги муҳим вазифалар ижросини мониторинг қилиб бориш мақсадида индикаторлар тизимини ишлаб чиқиш, ҳамкорлик учун Самарқанд рақамли платформасини яратиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, ҳужжат қоидаларини миллий стратегиялар ва режаларда ҳисобга олиш, ихтиёрий равишда ахборот ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Форум иштирокчилари томонидан «Самарқанд нигоҳи – 2040» ҳужжатининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги барча тегишли органлар ва ташкилотлар, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва фаоллари, академик ва эксперт марказлари ўртасида тарқатиш таклиф этилганди.

БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг якуний ҳужжати юзасидан қабул қилинган қарор Форум иштирокчиларининг бу борадаги таклиф ва истаклари аллақачон рўёбга чиқаётганидан ёрқин далолатдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Форум иши миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиоканалларда, шунингдек, расмий ва ижтимоий медиа манбаларида кенг ёритилганига оид айрим далил ва рақамларни келтирмоқчимиз.

Бешинчи Самарқанд форумига бағишланган 200 тадан ортиқ ахборот, шу жумладан, халқаро экспертларнинг чиқишлари, юқори даражадаги учрашувлар, мавзули муҳокамалар, илгари сурилган ташаббуслар ҳамда эришилган натижаларга оид материаллар миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида 8 тилда эълон қилинди.

Жумладан, 9 та телекўрсатув ва 7 та радиоэшиттириш бевосита Форум тафсилотларига бағишланди.

Бу борада миллий оммавий ахборот воситаларидан — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА), «Дунё» ахборот агентлиги, «Халқ сўзи», «Янги Ўзбекистон», «Правда Востока», Gazeta.uz, UzDaily каби нуфузли нашрлар пешқадам бўлди.

Шу билан бирга, Форумни Мисрнинг Эл-Дамеэр ва Al-Diplomasy, Корея Республикасининг Кореа Пост, Туркманистоннинг Arzuw NEWS ва Туркменпортал, шунингдек, Terra News, Спутник Узбекистан сингари хорижий оммавий ахборот воситалари изчил ёритди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий веб-сайтида Форум ишининг барча тафсилотларига оид ахборотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида  ҳамда ижтимоий тармоқларда матнли, видео ва фото ахборотлар тезкор тарзида жойлаштириб борилди. Форумнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида брифинг ташкил этилди.

 

Ғулом МИРЗО,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази матбуот хизматининг раҳбари

Nashr sanasi 29.10.2026 Ko'rishlar 40
Ulashish