Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Самарқанд форуми инсон хавфсизлиги масалаларига доир халқаро ёндашувлар билан яқиндан танишиш имконини берди

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 2026 йил 28–29 сентябрь кунлари ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланишга эришиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларига бағишланди.

Форумда давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, академик ҳамжамият ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари қатнашди. Мен ҳам Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи сифатида нуфузли халқаро анжуманда иштирок этдим.

Форум доирасидаги муҳокамалар ва якуний материалларни Академиямиз фаолияти нуқтаи назаридан синчиклаб ўрганишга интилдим. Шу аснода, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, табиий офатлар хавфини камайтириш, гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг долзарблигига алоҳида эътибор қаратдим.

Форум якунида «Самарқанд нигоҳи – 2040: Инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжат қабул қилинди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат, инклюзивлик, экологик хавфсизлик, иқлим ўзгариши, рақамли муҳит ва сунъий интеллект, тинчлик ҳамда халқаро гуманитар ҳуқуқ масалалари ўз аксини топган.

Хусусан, мазкур ҳужжатда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида иқлим ва сув хавфсизлиги, табиий офатларга тайёргарлик ҳамда гуманитар фаолият бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилгани Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун амалий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Жорий йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикасининг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили томонидан Самарқанд форумининг Якуний ҳужжати БМТ Бош котибига тақдим этилган. Ўз навбатида, тегишли хат ва илова 20 октябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида А/81/444-сонли расмий ҳужжат сифатида тарқатилгани Форум натижаларининг халқаро миқёсда ёритилишига хизмат қилди.

Форумдаги иштироким якунлари бўйича «Самарқанд нигоҳи – 2040» ҳужжатида белгиланган, Академия фаолиятига дахлдор йўналишларни ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот ишлари билан уйғунлаштириш, фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш борасидаги илғор ёндашувларни ўрганиш ҳамда тегишли халқаро тажрибани таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ, деб биламан.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Форум инсон хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш масалаларига доир халқаро ёндашувлар билан яқиндан танишиш, шу жумладан Академия учун долзарб йўналишларни белгилаш ва халқаро илмий-маърифий мулоқотни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.

 

Музаффар Мамасиддиқов,

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор

Nashr sanasi 30.10.2026 Ko'rishlar 54
Ulashish