Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон ислоҳотлари ва Самарқанд ташаббусининг муштарак жиҳатлари

Ўтган ойда бўлиб ўтган Бешинчи Самарқанд форуми якуний ҳужжати – «Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик»нинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 81-сессияси расмий ҳужжати (А/81/444) сифатида эълон қилиниши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ташаббуслари учун муҳим воқеадир.

Ушбу ҳужжатнинг аҳамиятини баҳолашда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамжамият олдида турган асосий вазифа янги тамойилларни эълон қилишдангина иборат эмас. Энг муҳими, мавжуд халқаро мажбуриятларни миллий қонунчилик, давлат бошқаруви ва инсонларнинг кундалик ҳаётида самарали амалга оширишдир.

Шу маънода, «Самарқанд нигоҳи – 2040» нафақат келажак ҳақидаги умумий тасаввур, балки халқаро стандартларни миллий тажриба билан боғлашга қаратилган муҳим ташаббус сифатида эътиборга молик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий ғояси сифатида «Инсон қадри ва манфаатлари учун» тамойилини алоҳида таъкидлади.  Ушбу ёндашув 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди.

Конституциянинг 54-моддасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги белгиланди. Мазкур конституциявий тамойил 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда 2026 йил 16 февралдаги Президент Фармонида белгиланган устувор вазифалар билан узвий боғлиқдир.

Бу борада амалга оширилаётган ишларнинг муайян натижалари ҳам мавжуд. Жумладан, Президентимизнинг 2026 йил 8 январдаги прокуратура органлари ходимларига йўллаган табригида келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда прокуратура органлари фаолияти натижасида қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 54 мингга яқин мурожаат, шу жумладан, салкам 29 минг нафар тадбиркорнинг масаласи ҳал этилган.

Мазкур рақамлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат институтлари фаолиятининг амалий натижаларини кўрсатади. Айни вақтда бундай натижаларни янада чуқур баҳолаш учун тикланган ҳуқуқларнинг барқарор таъминланиши, қонунбузилишлар такрорланишининг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоядан қониқиш даражасини ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Бироқ халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ҳуқуқий кафолатларни яратиш ислоҳотларнинг бошланғич босқичидир. Уларнинг самарадорлиги фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари қай даражада тикланаётгани, давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва жамоатчилик назоратининг амалий таъсири орқали намоён бўлади.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим амалий ютуқларидан бири пахтачиликда тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилганидир. Халқаро меҳнат ташкилотининг 2021 йилги пахта йиғим-терими юзасидан ўтказган мустақил мониторинги натижаларига кўра, теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий равишда меҳнат қилган.

Ташкилот мамлакат пахтачилигида тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилганини эътироф этган. Бу натижа халқаро стандартларни миллий сиёсатга татбиқ этиш, мониторинг ўтказиш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш орқали сезиларли ўзгаришларга эришиш мумкинлигини кўрсатади.

Мазкур тажрибани Германия амалиёти билан қиёслаш ҳам фойдалидир. Германияда 2023 йилдан кучга кирган таъминот занжирларида корхоналарнинг масъулиятли фаолият юритиши тўғрисидаги қонун йирик компаниялардан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавфларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва шикоятларни кўриб чиқиш механизмларини ташкил этишни талаб қилади.

Ўзбекистоннинг пахтачиликдаги муваффақияти ва Германиянинг мазкур тажрибаси ўзаро бир-бирини тўлдирувчи муҳим хулосани юзага келтиради: инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат назорати билан бирга тадбиркорлик субъектларининг масъулияти ҳам муҳимдир.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ёндашувларни янада такомиллаштириш, корхоналарда инсон ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатиш хавфларини баҳолаш ҳамда самарали шикоят механизмларини ривожлантириш истиқболли йўналишлардан бири бўлиши мумкин.

 «Самарқанд нигоҳи – 2040» ҳужжатида фуқаросизлик ҳолатларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Бу йўналишда Ўзбекистон салмоқли амалий тажрибага эга. БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси маълумотларига кўра, 2020–2023 йилларда мамлакатимизда қарийб 79 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахснинг фуқаролиги тасдиқланган ёки уларга фуқаролик берилган.

Бу мисол «Самарқанд нигоҳи – 2040»да илгари сурилган халқаро тажриба алмашинуви ғоясининг амалий аҳамиятини яққол намойиш этади. Янги Ўзбекистоннинг эришган натижалари юқори баҳоланиши билан бирга, 2040 йилгача фуқаросизликни янада қисқартириш, туғилишларни тўлиқ рўйхатга олиш ва барча шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига асосланган ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдир. Шу маънода, 2023 йилда Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши бу борадаги институционал ўзгаришлардан бири бўлди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, маҳаллалар даражасида 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.

Президентимиз 2025 йил 17 сентябрь куни «Камбағалликдан фаровонлик сари» мавзусидаги халқаро форумда қайд этишича, ўша йилнинг ўзида 2 миллион 700 минг нафар аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилган. Парваришга муҳтож оилалар аъзоларига янги хизматлар жорий этилиши 50 минг нафар меҳнатга лаёқатли шахснинг ишлаши учун имконият яратган.

Бундай амалий натижалар ижтимоий ҳимояни фақат моддий ёрдам билан чекламасдан, инсоннинг мустақил ҳаёт кечириши ва жамиятда фаол иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ёндашувнинг аҳамиятини кўрсатади.

Шу билан бирга, ижтимоий хизматларнинг сифати ва қамрови ҳудудлар кесимида бир хил эмаслиги, айрим жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлик даражаси пастлиги каби масалалар ҳам мавжуд. Бинобарин, келгусида ижтимоий ҳимоя самарадорлигини нафақат хизмат кўрсатилган шахслар сони, балки уларнинг турмуш сифатидаги реал ўзгаришлар орқали баҳолаш зарур.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2021 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилгани, 2023 йилда хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонунчиликни кучайтиргани халқаро стандартларни миллий ҳуқуқ тизимига жорий этиш йўлидаги муҳим қадамлардир.

Бироқ бундай ислоҳотларнинг узоқ муддатли самараси хизматларнинг ҳудудлар бўйича тенг мавжудлиги, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит яратилиши ва эҳтиёжманд аҳолининг ҳуқуқий ҳимоядан амалда фойдаланиш имкониятлари орқали баҳоланиши керак.

Экологик ҳуқуқлар масаласида ҳам Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси мавжуд. Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йилда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

«Самарқанд нигоҳи – 2040»да Орол денгизи инқирозининг экологик ва ижтимоий оқибатлари алоҳида қайд этилгани ушбу ташаббуснинг мантиқий давомидир. Эндиликда экологик дастурларнинг самарадорлигини аҳолининг саломатлиги, ичимлик сувига бўлган ҳуқуқи, экологик ахборотдан фойдаланиш ва қарорлар қабул қилишдаги иштироки билан боғлаб баҳолаш муҳим.

Рақамли технологиялар соҳасида эса 2024 йилда тасдиқланган Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси муҳим миллий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, сунъий интеллектни кенг жорий этиш шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, алгоритмик камситишнинг олдини олиш ва автоматлаштирилган қарорлар устидан инсон назоратини таъминлаш билан биргаликда олиб борилиши лозим.

Самарқанд ташаббусининг энг катта истиқболи унинг амалий натижаларни ўлчаш имкониятларини яратишидадир. Якуний ҳужжатга илова қилинган «Йўл харитаси»га мувофиқ, 2027 йилда устувор йўналишлар бўйича кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш, 2028 йилда дастлабки ихтиёрий шарҳни ўтказиш, 2030 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлиқликни баҳолаш, 2040 йилда эса якуний шарҳни амалга ошириш назарда тутилган.

Бунда фақат бажарилган тадбирлар ёки қабул қилинган ҳужжатлар сонини ҳисоблаш етарли бўлмайди. Масалан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро тавсияларнинг бажарилиши, бузилган ҳуқуқларнинг тикланиши, аҳолининг ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиши, меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиниши ва ижтимоий хизматларнинг сифати каби кўрсаткичлар ҳам муҳим ўрин тутиши лозим.

Айниқса, Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформаси ташкил этилса, унда давлатларнинг нафақат ютуқлари, балки дуч келаётган муаммолари, уларни ҳал этиш усуллари ва олинган амалий сабоқларини ҳам жамлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай ёндашув халқаро ҳамкорликни расмий ахборот алмашинувидан ўзаро ўрганиш ва натижаларга асосланган ҳамкорлик даражасига олиб чиқади.

Хулоса қилиб айтганда, Бешинчи Самарқанд форуми якуний ҳужжатининг БМТ Бош Ассамблеяси расмий ҳужжати сифатида эълон қилиниши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлаш билан бирга, мамлакатимизда тўпланган амалий тажрибани халқаро миқёсда баҳам кўриш учун янги имкониятлар яратмоқда.

Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатадики, изчил сиёсий ирода, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий ислоҳотлар ва мустақил мониторинг бирлашганда инсон ҳуқуқлари соҳасида сезиларли натижаларга эришиш мумкин.

Эндиги асосий вазифа ана шу тажрибани янги йўналишларга татбиқ этиш, мавжуд муаммоларга очиқ ёндашиш ва ҳар бир халқаро ташаббусни аниқ натижаларга боғлашдан иборат.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳақиқий тараққиёт халқаро ҳужжатларнинг сони ёки нуфузи билангина эмас, балки инсон ҳаёти, эркинлиги ва фаровонлигида юз бераётган реал ўзгаришлар билан ўлчанади.

 

Робия Арслонова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича 

Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси

Nashr sanasi 30.10.2026 Ko'rishlar 57
Ulashish