Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Наманган вилоятида сайёр қабуллар ўтказилди

Жорий йилнинг 28-30 октябрь кунлари Наманган вилоятининг Чуст ва Поп туманларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходимлари қатнашди.

Ҳамюртларимиз билан жонли мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги  қарори талаблари ва Миллий марказнинг 2026 йилги иш режаси доирасида ташкил этилди.

Учрашувлар, хусусан, Чуст тумани ҳокимлиги, прокуратура, адлия бўлими, кадастр агентлиги, қишлоқ хўжалиги бўлими, Давлат солиқ инспекцияси ва Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда туман адлия бўлими биносида ва “Олмос”, “Юқори” ҳамда “Чуст гулзори” маҳаллаларида ўтказилди.

Яна бир туркум учрашувлар Поп тумани ҳокимлиги, прокуратураси, адлия, кадастр агентлиги, архитектура ҳамда Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда адлия бўлими биносида, Алишер Навоий номидаги, шунингдек, “Бирлашган” ва “Анҳор” маҳаллаларида бўлиб ўтди.

Мулоқотларда маҳаллий, ҳудудий идоралар вакиллари ва масъул ходимлари ҳамда 130 нафардан ортиқ фуқаро қатнашди.

Учрашувларда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз борди.

Айниқса, жорий йилнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган долзарб масалалар ва мутасадди раҳбарларга берилган топшириқлар борасида атрофлича фикр юритилди.

Мулоқотлар асносида мурожаатлар билан ишлашга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга ва назорат қилишга масъул идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти бўйича ҳам тушунчалар берилди.

Айни ҳудудларда фуқаролар билан сайёр қабуллар ҳам ташкил этилди. Чуст туманида ўтказилган сайёр қабулда 57 нафар, Поп туманидаги сайёр қабулда 73 нафар фуқаро иштирок этди.

Сайёр қабулларда иштирок этган жами 130 нафар фуқаронинг 68 нафари ижтимоий, 29 нафари иқтисодий ва 48 нафари бошқа масалалар бўйича ўз муаммоларини баён этди. Уларнинг ариза ва таклифлари кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Шунингдек, сайёр қабуллар жараёнида бир гуруҳ фуқароларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди. Уларга мурожаатларда кўтарилган масалалар ечими юзасидан зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Дилшод Турғунов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси

Nashr sanasi 02.11.2026 Ko'rishlar 174
Ulashish