2026 йил 3–4 ноябрь кунлари Женева халқаро конференция марказида «Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал мулоқот» бўлиб ўтди. Швейцария Конфедерацияси ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) томонидан ташкил этилган ушбу Форум ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди.
Мулоқотни Швейцария Федерал ташқи ишлар департаменти давлат котиби Александр Фазел ва ХҚХҚ президенти Миряна Сполярич Эггер олиб борди. Форум халқаро гуманитар ҳуқуққа бўлган сиёсий содиқликни кучайтириш бўйича Глобал ташаббуснинг якуний ҳужжатлари тақдим этилган асосий майдонга айланди. Етти йўналишни қамраб олган ушбу ҳужжатлар 160 дан ортиқ давлат иштирок этган беш босқичли маслаҳатлашувлар якунлари бўйича тайёрланган.
Анжуманнинг биринчи куни “Глобал маслаҳатлашувлардан глобал ҳаракатлар сари” мавзусидаги ялпи мажлис билан очилди. Шундан сўнг жамиятда халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини қарор топтириш, тинч аҳолининг ҳаётий таъминот тизимларини ҳимоя қилиш ҳамда янги технологияларнинг инсонпарварликка хизмат қилишига эришиш масалаларига бағишланган учта параллел давра суҳбати ўтказилди.
Қизғин муҳокамалар “Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва тинчлик” мавзусидаги юқори даражадаги ялпи мунозара билан якунланди.
Тадбирнинг иккинчи куни “Ташаббус якунларини амалиётга татбиқ этиш масалалари”га бағишланди. Иштирокчилар давлат ичидаги чора-тадбирлар, халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ихтиёрий маърузаларни ўз ичига олган ижрони назорат қилиш механизмларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот давомида Акмал Саидов ялпи мажлислар ва мавзули сессияларда иштирок этиб, Ташаббуснинг якуний ҳужжатлари ҳамда халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш бўйича давлатларнинг илғор тажрибаси билан танишди.
Глобал мулоқот 2026 йил 7 декабрь куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида бўлиб ўтадиган “Уруш даврида инсонпарварлик” мавзусидаги юқори даражали конференцияга тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
