29 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши раиси, Россия Президентининг маслаҳатчиси, «Петербург мулоқоти» форумининг «Фуқаролик жамияти» ишчи гуруҳи раҳбари Валерий Фадеев бошчилигидаги Россия делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди.
Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортда меҳмонларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов кутиб олди.
Ўзбекистон билан Россия экспертлари иштирокида 30 ноябрь куни «Ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда сунъий интеллект технологияларини қўллаш жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилиш: ҳуқуқий тартибга солишнинг долзарб муаммолари ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтади.
Россия Федерацияси делегациясининг “Инсон ҳуқуқлари уйи” билан танишуви ҳам кўзда тутилган. Бу ерда Миллий марказ томонидан нашр этилган инсон ҳуқуқларига оид китоб-журналларнинг тақдимоти ва кўргазмаси ташкил этилади.
Меҳмонлар, шунингдек, пойтахтимизнинг Ислом цивилизация маркази, Замонавий санъат маркази, “Ғалаба боғи” мажмуаси каби диққатга сазовор масканларини томоша қиладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
