Ходим меҳнатини муҳофаза қилиш – иш берувчининг вазифаси

2003 йил 28 апрель – “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган.

Кундалик ҳаётимизда ҳар жабҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларида меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида кўп эшитамиз. Меҳнатни муҳофаза қилиш дегани ўзи нимани англатади?

Бунинг учун 2016 йил 22 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга мурожаат қиламиз.   Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ:

Меҳнатни муҳофаза қилиш — меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизимидир.

Мазкур қонун талабларига кўра, Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқариш Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчиликка мувофиқ айрим ваколатларга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Дунёда меҳнат қонунлари ва меҳнат шароитларини яхшилаш масалалари бўйича конвенция ва тегишли тавсияларни ишлаб чиқишга масъул бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган муассасаси сифатида 1919 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти  (ХМТ) ташкил этилган. У дастлаб Халқаро комиссия деб юритилган.

Ушбу ташкилот барча учун маълум бўлган 8 соатлик иш куни, оналикни ҳимоя қилиш, болалар меҳнатига оид қонунлар, иш жойларида хавфсизликни таъминлаш юзасидан халқаро нормалар ишлаб чиқилиши, иш билан бандлик дастурларини тайёрлашда катта ҳисса қўшган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда ХМТга 187 та давлат иштирокчи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда ХМТга аъзо давлатлар таркибига кирган бўлиб, ушбу Халқаро меҳнат ташкилотининг 14 та конвенциясини ратифицикация қилган. Булар:

- Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенция (С29) - 13.07.1992;

- Қирқ соатлик иш ҳафтаси ҳақидаги конвенция (С47)-13.07.1992;

- Байрам кунларига ҳақ тўлаш ҳақидаги конвенция (С52)- 13.07.1992;

- Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция (С87) - 17.06.1948;

- Бирлашиш эркинлиги ҳақидаги конвенция (С98) - 13.07.1992;

- Бажарилган меҳнат учун бир хил маош тўлови ҳақидаги конвенция (С100) - 13.07.1992;

- Оналикни ҳимоя қилиш ҳақидаги конвенция (С103) - 13.07.1992;

- Мажбурий меҳнатни йўқотиш тўғрисидаги конвенция (С105)15.12.1997;

- Дискриминация ҳақидаги конвенция (С111) - 13.07.1992;

- Бандлик сиёсати ҳақидаги конвенция (С122) - 13.07.1992;

- Меҳнаткашларнинг вакиллари ҳақидаги конвенция (С135) - 15.12.1997;

- Коллектив шартномалар ҳақидаги конвенция (С154)- 15.12.1997;

- Ишга олишда минимал ёш ҳақидаги конвенция (С138) – 03.2008;

- Болалар меҳнатини энг ёмон формаларини тақиқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш ҳақидаги конвенция (С182) – 03.2008.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ХМТ билан алоқалари сезиларли даражада ошиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳалқаро тузилмалар, нодавлат ташкилотларнинг эътиборини қаратган пахта йиғим-теримига болалар ва аёлларнинг мажбурий равишда жалб қилиниши ҳолатининг тугатилишини бунинг яққол тасдиқларидўан бири сифатида келтириш мумкин.

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ушбу жараёнга ихтиёрий жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этган.

Бу ҳақда ХМТ Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мониторинги бўйича қарийб ўн бир минг теримчи билан ўтказган суҳбатлари натижаларига ва учинчи томоннинг 2021 йилги ҳисоботи хулосаларига асосланиб маълум қилган.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили пахта йиғим-теримига қарийб икки миллион киши жалб қилинади.

Мамлакатда пахта етиштириш соҳасини ислоҳ қилиш жараёни бошланганидан буён ўтган етти йил мобайнида икки миллионга яқин бола – болалар меҳнатидан, ярим миллион катта ёшдагилар мажбурий меҳнатдан озод қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда  кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатлаб қўйилган.

Мазкур конституциявий норма Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам акс эттирилган. Бу юртимизда фаолият юритувчи мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона, ташкилот, муассасалар учун асосий қонун талаби ҳисобланади.

Зеро, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитида меҳнат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг энг асосий ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларидан биридир.

Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат муҳофазасига оид талаблар ва стандартлар Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилади.

Иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар ўз ходимлари учун  соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиши, техника, ишлаб чиқариш ва бошқа хавфсизлик чораларини кўриши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича масъулларни белгилаб қўйиши ва шу ишлар билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.

Кўпгина ривожланган давлатларнинг тажрибасига назар соладиган бўлсак, меҳнат муҳофазасини таъминлашда касаба уюшмалари ташкилотлари, суғурта компанияларининг роли жуда юқори эканини кўрамиз.

Меҳнатни муҳофаза қилишнинг энг асосий талабларидан бири –соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдир. Агар тегишли корхона, ташкилот ёки муассасада иш берувчи томонидан ана шу зарур шарт-шароит яратилмаса, ходимлар кўпгина касб касалликларига дучор бўлишлари, бу эса бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

ХМТ маълумотларига қараганда, бутун дунё бўйича ҳар йили меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган сабабларга кўра қарийб 2 миллион киши вафот этмоқда, 160 миллионга яқин киши касб касалликларига дучор бўлган. Дунёда жами ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг умумий сони тахминан 270 миллион нафар экани маълум.

Жаҳон миқёсида меҳнат фаолияти билан боғлиқ ўлимларнинг асосий қисмини қуйидагилар ташкил этмоқда:

32 % – рак касалликлари;

23 % – юрак, қон томири касалликлари;

19% – ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар;

17% – юқумли касалликлар.

Бир қарашда оддийгина кўринган шу салмоқли рақамларнинг ўзи ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш масаласи қанчалик жиддий ва муҳим эканини яққол тасдиқлаб турибди.

 

Отабек Норбоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг ахборот-таҳлилий сайти

Куч-адолатда газетаси 19-сон

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech