“АИФ”: Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлар Конституция билан мустаҳкамланади

Россиянинг энг оммабоп нашрларидан бири – “АИФ” ҳафталигида Россия ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқ институти етакчи илмий ходими, юридик фанлар номзоди Сергей Чиркиннинг мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотга бағишланган мақоласи эълон қилинди.

— Ўзбекистон — қадимий анъана ва тарихга эга мамлакат, — деб ёзади муаллиф. — Ўзбек халқи жаҳон ва Ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Шу маънода мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришларни ҳуқуқий жиҳатдан пухта ишлаб чиқилган моддалар билан мустаҳкамлаган ҳолда замонавий тараққиётнинг кўплаб саволларига жавоб бериш вақти келди. Бу галги ислоҳот 1992 йил Конституциясининг бир қатор асосий қоидаларига таъсир қилади, бандларни ўзгартиради ва тўлдиради. Президент Шавкат Мирзиёев қомусни янгилашда тўрт устувор йўналишни белгилаб берди. Бу ерда биринчи ва энг муҳим йўналиш инсон ҳуқуқи ва эркинлиги, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ҳамда манфаатини ҳимоя қилиш.

Олим янги лойиҳага турли соҳалар бўйича киритилган ўзгариш ва қўшимчаларни “ижтимоий”, деб атаган. Унинг ёзишича, Ўзбекистонда жамият кенг кўламда янгиланмоқда. Айни ўзгариш Конституция билан мустаҳкамланиши, яъни қонун ижодкорлиги фаолияти орқали амалга ошириладиган жараён янада муҳим босқичнинг бошланишини англатади.

«Конституция муқаддимасида мустаҳкамлаб қўйилган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тамойиллари: Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик ва ҳурмат, тинчлик, тотувлик асосидаги аҳил, дўстона муносабатни мустаҳкамлаш истаги барча ташаббуслар муваффақиятининг муҳим шарти бўлади», дея хулоса қилади “АИФ” газетаси.

Г.Сатторова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech