Мамлакат келажаги – ёшлар қўлида

12 август – Халқаро ёшлар куни

 

БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги 54/120-сонли резолюцияси билан Халқаро ёшлар масаласи билан шуғулланувчи вазирлар конференцияси тавсияси маъқулланди. Яъни, 12 август – Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинди.

Шундан буён ҳар йили 12 август куни бутун дунёда ёшлар, ёшлар ташкилотлари ва фаоллари ушбу халқаро санани кенг нишонлайди. Шу куни жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга  яна бир бор қаратилади.

Бутун дунёда ёшлар, уларнинг етакчилик маҳорати, ижодий салоҳияти, навқирон куч-қудрати ва жўшқинлиги дунё ҳамжамиятининг доимий ривожланиши, тараққий этиши учун ғоят муҳим омил ҳисобланади.   

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлида юртнинг жадал ривожланиши ва муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига бевосита алоқадор. Шу маънода, Ўзбекистон ёшлар масаласига давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралиши бежиз эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”.

Мамлакатимиз ёшларига эътибор ҳақида гап борар экан, уларнинг билимли ва замон талабларига тўла мос инсонлар бўлиб етишишида ахборот технологиялари ва тил билишнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Шуни инобатга олган ҳолда, давлатимиз томонидан айни соҳалар ривожига катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, жумладан, 2021 йил 19 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қарордан кўзланган мақсад ёшларни ўқитиш ва улар халқаро IT-сертификатларини олишлари учун 50 фоизгача бўлган харажатни қоплаш тизимини жорий этишдир.

Мамлакатнинг келажаги, сўзсиз, ёш авлоднинг тарбияси ва тараққиёти билан боғлиқ. Навқирон авлод камолотига аввало оилада онанинг, яъни хотин-қизларнинг нечоғлик саводхон ва тадбиркор эканлиги ҳам таъсир қилиши шубҳасиз.

Юртимиз аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат. Шуни инобатга олган ҳолда, мазкур қатламнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва кузатилаётган долзарб масалаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ечимини топиши ҳозирги куннинг муҳим вазифаларидандир.

Беш қўл баравар эмас, дейдилар. Ҳар қандай даврда ва ҳар қандай жамиятда ташаббускор ёшлар билан бир қаторда, қайсидир сабабларга кўра ўз тенгдошлари каби ўқиб, ишлай олмаётган, ўз йўлини топа олмаётган ёшлар ҳам учраб туради.

Бундаё ёшларни таълимга ва касбга тўғри йўналтириш, муаммоларига муносиб ечим топиш тақозо этилади. Бу нафақат оилавий, балки давлат аҳамияти даражасидаги долзарб вазифалар қаторига киради.

Сўнгги йилларда ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида бир қатор янги қонунлар қабул қилинди. Жумладан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунга кўра, ёшларга оид давлат сиёсати – давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатлардан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимидир.

Қонунга мувофиқ, ёшлар – ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслардир.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда ёшлар дунё аҳолисининг қарийб 25 фоизини ташкил этади. Яъни, 30 ёшгача бўлган 2 миллиардга яқин аҳолининг аксарияти ривожланаётган давлатлар ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Ушбу кўрсаткич сўнгги ўн йилда янада ортаётигани ва бу жараён асосан бизнинг минтақамизда юз бераётгани кузатилмоқда. Хусусан, юртимизда аҳолининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этмоқда.

Бугун ёшларга оид сиёсат иккита энг муҳим йўналишда амалга оширилмоқда. Биринчи йўналиш – ёшларга замонавий билим бериш бўлса, иккинчи йўналиш – ёшлар бандлигини таъминлашдир.

Ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди. Натижада ёш авлоднинг билим олишга интилиши янада ортди.

 

Фурсатдан фойдаланиб, 12 август – Халқаро ёшлар куни муносабати билан Ватанимиз таянчи ва халқимиз суянчи, жамиятимиздаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи қудратли куч ҳисобланувчи азиз ёшларимизни самимий табриклайман.Маънавий салоҳияти юксак ва ватанпарвар барча ёшларга улкан ютуқлар, бахту саодат, омад доимо ҳамроҳи бўлишини тилайман. 

 

Гўзал НАЗАРОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари бўйича

халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech