Шу йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити арафасида "Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Конституциялари" номли китоб чоп этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инглиз ва рус тилларида нашрга тайёрланган ушбу китобнинг масъул муҳаррири академик Акмал Саидов билан янги нашр мавзуси, мазмун-мундарижаси ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
— Китоб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконидаги конституциявий тараққиёт мавзусига бағишланган, — деди А.Саидов. — У сиёсатчилар, қонун ижодкорлари, тадқиқотчи ва олимлар, давлат органлари, илмий ва маърифий муассасалар мутахассислари, талабалар ҳамда жаҳон конституционализми масалаларига қизиқадиган барча китобхонлар учун фойдали манба бўлиши шубҳасиз.
— Мазкур китобнинг аҳамияти нимада?
— Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) маконидаги Конституциялар тўпламининг нашр этилиши камида қуйидаги иккита сабабга кўра, катта аҳамият касб этади.
Биринчи сабаб. Китобда бугунги кунда улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот — ШҲТга аъзо мамлакатларнинг Конституциялари илк бор яхлит ҳолда жамланган. Ҳақиқатан ҳам, ШҲТнинг умумий майдони 34 миллион квадрат километрдан иборат бўлиб, бу Евроосиё материгининг 60 фоиздан зиёд ҳудуди, деганидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда". Ушбу рақам 2030 йилга бориб 35-40 фоизга ошиши кутилмоқда.
Иккинчи сабаб. Янги нашрда Ўзбекистонда амалга оширилаётган бугунги конституциявий ислоҳотлар жараёнида халқаро ва хорижий конституциявий амалиётни, жумладан, мамлакатимиз билан сиёсий, иқтисодий, маданий ва коммуникациявий жиҳатдан узвий боғлиқ бўлган ШҲТ давлатларининг бу борадаги тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани ўз аксини топган.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, кейинги 30 йил давомида "ШҲТ оиласи"га мансуб мамлакатларда 10 дан ортиқ конституциявий ислоҳотлар амалга оширилган. Бу ислоҳотлар жараёнида конституциявий тузумни тубдан янгилаш, суверенитетни мустаҳкамлаш, давлатларнинг конституциявий ва миллий ўзига хослигини қайд этиш каби янгиланишлар йўлидан борилган.
Бунда ҳар қайси давлатнинг конституциявий ўзига хослиги, бетакрорлигига алоҳида эътибор берилганки, айни омиллар ШҲТ маконидаги конституциявий-ҳуқуқий хилма-хилликдан далолат беради. Айни чоғда ШҲТ мамлакатларида амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар фаласафаси ушбу янгиланишларнинг кўп жиҳатдан уйғунлиги ва ҳамоҳанглигини ҳам тасдиқлайди.
— ШҲТ маконидаги конституциявий ислоҳотларга хос уйғунлик нималарда кўринади?
— ШҲТга аъзо давлатлар Конституцияларининг асосий ўзига хос хусусиятларидан бири — конституциявий ислоҳотларнинг инсон шаъни ва қадр-қиммати, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда таъминлашга йўналтирилганлигидир. Бу мезонлар қадимги Шарқ алломаларининг инсон — мукаррам зот ҳамда табиатни асраб-авайлайдиган ва ер юзидаги ҳаётни давом эттирадиган онгли жонзот эканига доир теран инсонийлик ғояларига таянади.
Бунинг тасдиғи сифатида айрим мисоллар келтираман:
Хитой Халқ Республикаси Конституциясига мувофиқ, "Хитой Халқ Республикаси фуқароларининг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Фуқароларни ҳар қандай йўл билан ҳақоратлаш, туҳмат қилиш, асоссиз айблаш ва таҳқирлаш тақиқланади" (38-модда);
Қозоғистон Республикаси Конституциясига кўра, "инсон қадр-қиммати дахлсиздир" (38-модда), "ҳеч ким қийноққа, зўравонликка, бошқа хил шафқатсиз ёки инсон қадр-қиматини ерга урадиган муомала ёхуд жазога дучор этилмаслиги шарт" (17-модда), "ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шахсий ва оилавий ҳаёт, ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга" (34-модда), "ҳар қайси шахс бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур" (18-модда);
Ҳиндистон Республикаси Конституциясида ҳар бир шахснинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатланиши ҳамда ҳимоя қилиниши таъкидланган, хусусан, 39-моддада давлат сиёсатининг тегишли принципларига кўра, болаларнинг "эркинлиги ва қадр-қимматини таъминлайдиган даражада улар соғлиги учун зарур ривожланиш шарт-шароитлари" яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 51А-моддада ҳар бир фуқаронинг "хотин-қизлар қадр-қимматини ерга уриш билан боғлиқ иллатлардан воз кечиш" мажбурияти қайд этилган;
— Кейинги даврда тобора урфга айланаётган долзарб мавзу: экология муаммоларига ШҲТ маконидаги Конституцияларда қандай ҳуқуқий ечимлар кўзда тутилган?
— Чиндан ҳам, инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро уйғун ҳамжиҳатликни таъминлаш ШҲТга аъзо давлатлар Конституцияларининг яна бир асосий ўзига хос хусусиятидир, десак, янглишмаймиз. Чунки айни мавзу Шарқнинг қадимда яшаб ўтган улуғ алломаларини қанчалик ўзига жалб этган бўлса, замондошларимизнинг доимий диққат марказида ҳам шунчалик долзарблигини сақлаб турибди.
Айни соҳа бўйича ШҲТга аъзо давлатлар Конституцияларида қуйидаги нормалар белгиланган.
Хитой Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, "давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғломлаштириш бўйича чоралар кўради. Давлат дарахт кўчатлари экиш ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ ишларни рағбатлантиради, ўрмонзорларни муҳофаза қилади";
Қозоғистон Конституцияси 31-моддасида қайд этилишича, "давлат атроф-муҳитни, ҳаётни ва инсон саломатлигини яхшилаш бўйича муҳим мақсадларни ўз олдига қўяди", 61-моддага биноан "парламент ...атроф-муҳитни муҳофаза этишга тааллуқли қонунлар чиқариш ҳуқуқига эга".
Ҳиндистон Конституциясининг 48А-моддасида қайд этилишича, "давлат атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва яхшилаш, шунингдек, мамлакат ўрмонзорлари ҳамда жонли табиати муҳофаза этилишини таъминлашга интилади".
— Давлат ва иқтисодиёт масаласи ШҲТ маконидаги Конституцияларда қандай акс эттирилган?
— ШҲТ маконидаги давлатлар рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим шарти фуқароларнинг хусусий мулкини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Шунинг учун айни соҳада ҳам ШҲТга аъзо давлатлар Конституциялари ўзаро ҳамоҳанг ва фарқли нормалари билан ажралиб туради. Хусусан:
Хитой Конституциясининг 11-моддасига кўра, "иқтисодиётнинг ножамоат сектори, шу жумладан, қонун доирасида фаолият олиб борадиган якка тартибдаги ва хусусий хўжаликлар социалистик бозор иқтисодиётининг муҳим қисмидир. Давлат якка тартибдаги ва хусусий хўжаликлар қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилади ҳамда уларнинг фаолиятини йўналтиради, якка тартибдаги ва хусусий хўжаликлар ишини кузатиб боради ва назоратга олади", 13-моддага биноан давлат "фуқароларнинг қонуний даромадлар, жамғармалар, турар жой ва қонунда кўзда тутилган бошқа мулклари"ни ҳамда "фуқароларнинг хусусий мулкка мерослик ҳуқуқи"ни ҳимоя қилади;
Қозоғистон Конституциясининг 6-моддасига асосан, "давлатга қарашли ва хусусий мулк тан олинади ва тенг равишда ҳимоя қилинади. Мулкдан фойдланиш бир вақтнинг ўзида жамият фаровонлигига ҳам хизмат қилиши талаб этилади. Мулк субъектлари ва объектлари, мулкдорларнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириш кўлами ва чегаралари, уларни ҳимоя қилиш кафолатлари қонун билан белгиланади... Ер қонунда ўрнатилган асослар, шароитлар ва тартиб-таомилларга кўра хусусий мулк тасарруфида ҳам бўлиши мумкин".
Ушбу мамлакат Асосий қонунининг 26-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг "қонуний йўл билан эгалик қилинган ҳар қандай мулкнинг хусусий мулкдори бўлиш" ҳуқуқи, мол-мулк, шу жумладан, мерос ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари "ҳеч қайси шахс суднинг қарорисиз ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкнинг давлат эҳтиёжлари учун мажбуран олинишига фақат қонунда кўзда тутилган истисноли ҳолатларда, тенг қийматга эга тўлов амалга оширилганидан кейингина йўл қўйилиши мумкин".
Шунингдек, мазкур моддага биноан: "ҳар қайси шахс эркин тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўз мол-мулкидан ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятида эркин фойдаланиш ҳуқуқларига эга. Монополия фаолияти қонун билан тартибга солинади ва чекланади. Ғирром рақобат тақиқланади".
Ҳиндистон Конституциясининг 300А ва 301-моддаларида белгиланишича, "ҳеч қайси шахс қонундан ташқари ҳолатда ўз мулкидан маҳрум этилмайди". Бутун Ҳиндистон ҳудудида савдо-сотиқ, тижорат ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш эркинлиги таъминланади.
ШҲТ маконидаги Конституцияларнинг ҳамоҳанглигига бу каби яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Энг муҳими, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида ушбу омилларнинг барчаси атрофлича ўрганилмоқда ва ибратли тажрибаларни изчил ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисида сўзлаган нутқида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусини илгари сургани бежиз эмас. Бу ташаббуснинг мақсади, Президентимиз таъбири билан айтганда, "бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашув ва қарорларни излашга тайёр, "Самарқанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал мулоқотга жалб қилишдир".
Қолаверса, "Шанхай руҳи" тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган асосий шиор — "Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади" ғоясини амалда рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эгадир.
Ғулом МИРЗО суҳбатлашди.
- Қўшилди: 23.09.2022
- Кўришлар: 5566
- Чоп этиш