Ўзбекистоннинг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни бундан 33 йил олдин, 1989 йил 21 октябрда – Мустақиллигимиз эълон қилинишидан тахминан икки йил илгари қабул қилинган. Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш осон кечмаган.
Ҳақиқатан ҳам, ўша даврда ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, 1989 йили “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда акс этган муҳим ҳуқуқий қоидалар кейинчалик, 1992 йилда Мустақиллик Қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида қуйидагича мустаҳкамланди:
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга биноан, 21 октябрь тарихий санаси – Ўзбек тили байрами куни деб белгиланди. Ўз навбатида, 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятига бу қадар юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу сана маънавий ва маърифий, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрда имзоланган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони алоҳида эътиборга сазоворлигини таъкидлаш лозим. Мазкур ҳужжатда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга доир истиқболдаги вазифалар кўзда тутилган.
Президент Фармонида Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Бундан ташқари, ўзбек тилини янада ривожлантиришга қаратилган учта муҳим ҳужжат:
биринчидан, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси;
иккинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури;
учинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Бугунги кунда ана шу ҳужжатларда ўз аксини топган аниқ ва қамровдор взифалар ижросини таъминлаш учун давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий муассасалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур".
Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим.
Янада муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар, бир томондан, ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Иккинчи томондан, янгича ташаббуслар мамлакатимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли вазифаларнинг самарали ижроси учун ниҳоятда зарур.
Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳам ҳисобланади.
Мамлакатимизда 150 та миллий маданий марказ иш юритаётгани, ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларимизда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани дунё амалиётидаги ноёб тажриба эканини таъкидлаш ўринлидир. Юртимизда чет тилларга ихтисослашган ҳамда ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётгани ҳам шу соҳадаги муҳим ўзгаришлар натижасидир.
Маълумки, давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналади. Она тилимиз сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани ҳам қувонарлидир. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 60 миллион кишини ташкил этиши эса унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Буни ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар самаралари яққол тасдиқлайди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси фаолият кўрсатмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилган. Университет қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, махсус ўқув курслари ҳамда Алишер Навоий халқаро жамғармаси ташкил этилган.
Ўтган даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган ўнлаб китоб, қўлланма ва луғатлар нашр қилинган. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа, ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилган.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари айниқса эътиборлидир.
Шу маънода, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва учинчи Уйғониш даври пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган Тараққиёт стратегияси талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Хулоса қилиб айтганда, она тили миллатнинг руҳи, борлигимиз ва бирлигимиз, давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ҳисобланади. Бинобарин, ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида олдимизда катта ва масъулиятли вазифалар турибди.
Ғулом Мирзо
"Куч адолатда" газетаси
- Қўшилди: 21.10.2022
- Кўришлар: 9236
- Чоп этиш