Тарихга назар солсак, ҳар бир халқнинг асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлари ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижаси Конституция шаклига келганини кўрамиз. Узоқ асрлар давомида башарият минг-минглаб қоидалар ва низомлардан жамият учун асосийларини ва ўта муҳимларини танлаб олди. Айнан ана шу танлаб олинган қоидалар муайян мамлакатнинг Конституцияси яратилишига пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ҳар бир давлатнинг ўз Конституциясида баён этилган тушунчалар шу қадар аҳамиятлики, унинг ҳеч бир фуқароси уларсиз яшай олмайди, негаки инсоннинг ҳар куни дуч келадиган муаммоларни ҳал этишга қаратилган фаолияти мамлакат асосий қонунига киритилган бош ғоялар, қоидалар ва моддаларга боғлйқдир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинган куннинг 25 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги нутқида "... Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда”, деб Конституциянинг мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамиятини алоҳида эътироф этган эди. Дарҳақиқат, жамиятдаги барча ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг негизи ҳар бир давлатнинг бош қомуси бўлмиш Конституцияга бориб тақалади. Шу маънода, давлатларнинг Конституциясини ўқиш, ўрганиш баробарида уларнинг давлат органлари ва миллий ҳуқуқ тизими, мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий муносабатларни тартибга солувчи асос ва таянч нормалар ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Атоқли олимларнинг Конституция ҳақидаги фалсафий иборалари ва ҳикматли иқтибослари бизни ҳар бир давлатнинг асосий қонуни бўлмиш Конституция ҳақида янада кенгроқ фикр юритишга, уларни янада чуқурроқ ўрганишга ундайди.
Таниқли физик олим Альберт Эйнштейн “Конституциянинг кучи бутунлай ҳар бир фуқаронинг уни ҳимоя қилишга қатъият билан интилишидадир. Конституциявий ҳуқуқлар ҳар бир фуқаро ушбу ҳимояга ҳисса қўшишни ўз бурчи деб билсагина ҳимоя қилинади”, деб Конституция кучи ҳақида ўз фикрларини билдирган. Америкалик ҳуқуқшунос, АҚШ Олий судининг узоқ йиллар аъзоси бўлган Оливер Венделл Холмс “Конституциялар назарияларни қўллаб-қувватлаш учун эмас, балки амалий ва моддий ҳуқуқпарни сақлаш учун мўлжалланган*, деб таъкидлайди. Америкалик ҳуқуқшунос ва сиёсатчи Эдвард Мур Кеннеди эса “Конституция нафақат биз билан ҳамоҳанг бўлган қарашларни ҳимоя қилади, у шунингдек, биз норози бўлган қарашларни ҳам ҳимоя қилади”, дея қизиқарли фикрларини айтиб ўтган. Академик, юридик фанлар доктори, профессор А. Саидов “Конституция муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида кишилик цивилизациясининг ютуғи, умуминсоний қадрият ва демократик тараққиётнинг юридик асосидир”, “Конституция бу догма эмас, у ҳаракат учун дастур бўлиши керак”, “Конституция ҳуқуқий билимларнинг алифбосидир”, деган чуқур ҳуқуқий-фалсафий фикрларни баён этган ҳолда, мамлакатимиз Конституциясини ўрганиш ва билиш, унга риоя қилиш ва Асосий қонунимиз билан фахрланишни албатта зарур, деб ҳисоблайди.
Шу ўринда, “Жаҳон конституциялари” деб номланган ушбу тўплам ўз моҳияти жиҳатидан бугунги кундаги дунёнинг конституциявий харитасидан ўрин олган турли мамлакатларнинг конституциялари билан танишишда биз учун беминнат дастёр бўлиб хизмат қилади.
Эътиборли жиҳати, “Жаҳон конституциялари” тўпламининг муқаддимасидан ўрин олган “Жаҳон конституциялари лабораторияси”дан лавҳалар деб номланган қисмида дунёда амалга оширилаётган замонавий конституциявий ислоҳотлар, янги Ўзбекистон конституциявий ислоҳоти, конституция тушунчаси ва ривожланиши, конституциянинг юридик таърифи ва функциялари, конституциявий назорат, конституция— бевосита амал қилувчи ҳуқуқ эканлиги, унинг ҳажми ва тузилиши, сиёсий партиялар, кам сонли миллатларнинг ҳуқуқлари, ҳокимият ваколатларининг бўлиниши, конституциянинг самарадорлигига оид муҳим билимлар китобхонларга тақдим этилган.
Бундан ташқари, ушбу тўпламда Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Иордания, Италия, Польша, Саудия Арабистони, Словакия, Франция, Чехия, Япония каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари конституцияларининг юқори савияда, кенг оммага тушунарли, равон тилда амалга оширилган таржимасидан ташқари, ҳар бир давлатнинг конституцияси тарихи, конституциявий тузуми, давлат тузилиш шакли, бошқарув шакли, давлат ҳокимияти органлари тизими, ҳуқуқтизими, суд тизими ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.
Ўз моҳияти жиҳатидан муҳим бўлган “Жаҳон конституциялари” тўплами нафақат талаба, ҳуқуқшунос, тадқиқотчи, профессор-ўқитувчилар учун, балки жаҳон конституциялари билан қизиқувчи китобхонларга ўзига хос манба бўлиб хизмат қилади.
Д. КАРИМОВА.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, юридик фанлари доктори
- Қўшилди: 04.11.2022
- Кўришлар: 5088
- Чоп этиш