ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ ТАЪЛИМ Тинчлик, барқарор ривожланиш ва фаровонликка хизмат қилади

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган азим Самарқанд яна жаҳон цивилизациясининг илғор ва замонавий марказларидан бирига – оламшумул ташаббуслар рўёбга чиқадиган майдонга айланмоқда. Жаҳон халқлари учун дўстлик ва тинчлик тимсоли, илм-фан ва маърифат ўчоғи бўлган тарихий заминда шу кунларда яна бир халқаро тадбир – 2022 йил 5-6 декабрь кунлари ўтказиладиган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан Глобал форумнинг мақсад-моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

– Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида Глобал форум ўтказиш ташаббуси Президентимиз томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган, – деди А.Саидов. – Ўшанда давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун БМТ Кенгаши аъзолари, барча шерикларимиз билан яқин ҳамкорликни давом эттиришимизни таъкидлаганлари бежиз эмас.

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида таклиф этган кўплаб ташаббуслари рўёбга чиқди. Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан 2021 йил 8 октябрда “Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисида”ги резолюция қабул қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Парламенти 2021 йил 7 июнда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди.

Эндиликда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллигига бағишлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан биргаликда Глобал форум ўтказишга оид Юртбошимиз ташаббусини амалга ошириш арафасида турибмиз. Бўлажак Глобал форум мавзуси мазкур Декларациянинг номи билан бевосита боғлиқдир.

– Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларация  ҳақида маълумот берсангиз.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим нормалари кўплаб халқаро ҳужжатларга киритилган. Хусусан, 2011 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган.

Декларация БМТга аъзо давлатларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни таъминлаш масъулиятини юклайди. Мазкур Декларацияга мувофиқ:

биринчидан, жамиятнинг ҳар бир аъзоси таълим олиш ва ўқитиш орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши лозим;

иккинчидан, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга, қадр-қимматини ҳис этишга, барча кишиларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчилари бўлишига, барча миллатлар, ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак;

учинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқ ва эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда фундаментал аҳамият касб этади;

бешинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия барча инсонлар, айниқса, ёшларни кенг қамраб оладиган ҳаётий жараён ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларация ана шу эзгу мақсадларни глобал кўламда амалга оширишга қаратилган.

– Самарқанд Глобал форумида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичига таклифлар муҳокама қилиниши айтилмоқда. Ушбу ҳужжатнинг ҳам мазмун-моҳиятини мухтасар шарҳлаб берсангиз.

– 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида – Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг бажарилишини глобал даражада мувофиқлаштириб бориши белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир. Ушбу жараён билан ҳаётимизнинг барча соҳаларини кенг қамраб олишга кўмаклашиш учун давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни бошланғич ва ўрта мактаб, олий таълим тизимида, ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбийлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида сингдириб бориши тақозо этилади.

Жаҳон таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини миллий даражаларда амалга оширишни фаоллаштиришга ёрдам берадиган амалий воситадир. Ўтган даврда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар негизида қуйидаги кетма-кет босқичларда изчиллик билан амалга оширилмоқда:

биринчи босқич – 2005-2009 йилларни қамраган бўлиб, унда бошланғич ва ўрта мактаблар тизимига инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни интеграция қилишга эътибор қаратилди;

иккинчи босқич – 2010-2014 йилларда амалга оширилган олий таълим тизимига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни уйғунлаштириш ҳамда ўқитувчилар ва таълим соҳаси ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларни ушбу соҳа бўйича тайёрлашга бағишланди;

учинчи босқич – 2015-2019 йиларга мансуб эркин, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларининг адолатни тарғиб қилиш, камситишларга йўл қўймаслик, ҳурмат ва эркинликни таъминлашдаги муҳим ролини эътироф этган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида ОАВ мутахассислари ва журналистларни тайёрлашга алоҳида урғу беришдан иборат бўлди;

тўртинчи босқич  – 2020 йилдан бошланган ва 2024 йилга қадар давом этади, бунда ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш, инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг мазкур тўртинчи босқичи доирасида:

  • ёшларни инклюзив, тинч жамиятни яратишга имкон берадиган тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик руҳида ўқитиш ва тарбиялаш;
  • хотин-қизлар ва болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибидаги “ҳеч кимни ёддан чиқармаслик” мақсадига мувофиқ аҳолининг заиф қатламлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш;
  • педагог кадрлар, шу жумладан, болалар ва ёшлар билан ишловчи тарбиячилар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш;
  • инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида тегишли тадқиқотлар ўтказиш, баҳолаш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар билан ўртоқлашиш кўзда тутилган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги Резолюциясида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга оширишга масъул тегишли манфаатдор томонларнинг бу борадаги ижобий ташаббуслари алоҳида таъкидланди. Шунингдек, барча давлатлар ва манфаатдор томонларга  Жаҳон таълим дастури босқичлари ҳамма соҳаларга чуқур татбиқ этилишини фаоллаштириш тавсия этилди.

Резолюцияда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар юзасидан таклифларни шакллантириш масаласи кун тартибига қўйилди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига БМТнинг барча тузилмалари, давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва манфаатдор томонларнинг айни мавзудаги фикр-мулоҳазаларини сўраб олиш тавсия этилди.

Шу маънода,  «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумда, жумладан, Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича таклифларнинг муҳокама қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Бу омил, бир томондан, ушбу халқаро анжуманнинг қанчалик долзарблигини кўрсатса, икинчи томондан, Самарқанд Глобал форумида том маънода умумбашарий масалалар кўриб чиқилишини яна бир бор тасдиқлайди.

– Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимга оид халқаро ҳужжатларнинг бажарилишида Ўзбекистон қай даражада иштирок этмоқда?

– Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ ислоҳотлар шароитида “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият” деган тамойил эътироф этилмоқда. Шу муносабат билан йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, таълимнинг ўзига хос соҳаси ҳисобланувчи инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни изчил ривожлантиришни тақозо қилмоқда. Бундай таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда бирламчи аҳамият касб этади.

Кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида, шу жумладан ушбу йўналишдаги таълимни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганини айни шу муҳим омиллар билан изоҳлаш ўринли, деб ўйлайман. Чунки Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Олий Мажлис томонидан 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Парламентимиз палаталари Кенгашлари мазкур Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан қабул қилган «Йўл харитаси» 24 та банддан иборат бўлиб, 2021 йил декабрга қадар ижроси тўлиқ таъминланди.

 Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида олий ўқув юртлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этиш вазифаси белгилаб берилган. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 7 июндаги Фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад – барча учун универсал бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш нормалари ва принциплари, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро кафолатлари тўғрисидаги хабардорликни, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишдир.

Айни вақтда Миллий комиссия аъзолари иштирокида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Уни тайёрлашда халқаро шартномалар нормалари ва андозаларига, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасига масъул тузилмалари тавсияларига, шунингдек жамиятимизнинг тарихий, миллий ва маданий қадриятларига таяндик.

  • Самарқанд Глобал форумини ўтказишнинг асосий мақсади ва долзарб вазифалари нималардан иборат?

Глобал форумнинг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилишдан иборат. Шунингдек, ушбу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувлар тақдимотини ташкил этиш, халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Глобал форумни ўтказишдан қуйидаги мақсадларга эришиш кўзда тутилмоқда.

Биринчи мақсад: 2018 йил  22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида Осиё форуми бўлиб ўтганди. Осиё форуми иштирокчилари томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд Декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг 2019 йил 6 февралдаги  73-сессиясида тасдиқланди.

Осиё форуми якунида, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур халқаро анжуманни мунтазам ўтказиш муҳимлиги ва зарурлиги таъкидланди. Шу маънода, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг узвий давомидир.

Иккинчи мақсад: 2022 йил 10 декабрда инсоният тарихида биринчи марта инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш кампанияси бошланади. Бинобарин, 10 декабрь – бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида кенг нишонланадиган сана арафасида бўлиб ўтадиган Самарқанд Глобал форуми жаҳон миқёсидаги ана шу муҳим тадбирга старт беради.

Учинчи мақсад: таълим соҳасидаги яна бир муҳим ҳужжат – БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари бўлиб, унинг тўртинчи мақсадида барчани қамраб олувчи, адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш, барча учун ҳаёти давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш, ёшлар учун бепул, сифатли таълим олиш ва касбий тайёргарликка имкониятлар яратилиши вазифаси белгиланган.

Тўртинчи мақсад: таълим олиш инсонлар турмушининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга асос бўлиб хизмат қилади, одамларни қашшоқликдан чиқаришда муҳим роль ўйнайди. Ушбу мақсадларга эришиш учун, давлатларда хотин-қизлар ва эркаклар эҳтиёжлари ва касбий имкониятларига мослаштирилган бепул, адолатли ва сифатли таълим олиши учун биргаликдаги сайъ-ҳаракатларни амалга ошириш зарур.

Бешинчи мақсад: коронавирус пандемияси инқирози оқибатида бу борадаги мақсадларга эришишда бутун дунёда анчайин ортда қолиш кузатилмоқда. Шундай экан, ҳар қайси давлат 2030 йилгача бўлган муддатда инклюзив ва тенг ҳуқуқли сифатли таълим бўйича зиммасига олган вазифаларни бажариш истиқболларини янада аниқлаштириб олиши тақозо этилади.

Олтинчи мақсад: сайёрамиздаги барча ўқувчилар барқарор тараққиётга кўмаклашиш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлишлари шарт. Шунинг учун Самарқанд Глобал форумида, жумладан, дунё ёшлари орасида барқарор ва фаровон турмуш тарзи, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқаролик ва маданий хилма-хилликнинг қадрига етиш, қолаверса, камситиш, зиддият ва зўравонликлардан воз кечиш маданиятини тарғиб қилишга тааллуқли долзарб масалаларга эътибор қаратилади.

Шу нуқтаи назардан, Самарқанд Глобал форуми доирасида бир қатор вазифаларни амалга ошириш, жумладан:

биринчи вазифа – Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларация қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий инсон ҳуқуқларини ўқитиш бўйича тажриба ва ёндашувларни муҳокама қилиш;

иккинчи вазифа – инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбиянинг долзарб муаммоларни ҳал қилишдаги, хусусан, камситиш, зўравонлик ва экстремизмнинг олдини олиш борасидаги ҳиссасини ўрганиш;

учинчи вазифа – сўнгги йилларда миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбиянинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва улар юзасидан таклифлар тайёрлаш;

тўртинчи вазифа – бу борадаги илғор халқаро, минтақавий ва миллий тажриба ҳамда ибратли сабоқлар, шунингдек, мавжуд материаллар, муассасалар ва дастурлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаш, тўплаш ва тарқатиш орқали маълумот алмашинувига эришиш;

бешинчи вазифа – Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларация ҳамда 2030 йилгача Барқарор тараққиёт мақсадлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, яқин йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни миллий даражада амалга оширишни янада рағбатлантириш бўйича намунали натижаларга эга бўлиш кўзда тутилмоқда.

– Глобал форумнинг ташкилотчилари ва иштирокчилари ҳақида қандай дастлабки маълумотларни тақдим эта оласиз?

– Форумнинг асосий Миллий ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади. Самарқанд анжумани БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг мамлакатимиздаги жамоаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, Фридрих Эберт жамғармаси каби ишончли халқаро ҳамкорларимиз билан ҳамжиҳатликда ташкил этилмоқда.

Глобал форумнинг БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилиши бутун дунёдан кенгроқ аудиторияга, соҳа мутахассисларига виртуал тарзда иштирок этиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради. Унда халқаро экспертлар, мутахассислар, давлат органлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар иштирок этиши мўлжалланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд Глобал форуми:

  • БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш натижаларини сарҳисоб қилиш;
  • инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ва ёндашувларни қўллаш кўламини таҳлил этиш;
  • халқаро миқёсда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги ибратли тажриба ва энг самарали амалиётларни тарғиб қилиш;
  • БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш бўйича турли гуруҳлар учун асосий вазифаларни белгилаш;
  • Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи учун аниқ таклифларни тавсия этиш;
  • пандемиядан кейинги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда таълим дастурлари ва тавсияларини қайта кўриб чиқиш;
  • халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдек кўплаб муҳим натижаларга эришиш имкониятини беришидан умидвормиз.

 

Мазмунли суҳбат ва батафсил жавобларингиз учун раҳмат.

 

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

ZARNEWS.UZ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech