2022 йил 6 декабрда Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» Глобал форуми ўз ишини давом эттирди. Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.
Глобал форумнинг иккинчи ялпи мажлисида бутун дунёда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ёш педагогларнинг илғор тажрибасини оммалаштиришга қаратилган ҳужжатли лойиҳа муҳокама қилинди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ўқитиш бўлими мувофиқлаштирувчиси Елена Ипполити ҳамда мазкур бўлим ходими Паулина Тандионо айни мавзуда ўз маърузаларини тақдим этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда такомиллаштириш зарур. Шу нуқтаи назардан, Глобал форумнинг учинчи ялпи мажлиси бу борадаги илғор тажрибалар тўғрисида ахборотлар алмашиш ва шу асосда амалий тавсиялар ишлаб чиқишга бағишланди.
ЮНЕСКО Бош директорининг Таълим масалалари бўйича ўринбосари Стефания Жаннини ҳамда Парламентлараро Иттифоқ Президенти Дуарте Пачеконинг видеомурожаатлари тингланди. Шунингдек, АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси координатори, “The Bukharian Ties” газетаси Бош муҳаррири Рафаэл Некталов сўзга чиқди.
Глобал форумнинг Якуний ҳужжатини қабул қилиш масаласи тўртинчи ялпи мажлисда кўриб чиқилди. Иштирокчиларнинг таклиф-тавсиялари асосида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси (2023–2025)” қабул қилинди.
Шундан сўнг Глобал форумнинг ёпилиш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари таълими бўйича минтақавий вакили в.б. Фабио Пиана ташкилотчилар томонидан Глобал Форумда иштирок этганлари учун барча халқаро ташкилотлар вакилларига, миллий ва хорижий экспертларга, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, таълим муассасалари, академик жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларига миннатдорчилик билдирдилар.
Глобал форумда:
- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш натижалари муҳокама қилинди;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда ёндашувларни қўллаш масаласи таҳлил қилинди;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича қўлга киритилган энг самарали тажриба ва амалиётни ўрганиш, тарғиб қилиш ва жорий этиш ҳолати ҳамда имкониятларига баҳо берилди;
- Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи асосий йўналишлари бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Энг муҳими, Глобал форум якунлари бўйича қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни самарали амалга ошириш бўйича халқаро ҳамжамият, миллий ҳукуматлар, ўқув ва илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари олдида турган вазифа, таклиф ва тавсиялар ўз ифодасини топди. Уларни қуйидаги йўналишларга, яъни:
биринчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим ва тарбияга халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги инновацияларни жорий қилиш, мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, илғор тажрибалар билан алмашиниш ва молиялаштиришни кенгайтириш;
иккинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий тилларга таржима қилиш ва тарқатишга кўмаклашиш;
учинчи йўналиш – ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастурлари, ўқув курслари ҳамда амалий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
тўртинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий ва ўқув адабиётлар билан тизимли таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-ресурс марказлари, шунингдек, тегишли нашриётлар фаолиятини ташкил қилиш;
бешинчи йўналиш – ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга эътиборни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ўқув курсларини таълим, малака ошириш муассасаларининг режасига киритиш;
олтинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқот, таълим ва тарбия, тарғибот фаолиятини амалга оширадиган ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитувчи-педагогларни рағбатлантириш;
еттинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига кўмаклашиш йўналишларига ажратиш мумкин.
Глобал форум якунида форум иштирокчиларининг тажрибаси ушбу вазифаларни амалга оширишга яқиндан ёрдам беришига ишонч билдирилди. Чунки бунда “таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди”, деган тамойилга амал қилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни оилада, мактабгача таълимда, мактаб ёшида, олий таълимда, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари каби профессионал институтлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2022
- Кўришлар: 4359
- Чоп этиш