Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни бўлиб ўтган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим ва тарбиянинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Президентимиз атоқли француз адиби Виктор Ҳюгонинг: «Мактаб очган одам бамисоли қамоқхонани ёпгандек гап», деган ҳикматли иборасини мисол келтирди. Бу нима дегани? Мактаб, таълим, тарбия бор жойда болалар ёмон йўлга кирмайди, жиноят содир этмайди. Демак, қамоқхоналарга зарурият қолмайди.
Яқинда давлатимиз раҳбари Жаслиқ қўрғонида жойлашган, халқ орасида ҳам «Жаслиқ» номи билан «донг» қозонган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга қадар ўтган йили ҳам мамлакатда иккита қамоқхона ёпилган.
Ана шундай инсонпарвар сиёсат туфайли қисқа даврда мамлакатда маҳбуслар сони икки баробар камайишига эришилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 94 нафар маҳбус тўғри келади.
Юртимизда қамоқҳоналар ёпилаётган ва маҳбуслар сони изчил камайишига эришилаётган айни паллада янгидан-янги мактаблар очилмоқда, мавжудлари эса янги давр талаблари асосида тубдан таъмирланмоқда. Хусусан, 11 йиллик мактаб таълими тизими тиклангани, шунингдек, сўнгги уч йилда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Шу билан бирга, улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, «Темурбеклар мактаби», Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилди. Буларнинг барчаси Ватанимизниг бахтиёр фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар очиб бермоқда.
Кейинги уч йилда Президентимиз ташаббуси билан Наманганда – Исҳоқхон Ибрат, Жиззахда – Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним, Қаршида – Абдулла Орипов, Марғилонда – Эркин Воҳидов, Нукусда – Ибройим Юсупов, Андижонда – Муҳаммад Юсуф, Гулистонда – Ҳалима Худойбердиева, Тошкентда – Абдулла Қодирийнинг махсус ижод мактабларига асос солинди. Ўз навбатида, иқтидорли болалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Кейинги вақтда «Академиклар учрашуви» доирасида таниқли академик Қаландар Абдураҳмонов билан бирга ушбу ижод мактабларида ўқитувчи ва ўқувчилар билан бевосита мулоқотлар ўтказдик. Ҳар бир мактабга ўзимиз муаллифи бўлган китоблардан тақдим этдик.
Мактаб жамоаси иштирокида биримиз – иқтисодиёт, иккинчимиз ҳуқуқшунослик фани билан боғлиқ жонли суҳбатлар уюштирдик. Бу суҳбатларнинг болалар учун қизиқарли ва фойдали эканини уларнинг ёниқ кўзларидан, изма-из берилган маъноли саволларидан билиб турдик. Ҳар гал бундан беҳад қувондик.
Нима учун Ўзбекистондан шу вақтгача Нобель мукофоти совриндори чиқмаган? Бу борада натижага эришиш учун нима қилиш керак?
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг ижод мактабида бўлганимизда, бу саволларга муносиб жавоб топдик, назаримизда. Қарши шаҳридаги ушбу таълим даргоҳининг нафақат жонкуяр ўқитувчилари, балки илғор ўқувчилари ҳам дарсдан бўш вақтларида севимли шоиримизнинг сара шеърларини ўзбек тилидан бевосита инглиз тилига таржима қилиш ва нашр эттириш билан шуғулланмоқдалар.
Инглиз тили – дунё бўйлаб кенг тарқалган ва қамрови, обрў-эътибори тобора ортиб бораётган тил. Бугунги кунда бу тил БМТнинг етакчи ва асосий иш тили ҳисобланади. У дунёнинг 34 мамлакатида – давлат тили, 53 мамлакатда расмий тил мақомига эга. Ер юзида 1 миллиард 800 миллион киши шу тилда гапиради, улардан 400 миллион нафари учун инглиз тили она тилидир.
Инглиз тилининг луғат таркиби жаҳон тиллари орасида энг бой саналади, яъни айни пайтда 1,5 миллионта сўздан иборат. Инглиз тилшуносларининг мониторинги натижаларига қараганда, бу тилнинг луғат таркиби ҳар йили ўртача 25 минг сўзга бойиб бормоқда.
Шу маънода, Абдулла Ориповнинг ижод мактабидаги сингари миллий адабий асарларни инглиз тилига таржима қилиш ишларини изчил давом эттириш ва янада кенгайтириш лозим, деб ўйлаймиз. Бунинг учун, албатта, ҳар томонлама рағбат ва кўмак тақозо этилади.
Мазкур ижод мактаблари фаолиятидан озми-кўпми хабардорлигимизга таянган ҳолда, давлатимиз раҳбарининг Президент мактаблари ва ижод мактаблари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида тузилма ташкил этилишига доир ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Шунингдек, мактабларда «вазир соати», «тадбиркор ва банкирлар сабоғи» каби дарс амалиётларини жорий қилиш ҳамда уларда ижро органлари раҳбарлари, салоҳиятли тадбиркорлар, малакали банк ходимлари дарс ўтиши билан боғлиқ талаб ҳам ниҳоятда ҳаётийдир.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг диний уламоларимиз ҳам мактабларда маърифат, бағрикенглик, одоб ва ахлоқ илмларини, Имом Бухорий, Термизий, Мотрудий, Нақшбанд каби улуғ аждодларимиз маънавий меросини ўргатиши мақсадга мувофиқ, деган фикрларини тўла маъқуллаймиз.
Зеро, улуғ аллома аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг: «Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар», деган сўзлари бежиз эмас. Машҳур немис шоири ва мутафаккири Гётенинг «Қонунларни қанча кўп ва яхшилаб ўқисак, уларни бузишга вақтимиз қолмайди», деган фикри замирида ҳам катта маъно яширин. Чунки, билимли, ўқимишли одам маданиятли бўлади. Маданиятли одам қонунларни бузмайди, демак жамиятда ўз-ўзидан жиноятчилик камаяди.
Билимсиз кишиларнинг кўнгли хурофотга мойил бўлиши ҳам ҳаётда кўп бор ўз исботини топган. Шу боис мактабнинг, таълим ва тарбиянинг аҳамияти беқиёс.
Болаларимизга чуқур ва сифатли билим бериш билан бир қаторда қонунлар ва одоб-ахлоқни, дину диёнат ва маънавиятни мактаблардан бошлаб пухта ўргатиш жуда муҳим.
Бинобарин, замонлар силсиласи улуғ аждодларимиз бунёд этган Ўрта асрлар меъморчилигининг ғаройиб намуналарини биз учун сақлаб келди. Бугун ҳамюртларимиз ва муқаддас диёримизни зиёрат қилиш истагида дунёнинг турли ҳудудларидан келаётган миллионлаб сайёҳлар муҳташам обидаларимизни ҳар гал ҳайрат билан томоша қилмоқда.
Шу аснода, албатта, муаззам меъморий иншоотлардаги бетакрор нақшу нигорлар билан бир қаторда кўҳна деворлар, сарбаланд пештоқлар, қабртошлар ва эшиклар сиртида асрлар оша сақланиб келаётган сирли ва нафис тасвирий битиклар киши нигоҳини ўзига беихтиёр жалб этади. Бундай кезларда аксарият зиёратчиларнинг хаёлидан: “Бу битиклар нималар ҳақида сукут сақламоқда, уларни битган аждодларимиз бизга қандай ҳикматларни етказмоқчи эди?”, деган савол ўтиши табиий.
Ўзбекистоннинг қадимий ёдгорликлари, айниқса, меъморий обидалар, шу жумладан, улардаги кўҳна битиклар неча асрлар давомида инсонларни билимли ва илму маърифатли бўлишга чорлаб келади. Бунга бир яққол мисол шуки, Самарқанд шаҳридаги машҳур Регистон ансамбли таркибига кирадиган Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқига мана бу ҳикмат битилган: «Илм завол билмас хазинадир».
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, куни кеча Президентимиз “Тарбия” фанини яратиш ва ўқитиш ташаббуси билан чиқди. Мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиб, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона «Тарбия» фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.
Биз бўлажак янги фаннинг асосини, биринчидан, ўзбек тилини билиш устувор вазифаси, иккинчидан, халқ оғзаки ижодини чуқур ўрганиш ташкил этиши лозим, деган фикрдамиз. Нега деганда, халқ оғзаки ижоди миллий ғоя ва тарбиянинг ҳам асосидир.
Халқ оғзаки ижодида ватанпарварлик, адолат, миллатпарварлик, инсонпарварлик, юртсеварлик, эл-юртни ҳимоя қилиш, Ватанга садоқат ва муҳаббат каби хислатларни ўзида жамлаган миллий дунёқарашнинг асосий унсурлари ўз мужассамини топган.
Халқ оғзаки ижоди – миллий ғурур, ор-номус ва қадр-қиммат, вафо ва садоқат, жасорат ва матонат, олижаноблик ва саховатпешалик, бағрикенглик ва ҳалоллик каби фазилатлар сандиғи. Ўзбек халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари – бизнинг ҳам тарихий, ҳам маънавий, ҳам маданий, ҳам ҳуқуқий меросимиздир.
Ўз навбатида, «Ҳуқуқий тарбия» мавзуси «Тарбия» фанининг узвий қисми бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Чунки бутун дунёда юридик фан ижтимоий-гуманитар фанлар орасида етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда ҳам шундай юксак мавқега эришилишини таъминлаш керак.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон таълим-тарбия, илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 01.09.2019
- Кўришлар: 9662
- Чоп этиш