Маълумки, коррупция келтирадиган зарар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Жумладан, президентлик лавозимига киришганидан кейин давлатимиз раҳбари томонидан дастлабки имзоланган ҳужжат бу “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳисобланади.
Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳуқуқий қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органининг ташкил этилиши, вазирлик ва идоралар фаолиятининг рақамлаштирилиши натижасида сўнгги 7-8 йиллик вақт оралиғида муайян ижобий натижаларга эришилди.
Хусусан, Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2024 йил натижаларига кўра, мамлакатимиз 32 балл тўплаб, 2017 йилги 157 ўриндан 121 ўринга кўтарилди. Қолаверса, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар натижадорлигини оширишда ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўлами янада кенгайганлиги, улардан тўсиқларсиз фойдаланиш имкониятлари яратилганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, юртимизда коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилиб, парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва алоҳида Агентлик фаолияти йўлга қўйилди.
Энг муҳими, Президентимизнинг сиёсий иродалари билан жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди. Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги фаолияти жонланиб, илгари ёпиқ бўлган коррупция мавзуси журналистлар томонидан баралла фикр билдириб ёритиладиган бўлди.
Албатта, эришилган натижалар ўзимизники, аммо бугун Янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак ғояни амалга оширишда бу борада ҳали қилиниши зарур бўлган вазифалар борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Энг муҳими, бу масала доимий равишда давлатимиз раҳбари эътиборида бўлиб келаётганлигидир.
Ҳеч шубҳасиз, куни кеча Президентимизнинг халқ вакиллари билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этганлиги бу Ўзбекистон тарихида коррупцияга қарши курашиш борасида катта бир тарихий воқелик бўлди. Сабаби, йиғилишда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларга танқидий баҳо берилиб, Президентимиз томонидан келгусида ҳал этилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, давлат раҳбари томонидан Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланиб, уларга олдингидек вилоят ҳокимлари эмас, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раислари раҳбарлик қилиши белгиланди.
Эндиликда, ушбу ҳудудий кенгашлар пастки бўғингача тушиб, коррупцияни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлайди, уларга қандай барҳам бериш керак, қайси қонунни ўзгартириш зарур деган саволларга жавоб топиб, ҳар чоракда камида битта соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритиб боради.
Шунингдек, жорий йилда барча хизматлар бўйича давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни туман кесимида баҳолайдиган тизим ишга туширилади. Натижада, кўрсатилган сервис сифатига аҳолининг ўзи баҳо беради, энг ёмон деб топилган идора раҳбарлари хулоса чиқаради. Аҳоли томонидан энг кўп мурожаат билдириладиган сув, газ, электрга уланиш, субсидия, пенсия ва моддий ёрдам олиш каби йўналишларда онлайн жавоб оладиган тизим ишга туширилади. Бу эса фуқароларни идорама-идора юришдек ортиқча оворагарчиликлардан қутқаради.
Президентимиз томонидан билдирилган яна бир муҳим янгилик, бундан буён секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари шуғулланмаслигидир. Уларнинг ўрнига эндиликда Бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими билан шуғулланиши белгиланди.
Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, ушбу ташаббус ҳам ўз ўрнида амалга оширилмоқда. Боиси, давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари ходимлари асосий иш вақтларини секторларда ўтказиши, ушбу тизим билан боғлиқ айрим масалалар ўз вақтида ечилмаслик ҳолатларини ҳам юзага келтираётган эди.
Аммо айтиб ўтиш керакки, саккиз йил олдин ушбу идораларнинг секторлар кесимида бириктирилиши, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, энг муҳими, бир вақтлар кайфиятига қараб фуқаролар мурожаатини қабул қиладиган прокурор, ички ишлар ходими ва солиқчиларни пастга халқ ичига кириб ишлашга ўргатди.
Саккиз йил бу кичик муддат эмас, бу вақт оралиғида прокурор, ички ишлар ва солиқчилар маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, фуқаролар билан қандай мулоқот қилиш кераклиги, ўз тизимида пастки бўғинда қандай муаммолар мавжуд эканлигини ўрганишди. Қолаверса, эндиликда ҳар бир маҳаллада янги тизим “маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу еттилик орасида ҳам бу тизим ходимларининг борлиги бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилишини таъминлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, йил якунигача сунъий интеллект ёрдамида давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича электрон тизимнинг ишга туширилиши, кибер коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий базанинг яратилиши буларнинг барчаси яқин вақт ичида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида самарали натижаларга эришиш имконини беради.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА
- Қўшилди: 07.03.2025
- Кўришлар: 189
- Чоп этиш