Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли. Хўш, маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби қандай?
Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Обидов жавоб берди:
– Маъмурий судга маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқли ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, маъмурий органлар, деганда, Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган республика давлат бошқаруви органлари (вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа органлар, ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади.
Жумладан, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, Мажбурий ижро бюроси, нотариуслар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатлар, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга шикоят қилиниши мумкин.
Маъмурий ҳужжат маъмурий ваколатга эга орган (мансабдор шахс) томонидан қабул қилиниши, ташқи субъектларга (жисмоний ва юридик шахсларга) қаратилган бўлиши, муайян ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши билан умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқ қилади.
Иккала тоифадаги ҳужжатнинг асосий фарқи шундаки, умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин эмас, бундан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мустасно. Умумий қоида бўйича маъмурий органнинг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида судга берилиши мумкин.
Аризачига ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги ёки ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги, аризачининг зиммасига бирор-бир мажбурият юкланганлиги маълум бўлган куннинг эртасидан судга мурожаат қилиш муддати бошланади. Шикоят маъмурий ҳужжатни ҳақиқий эмас, ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни қонунга хилоф, деб топиш тўғрисида бўлиб, маъмурий орган жойлашган ёхуд мансабдор шахс ишлайдиган жойдаги туманлараро маъмурий судга берилади.
Маъмурий судларга шикоят қилишда жисмоний шахслардан давлат божи ундирилмайди. Давлат божи ишнинг натижаси бўйича қаноатлантирилган талабга мутаносиб равишда тарафлардан ундирилади. Борди-ю ариза рад қилинса, жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Н.Абдураимова,ЎзА
- Қўшилди: 13.03.2024
- Кўришлар: 2853
- Чоп этиш