БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида илм-фан, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда парламентнинг роли
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозим”.
Дарҳақиқат, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган кўрсаткичларга эришилишини Олий Мажлис томонидан мониторинг қилиб бориш жуда муҳим. Бу, ўз навбатида, "2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"нинг асосий мақсадларига эришиш билан тўғридан-тўғри боғлиқ.
2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бу муҳим вазифа «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида белгиланган.
Давлат дастури Ўзбекистонни барқарор ривожлантиришнинг жорий стратегик ҳужжати ҳисобланади ва у БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалиётга татбиқ этиш бўйича миллий кўрсаткичларга эришишга йўналтирилган. Давлат дастурида 287 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни, жумладан 37 та қонун, 47 та қонуности ҳужжатни (шундан 29 таси Президент фармон ва қарорлари, 18 таси Вазирлар Маҳкамаси қарори) қайта ишлаш ва қабул қилиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси – мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органи – жаҳон парламент ҳамжамиятининг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Миллий паламент вакиллари Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси фаолиятида ва бошқа халқаро парламентлараро форумларда иштирок этади.
Ўзбекистон парламенти ушбу ташкилотларнинг қарорларини тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Бундай яқин амалий ҳамкорлик орқали тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича парламентлараро мулоқот ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Парламентимиз ўз ишида қонун ижодкорлиги билан бир қаторда, асосий эътиборни назорат фаолиятига, хусусан парламент эшитувларини амалга ошириш, бюджетни назорат қилиш, “ҳукумат соати”, депутат сўрови, шунингдек, сайловчилар билан мунтазам учрашувлар ташкил қилиш ва фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқишга қаратаётир.
Халқ сайлаган ҳокимият органлари – миллий парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг роли ҳамда аҳамияти кейинги даврда тубдан ўзгарди. Парламентлараро иттифоқ тавсияларига мувофиқ Олий Мажлиснинг, сиёсий партияларнинг ваколатлари кенгайтирилди.
Юртимизда парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланмоқда. Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар раҳбарлари томонидан парламентга ҳамда маҳаллий Кенгашларга ҳисобот ва ахборот тақдим этиш тартиби жорий этилди.
Ҳукумат аъзоларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича қонунчилик чоралари қабул қилингани алоҳида диққатни тортади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари Бош вазирнинг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Парламент, шунингдек, тегишли йил бўйича Давлат дастурининг амалиётга татбиқ этилишини ўрганади. Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг чораклик ҳисоботларини ҳам кўриб чиқади.
Депутат ва сенаторлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича вазиятни ўрганиш ҳамда долзарб муаммоларни бартараф этишда манзилли ёрдам кўрсатиш учун мунтазам равишда ҳудудларга сафар қилишади. Бу каби барча чора-тадбирлар, шубҳасиз, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратиллган.
Замонавий шароитда парламент фаолиятидаги янгиликларни алоҳида қайд этиш жоиз. Хусусан, қонун чиқариш жараёнида кенг жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиётидан фойдаланиш ҳамда интернет ва “Mening fikrim” ижтимоий тармоғи орқали жамоат эшитуви механизмини амалда қўллаш қонун лойиҳалари сифатини яхшилашга кўмаклашмоқда.
Мамлакатда инсон ҳуқуқларининг ҳолати, фуқаро ҳуқуқларининг алоҳида тоифаларини таъминлаш бўйича “йўл харитаси”, инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги маърузани парламент палаталари томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилди. Бу ҳам парламент аъзоларининг янги Ўзбекистондаги янгича талаблар бўйича ишлаши учун муҳим туртки бўлди.
Маълумки, Олий Мажлис палаталари БМТнинг шартномавий қўмиталари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ доирасидаги тавсиялари ижроси юзасидан миллий ҳаракатлар дастурини (“йўл харитаси”ни) қабул қилади. Бундай самарадор тартиб Парламентлараро иттифоқ тавсияларига жавобан татбиқ этилган.
Глобал мақсадлар сифатида маълум бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари қашшоқликни тугатиш, сайёрамизни ҳимоя қилиш, шунингдек, барча инсонлар учун тинчлик ва фаровонликни таъминлаш бўйича ҳаракат қилишга ундайдиган чақириқ ҳисобланади. Бу муҳим халқаро ҳужжат, таъбир жоиз бўлса, инсонийлик ва инсонсеварликдан бонг урадиган “жаҳоний қўнғироқ” демакдир.
Барқарор ривожланиш мақсадлари БМТга аъзо барча мамлакатлар қатори Ўзбекистон томонидан ҳам 2015 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган. У 2030 йилгача бажарилиши керак бўлган 17 мақсад ва 169 та вазифани ўз ичига олади. Ҳужжат ижроси натижалари қарийб 200 та мезон ёрдамида ўлчанади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, парламент давлат ва халқ ўртасидаги муносабатлар барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Парламент қўмиталарининг назорат функциясидан самарали фойдаланиш БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Ушбу назорат парламент аъзоларига қонунчиликни ривожлантириш, сиёсатни амалга ошириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан боғлиқ барча ҳолатларга холис баҳо бериш имконини тақдим этади.
Демократик ўзгаришлар ва мамлакат модернизациясида янги босқични бошлаб берган Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларини амалиётга татбиқ этиш бўйича асосий “йўл харитаси” ҳисобланади.
2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ кун тартибини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан худди шу даврга мўлжалланган барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифалари қабул қилинди. Бу ҳужжат барқарор ривожланишнинг 16 та миллий мақсади ва 127 вазифани ўз ичига олган.
Ушбу муҳим вазифалар иқтисодий, ижтимоий ва экологик йўналишлар билан бевосита алоқадордир. Масалан, иқтисодиёт ва ҳаёт фаолияти соҳасида 2030 йилгача Ўзбекистонда кам таъминланганлик даражасини сезиларли пасайтириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот миқдорини сезиларли ошириш, шунингдек ёшлар ўртасида ишсизликни қисқартириш кўзда тутилган.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг миллий индикаторларини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди, “йўл харитаси” қабул қилинди. Ҳукумат аъзолари “парламент соати” ва парламент эшитувларида Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилиши тўғрисида мунтазам ахборот бериб бормоқда.
Ҳозирги вақтда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Миллий маърузаси тайёрланмоқда. Миллий маъруза Олий Мажлис палаталарига ҳамда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига (ЭКОСОС) тақдим этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Парламентлараро иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг “Парламентлар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари” номли қўлланмаси ўзбек тилида нашр этилди ва парламент аъзоларига тарқатилди.
Шундай қилиб, Барқарор ривожланиш мақсадлари – бу барча давлатлар учун инсонларнинг фаровонлигини яхшилаш, атроф-муҳитни ва биологик хилма-хилликни асраш мақсадида жаҳондаги иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни кенг қамровда яхшилашга қаратилган глобал чақириқдир.
Бу жараёнда нафақат ижро этувчи ҳокимиятнинг фаол иштирок этиши, балки парламент ҳам устувор ўрин тутиши Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий шарти ҳисобланади. Шунинг учун ҳақиқий демократия дарсхонаси сифатида Олий Мажлис узоқ муддатли Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг асосий ташаббускори сифатида майдонга чиқиши ҳам фарз, ҳам қарздир.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 27.04.2020
- Кўришлар: 4341
- Чоп этиш