Марказ ходимлари – болалар ҳузурида

20 ноябрь – Жаҳон болалар куни муносабати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари иштирокида жойларда турли ҳуқуқий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Шундай учрашувлардан бири Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 5-сон ўрта таълим мактаби ўқувчилари билан ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ойбек Аҳмадов тадбирга тўпланган ўқувчиларни Жаҳон болалар куни билан табриклади. Болаларга ушбу халқаро сананинг таъсис этилиши тарихи, шунингдек БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Бола ҳуқуқлари декларациясининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда болаларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро миқёсда кафотланган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат энг кўп ратификация қилинган инсон ҳуқуқлари шартномаси ҳисобланади. Бугунги кунда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига 196 та давлат қўшилган. Мамлакатимиз мазкур Конвенцияни 1992 йили ратификация қилган.

Учрашув давомида мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти билан боғлиқ саволлар ҳам беришди. Саволларнинг аксарияти бола ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш борасида Марказ ходимлари томонидан қандай амалий ишлар қилаётгани билан боғлиқ бўлди.

Бу ҳақда фикр юритганда, 2019 йил 22 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти қабул қилган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ушбу соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлаш лозим. Мамлакатимизда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилгани шу борадаги фаолиятнинг ижобий натижаларидандир.

Ушбу қарорни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан илгари сурилган. Бу ташаббус замирида БМТнинг Бола ҳуқуқлари конвенциясини миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсади мужассамдир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти Жаҳон болалар куни муносабати билан онлайн кўрик-танлов ўтказди. Танловда 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган  ўқувчи-ёшлар ўзларининг ижро этган энг яхши қўшиқлари, бола ҳуқуқларига доир ижод қилган видеоролик ва расмлари билан иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда "Инсон ҳуқуқлари", "Бола ҳуқуқлари" ўқув курсларини жорий этиш билан боғлиқ ишлар Марказнинг алоҳида диққат марказида турибди.

Учрашув якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан мактаб кутубхонасига беғараз асосда китоблар совға қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech