Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига жорий йилнинг биринчи ярмида 1 минг 187 та ёзма мурожаат келиб тушган. Шундан 562 таси бевосита Марказнинг ўзида, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими томонидан кўриб чиқилди.
Ўтган 6 ойда мурожаат этувчиларнинг 1 минг 800 нафардан ортиғи Марказга оғзаки мурожаат қилган. Уларнинг қарийб 950 нафарига зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Марказ раҳбарининг шахсий қабулида бўлган ва ёзма мурожаат қилган 371 нафар шахснинг мурожаатлари тегишли тартибда кўриб чиқилди. Шунингдек, шахсий қабулда бўлган 76 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 6 таси бўйича Марказнинг тегишли хулосалари тузилди. Бу мурожаатлар Марказ хулосаси билан бирга прокуратура ва суд идораларига кўриб чиқиш учун юборилди.
Марказнинг масъул ходимлари фуқароларнинг мурожаатлари асосида суд муҳокамаларида ҳам қатнашади. Хусусан, фуқаро П.Сабированинг шикояти бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида ўтказилган М.Нарзиевга оид жиноят ишининг суд муҳокамасида Марказнинг вакили иштирок этди.
Марказ масъул ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми йиғилишларида иштирок этиши ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу жараёнда мутахассисларимиз кўрилган масалалар юзасидан ўз таклифларини киритмоқда.
Жумладан, жорий йил 24 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлисида Марказ масъул ходими иштирок этди. Унда “Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорлар лойиҳалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан юборилган Олий суд Пленумининг “Суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида”ги ва “Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ажримлари тўғрисида”ги ва “Биринчи инстанция суди томонидан жиноят ишларини кўришга тайёрлаш ва муҳокама қилишда процессуал қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари ўрганилди. Бу борада Марказнинг тегишли фикр-мулоҳазаларини тайёрлаб, тақдим этдик.
Ўтган даврда мамлакат миқёсида ўтказилган семинар, конференция, давра суҳбати, ўқув машғулоти ва учрашувларда бўлим ходимлари фаол иштирок этди.
Хусусан, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида ўтказилган маърифат соатида тадбир қатнашчиларини Марказ фаолиятига доир янги маълумотлар билан таништирдик.
Отабек Норбоев,
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 13.08.2019
- Кўришлар: 6782
- Чоп этиш