ШАРҲ
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Сурия ва Ироқдаги қуролли можаролар бошланганидан бери ўтган давр мобайнида 60 дан ортиқ мамлакатнинг 50 мингга яқин аҳолиси “Ислом давлати” ва бошқа халқаро террорчилик гуруҳларига қўшилиш учун жалб қилинган.
Ҳозирги вақтга келиб мазкур террорчилик кучларининг ҳарбий ва сиёсий илдизлари қирқилган, фаол қуролли тўқнашувларга барҳам берилган бўлсада, айрим ҳудудларида ўн минглаб хориж давлатлари фуқаролари қолиб кетмоқда. Гуманитар вазият ўта мураккаб бўлган бундай жойларда қолишга мажбур бўлганларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар эканлиги жуда ачинарлидир. БМТ экспертларининг таъкидлашича, улар муттасил равишда “мажбурий меҳнатга жалб қилинган, зўравонликка, шафқатсиз муомалага учрашган”.
Шу сабабли ҳам, халқаро ҳамжамият томонидан мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида БМТнинг бу йўналишда бир нечта махсус Резолюциялари қабул қилинган. Бу ҳужжатларда, жумладан, иштирокчи-давлатлар томонидан террорчилик гуруҳлари фаолиятида иштирок этган хорижлик жангарилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий таъқиб қилиш, ўз юртига қайтариш, реабилитация қилиш ва қайта жамиятга қўшишга қаратилган халқаро ҳуқуқ нормаларига мос махсус комплекс стратегиялар, ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш тавсия қилинган.
Марказий осиё давлатлари бундай вазиятларга дучор бўлган ўз фуқароларини қайтариб келиш, уларни жамиятга қўшиш ва оилаларни тиклаш соҳасида сезиларли ижобий натижаларга эришган. 2024 йил март ҳолатига 2100 дан ортиқ минтақамиз фуқаролари махсус инсонпарварлик амалиётлари натижасида ўз юртларига қайтарилган бўлиб, уларнинг 754 нафари Қозоғистон, 511 нафари Қирғизистон, 334 нафари Тожикистон фуқароларидир.
Ўзбекистон ўз фуқароларини Сурия, Ироқ ва Афғонистондан репатриация қилишга жиддий киришган давлатлардан бири ҳисобланади. 2019 йилдан бери 5 босқичда бажарилган “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти доирасидаги ишлар натижасида асосан аёллар ва болалардан иборат 531 фуқаро қайтариб келинган.
Асосий қисми аёллар ва болалардан иборат бўлган бундай шахслар БМТ ҳужжатларида тавсия қилинган тартибда кўчирилганидан сўнг, тегишли реабилитация жараёнини ўташган. Шундан сўнг уларни оила бағирга ва жамиятга қайта қўшилишига қаратилган аниқ чора-тадбирлар кўрилган. Уларнинг тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши, болаларнинг боғчага жойланиши ва мактабга қатнаши учун имкониятлари яратилган. Шу билан бирга, кўплаб қайтариб келинган шахсларга манзилли ижтимоий кўмак берилган, шахсий тадбиркорликни бошлаш учун маблағлар ажратилган, олий ўқув юртларида ўқиши учун таълим кредитлари ажратилган.
Халқаро ҳуқуқда ҳар бир давлат ўз фуқароларининг қаерда бўлиши, содир этган ҳуқуқбузарлиги ёки жиноятидан қатъий назар, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти белгиланган. Ўзбекистон қуролли можаролар ҳудудларига бориб қолган ўз фуқароларига биринчи навбатда жабрланувчи ва қурбонлар сифатида қараши, “Меҳр” амалиёти доирасидаги чора-тадбирлар инсонпарварлик намунаси сифатида ифодаланиши, матбуот воситаларида ҳам шу тарзда ёритилиши қайтарилган шахсларнинг жамиятда қайтадан ўз ўрнини топишига кўмаклашмоқда.
Маълумки, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 2021 йил июлдаги 47-сессиясида Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини қуролли можаролар ҳудудидан қайтариш дастури ва бу соҳадаги ижобий ишлар фуқаролари ҳозиргача Сурия, Ироқ сингари ҳудудларда қочқин мақомида бўлган бошқа давлатлар учун ҳам намуна сифатида хизмат қилиши мумкинлиги эътироф этилган эди.
БМТнинг махсус маърузачиси Фионнуала ни Аолайн ҳам 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида юқоридаги фикрларга қўшилган. У Ўзбекистонда юзлаб аёллар ва болаларни Сурия ҳамда Ироқ ва Афғонистондаги жанг майдонларидан олиб чиқиш ва Реинтеграция қилиш бўйича амалга оширилган “Меҳр” амалиётига юқори баҳо берган. Халқаро мутахассис “Оила бирлиги ва жамиятни қўллаб-қувватлашига асосланган ўзбек модели репатриация қилиш, бола манфаатларини ҳимоя қилиш, қайтарилган аёлларни самарали Реинтеграция қилиш бўйича энг яхши амалиётнинг намунаси” деб таъкидлаган.
Шу маънода, 14 май куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Қуролли можаролар ҳудудларидан қайтарилганларни реабилитация ва Реинтеграция масалалари бўйича Марказий осиё Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши кўпчиликнинг диққатини тортмоқда. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази сингари нуфузли халқаро ташкилотлар иштирокида ташкил этилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган мазкур Минтақавий кенгаш Марказий Осиё давлатлари учун умумий бўлган долзарб муаммоларни ҳал этишда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожланишига хизмат қиладиган ўзига хос таҳлилий марказ ва амалий ҳаракатлар майдони бўлиб қолади.
Анвар Эминов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
Маркази эксперти
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1861
- Чоп этиш