Тошкентда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум бошланди.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари ҳамда БМТ, ЕХҲТ ДИИҲБ, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, хорижий ва миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Тадбирни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева очиқ деб эълон қилди.
Сенат раиси гендер тенгликни таъминлаш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари бутун дунёда ўз долзарблигини йўқотмаганини таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас, чунки гендер тенгликка эришиш ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш жамият ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор тараққиётга эришиш учун асосий пойдевор яратиб беради.
Мазкур йўналишдаги самарали сиёсат умр кўриш давомийлиги, таълим сифати, бандлик ва, умуман, ривожланишнинг белгиланган кўрсаткичларига эришишга кўмаклашади. Айнан шу сабабли
Ўзбекистонда бу масалалар давлатимизнинг доимий диққат марказида.
Жорий йилда бу йўналишда муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатида эса Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолият бошлади. Гендер тенгликни таъминлаш бўйича сезиларли қадамлар қўйилди. Шу мақсадга қаратилган қонунлар қабул қилиниб, давлат бошқарувида хотин-қизларнинг ўрнини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда.
Бироқ, мамлакатда хотин-қизлар аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этишига қарамай муҳим қарорлар қабул қилинишида уларнинг ўрни ҳали етарли эмас. Давлат бошқарувида хотин-қизлар салмоғи ҳамон камлигича қолмоқда.
Халқаро анжуманнинг очилишида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, Халқаро Миграция ташкилоти вакили Аргентина Сабадош, ЮНФПА вакили Алана Армитаж, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар берди ЎзА.
Форум доирасида халқаро экспертлар ҳамжамияти вакиллари жамият ва давлатни бошқаришда хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар манфаатларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари билан танишди.
Хавфсиз меҳнат миграциясини тартибга солиш ва таъминлаш, одам савдосига қарши курашиш, мазкур турдаги трансчегаравий жиноятлар қурбони бўлган шахсларни, шу жумладан хотин-қизлар ва ёшларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳам Ўзбекистон Республикаси сўнгги уч йилда катта натижаларга эришгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Минтақада ягона бўлган ва давлат томонидан тўлиқ молиялаштириладиган Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази фаолият кўрсатмоқда.
Форум сессияларида экспертлар гендер тенгликни таъминлаш, ёшларнинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, меҳнат мигрантлари манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(ЎзА фотосуратларидан фойдаланилди)
- Қўшилди: 28.11.2019
- Кўришлар: 5236
- Чоп этиш