Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар, дейилади parliament.gov.uz хабарида.
Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасида фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат килиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида Конституциявий суд ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, Конституциявий суд ишларини юритиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш масалалари аниқ қилиб белгиланмоқда.
Маълумот учун: Ҳозирги вақтда Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан тартибга солинади. Аммо, Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилган.
Аксарият мамлакатлар Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидаларни Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки, иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим.
Бундан ташқари конституциявий суд ишларини юритиш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишни тақозо этадиган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.11.2020
- Кўришлар: 4030
- Чоп этиш