2020 йил 6 октябрь куни шу мавзуда халқаро онлайн-семинар бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида ташкил этилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Парламентлараро Иттифоқ, Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Халқаро онлайн-семинарни ўтказишдан мақсад - қийноқларнинг олдини олишда парламент ролини оширишдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Парламентлараро Иттифоқнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича дастурлари раҳбари Рожер Хузенга, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Хелена Фрейзер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон Макгрегор онлайн анжуман иштирокчиларини қутлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Халқаро экспертлар, жумладан, Парламентлараро Иттифоқ вакили Илья Новиков, Бристол университетининг Инсон ҳуқуқларини амалга ошириш маркази катта илмий ходими Дебра Лонг (Буюк Британия), БМТ Қийноққа қарши кичик қўмитаси раисининг ўринбосари Виктор Захария, БМТ Қийноққа қарши қўмитасининг собиқ аъзоси Георгий Тугуши, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маслаҳатчиси Лаура Жефри сўзга чиқди. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакилларининг маърузалари тингланди.
Тадбирда дунё бўйлаб ҳар йили минглаб инсонлар сабабсиз қийноқлар оқибатида жабрланаётгани ташвиш билан қайд этилди. Жабрдийдалар асосан маҳкумлар ва қамоқда сақланаётганлардан иборат бўлиб, улар орасида ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарлидир.
Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилган. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир ўз халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Хорижий экспертлар эътироф этганидек, ушбу ҳужжат жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, қамоққа олинган, шунингдек маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш бўйича комплекс норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қулай замин яратди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ўз халқаро мажбуриятларини бажариш доирасида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига бешта маъруза тақдим этди. Мамлакат делегацияси 2019 йил ноябрь ойида БМТ Қўмитасининг қийноқларга қарши 68-сессияси ишида иштирок этди. Сессияда БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди. Бу борада Қўмитанинг Якуний хулосаси ва тавсиялари берилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси парламент назоратини мустаҳкамлаш ва қонун ижодкорлиги фаолиятини ривожлантириш борасида муҳим қадамлар қўйди. Натижада мамлакат ҳуқуқий пойдеворини янада мустаҳкамлаш учун яхши шароитлар юзага келди.
Энг аввало, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича вазифаларни бажариш учун илғор хорижий тажриба муваффақиятли жорий этилмоқда. Парламентнинг бу борадаги асосий ютуқлари сифатида:
биринчидан, БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини бажариш бўйича "Йўл хариталари"ни қабул қилиш;
иккинчидан, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятининг миллий институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
учинчидан, БМТнинг шартномавий органларига тақдим этиш учун миллий маърузалар тайёрлаш бўйича маслаҳатлашувларда иштирок этиш;
тўртинчидан, БМТ тадбирларида, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда Ўзбекистон Миллий ҳисоботини кўриб чиқишда иштирок этиш билан боғлиқ самарадор фаолиятини таъкидлаш ўринлидир.
Айни пайтда БМТ шартномавий органлари тавсияларини бажариш бўйича бир қатор "Йўл хариталари" амалга оширилмоқда.
Парламентлараро Иттифоқ вакили И.Новиков таъқидлаганидек, Парламентлараро Иттифоқ сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган муҳим ўзгаришларни ижобий қайд этмоқда. Хусусан, қийноқларга қарши курашиш ва халқаро тавсияларнинг бажарилишига доир натижалар жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида эътиборига сазовор бўлди.
Бристол университетининг Инсон ҳуқуқларини амалга ошириш маркази катта илмий ходими Д.Лонг қайд этганидек, БМТ Қўмитасининг Якуний хулосалари 70 банддан иборат бўлиб, унда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қийноқларнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларга баҳо берилган. Ҳужжатда, шунингдек Қўмитанинг ушбу соҳадаги вазиятни янада яхшилаш бўйича тавсиялари ўз аксини топган.
Ўз навбатида, БМТ Қийноққа қарши кичик қўмитаси раисининг ўринбосари В.Захария Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида суд-ҳуқуқ соҳасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини олқишлади. Унинг фикрича, Миллий превентив механизмни ривожлантиришга оид халқаро ҳужжатларнинг хорижий мамлакатлар амалиётидаги ижроси ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини умумлаштириш ва иштирокчи давлатлар ваколатли идоралари томонидан қийноқларга солиш ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи Миллий превентив механизм вазифасини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш жуда муҳимдир.
Шунингдек, анжуман давомида Олий Мажлис томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш, қийноқларнинг олдини олиш соҳасида қонунчилик ижросини таъминлаш бўйича таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини фаол амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи бажарилаётгани таъкидланди.
БМТнинг Қийноққа қарши қўмитасининг собиқ аъзоси Г.Тугуши инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон эришаётган амалий натижаларни эътироф этди. Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилиниши мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш каби устувор вазифалар белгилаб олингани диққатга лойиқдир. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёнинг 50 етакчи мамлакати қаторига кириш учун интилмоқда.
Айниқса, Г.Тугуши мамнуният билан таъкидлаганидек, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга, шунингдек қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш ва БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилиши масалалари Миллий стратегиянинг ушбу соҳадаги асосий устувор вазифалари эканлиги эътиборга моликдир.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг қийноқлар олдини олиш бўйича маслаҳатчиси Л.Жефри таъбири билан айтганда, мазкур халқаро семинар қийноқларнинг олдини олиш бўйича парламент ролини ошириш ва қонунчилик базасини такомиллаштириш тўғрисида мунозара ўтказиш нуқтаи назаридан долзарб аҳамиятга эга.
Халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистон бу борада кейинги даврда қуйидаги йўналишларда қўлга киритган ижобий натижалар:
- процессуал қонунчиликни бузган тақдирда, шу жумладан қийноқлар ёки психологик ва жисмоний босимни қўллаш орқали олинган далиллардан фойдаланишни тақиқлаш, далилларни сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш;
- "Хабеас корпус" институтини қўллаш кўламини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш;
- қийноқлар олдини олиш бўйича Миллий механизм яратиш;
- гендер тенглиги ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши қонунлар қабул қилинганлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида халқаро экспертлар Ўзбекистон томони билан амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди. Бунда, анжуман иштирокчилари эътибор қаратганидек, хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, Миллий превентив механизм доирасида қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш айниқса муҳим аҳамият касб этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.10.2020
- Кўришлар: 4040
- Чоп этиш