Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижроси доирасида яна бир муҳим натижага эришилди. 2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Янги Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилиши эътиборга олинса, мазкур Қонуннинг долзарблиги ва аҳамияти яққол намоён бўлади.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун мамлакатимизнинг юқоридаги тоифага мансуб вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалашга хизмат қилади, дейилади senat.uz сайти хабарида.
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳозирда амалда бўлган қонун ҳужжатларига солиштирганда бу тоифа ҳамюртларимизга қатор янги имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратмоқда.
Қонун 2021 йил 17 январдан кучга киради. Ҳужжат 2008 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ўрнини босади.
Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади. Хусусан, эндиликда мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади.
Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади.
Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилади.
Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, хусусан, уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади.
Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.
Мазкур Қонунни ишлаб чиқишда БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” қоидалари, шунингдек, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Озарбайжон, АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Швейцария каби 10 дан ортиқ хорижий давлатларнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига оид қонунлари ўрганилган.
Маълумот учун: Миллий стратегияда жами 33 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу ўринда 20 та янги қонун лойиҳалари, мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 4 та қонун лойиҳаси ва амалдаги 9 та қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.10.2020
- Кўришлар: 4290
- Чоп этиш